BBC navigation

УзАСИнинг номи ўзгаргани МТСу-Телиасонера можароларининг оқибатими?

Сўнгги янгиланиш 28 октябр 2012 - 16:14 GMT

Энди Ўзбекистонда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси бўлади.

Ўзбекистонда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги деб номланиб келган идора номини ўзгартиришга қарор қилинган.

Кўпчилик русча номи УзАСИ деганда яхшироқ тушунадиган республика миқёсидаги структура номи бундан кейин Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси деб аталади.

Ўзбек расмийларига кўра, бу ўзгартиришнинг сабаби - мамлакатда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини бошқаришни янада такомиллаштиришдир.

Ушбу ўзгартиришлар шу йил бошидан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш идораси юзма-юз келган можаролар ортидан юз бермоқда.

Шу йил апрелида Ўзбекистоннинг мобил алоқа бозоридаги йирик ўйинчи "Уздунробита" раҳбари Беҳзод Аҳмедовнинг мамлакатдан қочгани хабари тарқалди.

"Уздунробита" Россиянинг МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси ва МТС Ўзбекистоннинг УзАСИ идораси томонидан ўзининг шўъба корхонасига қонунга зид босимлар бўлаётганидан шикоят қилди.

МТС ўзининг Ўзбекистондаги бизнесини бу мамлакатдаги "қудратли кучлар" ўзлаштириб олмоқчи бўлаётгани ҳақида баёнот тарқатди, бу иш УзАСИ қўли билан қилинаяпти, деб кўрилди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги "Уздунробита"ни ноқонуний амалларга қўл урганликда айблади, июн ойида бир кунда 9 ярим миллион мижознинг мобил алоқасиз қолдиришни ҳам "Уздунробита"нинг қилмиши деб тушунтирди.

Ўзбек маҳкамаси бу агентликнинг МТСни мобил алоқа хизмати кўрсатиш лицензиясидан маҳрум қилиш аризасини ҳам қондириб берди.

Шу кунларда эса МТСнинг яна Ўзбек бозорига қайтиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар қулоққа чалиниб қолди.

МТС ва УзАСИ ўртасидаги можаро авжида Швеция журналистлари Ўзбекистоннинг Алоқа ва ахборотлаштириш идораси номи билан боғлиқ яна бир фактни оммага ошкор қилдилар.

Ўзбекистонда мобил алоқа хизмати кўрсатиш ҳуқуқини мамлакат қонунчилигига биноан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш идорасининг бериши талаб қилинади ва Швециянинг Телиасонера ширкати бундай лицензияни қўлга киритиши учун Ўзбекистонда эмас, Гибралтарда рўйхатга олинган Такилант ширкатига 2,2 млрд швед кронаси ёки 337 миллион АҚШ доллари миқдорида пул тўлагани аён бўлди.

Швецияда Телиасонера ширкатининг 2007 йилда Ўзбекистонда Ucell ширкатига асос солиши қонуний бўлганми-ноқонунийлигини текшириш бошланган.

Алоқа ва ахборотлаштириш идорасининг раҳбари кўп йиллар мобайнида Абдулла Орипов бўлган, кейинроқ у Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари сифатида мамлакатдаги алоқа, интернет ва шунга ўхшаш соҳаларни бошқарган.

Ҳукумат доираларига яқин "Узметроном" интернет саҳифаси ўз манбаларига таяниб, август ойида УзАСИнинг собиқ раҳбари Абдулла Ориповга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабар тарқатган.

Ҳозир Францияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, МТС ва Телиасонералар билан боғлиқ можаролардан кейин ушбу идора номини ўзгартиришдан Тошкентдаги амалдорлар икки мақсадни кўзлаганлар.

Бири, бу ноқонуний амалларни коррупцияга ботган катта амалдорлар содир этганлар, деб тушунтириш, иккинчиси ҳукуматнинг Ўзбекистонда кучли информацион тизим яратиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Нега УзАСИ давлат қўмитасига айлантирилди?

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг давлат қўмитасига ўзгартирилиши ортида қандай мақсад ва сабаблар ётган бўлиши мумкин? Таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан суҳбат.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.