BBC navigation

"TeliaSonera иши Ўзбекистонга боғлиқ ягона шубҳали иш эмас"

Сўнгги янгиланиш 29 октябр 2012 - 14:16 GMT

Швед журналистларига кўра, "TeliaSonera" Ўзбекистондаги модалар уйи соҳиби ва поп юлдуз каби бизнес ҳамкорлари шубҳали эканини билган.

Швед хабар агентлиги мухбири Швецияда жойлашган Скандинавиянинг йирик TeliaSonera мобил ширкати ва Ўзбекиcтон ўртасидаги олди-бердилар "мунтазам равишда" содир бўлган ҳолатнинг бир қисми эканини ошкор қилишган.

Швед журналистлари Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган шахслар кўп миллионли халқаро мобил шаркатларидан бойишган, дея даво қилишмоқда.

Улар қўлга киритган ҳужжатларда Россиянинг "Вимпелком" компаниясида йирик ҳиссага эга бўлган Норвегиянинг "Telenor" ширкати ҳам Гулнора Каримовага яқин бўлган шахсларга тегишли "Takilant" ширкати билан бирга ҳамкорлик қилгани яққол кўзга ташланади.

Би-би-си швециялик журналист Ола Вестерберг билан боғланиб, ундан "TeliaSonera" ширкати ва Ўзбекистон томони ўртасидаги "мунтазам" олди-берди нималарда намоён бўлишини сўради.

Вестерберг: Биз ўтказган журналистик текширув жараёнида "TeliaSonera" ширкатининг ўзбек томони билан олди-бердиси шаффоф бўлмаганини, Каримов режимига яқин бўлган шахслар халқаро мобил телеком соҳасининг камида уч ширкатидан бойишганини аниқладик. Яъни, бу шахслар халқаро сармояларни Ўзбекистонга киритишда мунтазам равишдаги тизимни ўрнатганлар. Бизнинг тадқиқотимизга кўра, "TeliaSonera"нинг бизнес шериги - "Takilant" Россиянинг бошқа, "Вимпелком" номли йирик мобил телефон компаниясининг ҳам шериги бўлган, яъни Россия ва Норвегия ўртасидаги қўшма корхонанинг ҳиссадори бўлган. Норвегия ҳукумати Telenor ширкатида эллик фоиздан ортиқ ҳиссаларга эга. Учинчи ҳол, бу Россиянинг "МТС" ширкати билан боғлиқ. 2004 йилда "МТС" "Уздунробита" ширкатини сотиб олганида, ўзбек томонидан "Swissdorn" деб ном берилган ширкат кейинчалик МТСга сотиш шарти билан "Уздунробита" ҳиссаларининг 26 фоизини сотиб олган. Шуниси қизиқки , "Swissdorn"нинг расман рўйхатдан ўтган манзили Гибралтардаги "Takilant" ширкатининг манзили билан бир хил. Солиқлардан холи бўлган Гибралтардаги "Swissdorn" ширкатининг раҳбари деб Рустам Мадумаров кўрсатилган. У, ишонишларича, Гулнора Каримованинг энг яқин одамларидан бўлиб, "Дадо" поп-гуруҳининг мусиқачисидир. Яъни, у телеком бизнесини бошқариш учун мос шахс эмас.

Би-би-си: Лекин, қўлингизда кучли, ишончли даллилар борми? Сиз бундай иддаоларни ўртага ташлашдан олдин қандай даллиларга эга бўлдингиз?

Вестерберг: Бу иддаолар эмас, назаримда. Биз хорижий ширкатлар Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланаётганларида улар билан ишлайдиган мунтазам фаолият юрғизувчи тизимни аниқладик. Бу бир неча ҳолда кўринади. Гулнора Каримовага яқин бўлган шахслар Гибралтарда кичик бир почта манзилига эга бўлиб, бизнес юритишган. Биз қўлга киритган янги ҳужжатларда кимлар қайси ширкатларга эгалик қилаётганлари акс этган. Ҳар қандай киши ширкатларнинг йиллик ҳисоботларини кўздан кечириб, ким ва қайси шахс ёки ширкат ортида нима ёки ким турганини тушуниши мумкин. Биз "Вимпелком"нинг йиллик ҳисоботида аниқ-таниқ номи ёзиб қўйилган "Takilant" ширкати ҳамда "Swissdorn" компаниясининг "ҳиссадорлар"и рўйхатини кўлга киритдик.

Би-би-си: Лекин, бу ҳаракатларда сиз қандай криминал жиҳатларни кўрдингиз? Яъни, экспертлар бу олди-бердиларни қандай баҳолашяпти?

Вестерберг: Албаттаки, маҳкама ўзининг ҳукми ё қарорини чиқармаган. Ва биз журналист сифатида фактларни топиб, уларни таҳлил қилиб, ўз фаолиятимизни юритаяпмиз, холос. Бироқ коррупция ишларида анчагина тажриба ортган собиқ терговчи, ҳозирда эксперт Ларс Хаммарнинг айтишича, бундай "фаолият"нинг мунтазам равишда содир бўлгани катта шубҳаларни уйғотади. Унинг сўзларига кўра, "TeliaSonera"нинг Ўзбекистонда ҳамкорлик қилмоқчи бўлаётган шериги борасида шубҳалари бўлган бўлса ҳам, "TeliaSonera" гардкам иш кўришга қарор берган, деган тасаввур ҳосил бўлиши мумкин.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар


Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.