BBC navigation

"Фаровонлик индекси": Ўзбекистон Россиядан олдинда...ми?

Сўнгги янгиланиш 31 октябр 2012 - 15:24 GMT

Легатум Ўзбекистонни иш топиш имкони ва фуқаро эркинликлари бўйича энг қуйи ўринларга қўйган

Лондонда жойлашган "Легатум институти"нинг 2012 йилги индексида Ўзбекистон 64-ўринни эгаллаган.

Дунёдаги 142 давлатда моддий бойлик ва хусусий фаровонлик даражасини ўрганган "Легатум" бу йилги рейтингида Ўзбекистонни Қозоғистондан кейин (46), аммо Россиядан олдинга (66) қўйган.

"Фаровонлик индекси" давлатларни саккиз тоифага кўра баҳолайди.

Булар-иқтисод, таълим, тадбиркорлик ва имконият, бошқарув, соғлик, шахсий эркинлик, хавфсизлик ва ижтимоий капитал.

Ўтган йилларда Ўзбекистон "Легатум"нинг "Фаровонлик индекси"да давомли пастлаб келган.

Олдинги йилларда Ўзбекистн бу индексда давомли пастлаб келган эди, аммо бу йил бирданига 12 поғона юқорига кўтарилган.

Хўш, ўтган бир йил ичида Ўзбекистонда нима ўзгарди?.

Би-би-си "Легатум институти"дан Нэтен Геймстар билан боғланиб, аввалига "Фаровонлик индекси" қандай меъзонларга асослангани ҳақида сўраган.

Нэтен Геймстар: Биз фақат иш ҳақлари ёки иқтисодий ўлчовлар билан чекланиб қолмаймиз. Чунки фаровонлик фақат пул билан ўлчанмайди. Биз қуйидаги саккизта омилга эътибор қаратамиз: иқтисод, таълим, тадбиркорлик ва имконият, бошқарув, соғлик, шахсий эркинлик, хавфсизлик ва ижтимоий капитал.

Би-би-си: Сизлар ўзингиз мустақил тадқиқот олиб борасизми ёки ҳукумат берган расмий рақамлар асосида хулоса чиқарасизларми?

Нэтен Геймстар: Биз дунё бўйича эътироф этилган маълумот манбаъларидан истифода қиламиз. Жумладан, Жаҳон Банки, Жаҳон соғлиқ ташкилоти маълумотлари, шунингдек, Gallup омма сўрови маркази ўтказган тадқиқот натижаларидан фойдаланганмиз. Сиз биласиз, Gallup дунёдаги энг нуфузли ижтимоий сўров манбаъларидан ҳисобланади.

Би-би-си: Аммо сиз санаб ўтган манбаълардан иккитаси- Жаҳон Банки ва Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати берган расмий рақамлар асосида иш кўради. Шундай экан, бу рақамлар асосида чиқарилган рейтинг қанчалик ишончли, деб айта оласиз?

Нэтен Геймстар: Гапингиз тўғри, Жаҳон банки сингари ташкилотлар ҳукуматлар берган рақамлардан фойдаланишади. Аммо уларнинг статистик рақамларни баҳолашда қўллайдиган ўз андозалари бор. Яъни бу рақамлар текширилади. Шунинг учун биз рақамларни тўғридан-тўғри ҳукуматлардан эмас, балки Жаҳон Банки ёки Халқаро Валюта Жамғармаси каби ташкилотлардан олишни афзал кўрамиз. Чунки айрим ҳукуматлар юритадиган ёки берадиган статистик рақамлар халқаро андозаларга тўғри келмайди.

Би-би-си: Аммо Россияга иш излаб бораётган миллионлаб ўзбекистонликлар сизнинг индексингиздан ҳайратга тушишлари мумкин. Яъни Ўзбекистонда ҳаёт Россиядагидан яхши экан-да, деган тасаввур ҳосил бўлмайдими? Бу индексни, дейлик, ватанидан узоқда, оғир шароитларда пул топишга мажбур бўлаётган ўзбекларга қандай тушунтирасиз?

Нэтен Геймстар: Ўзбекистонни бу йил 64-ўринга қўйдик. Аммо мен юқорида тилга олган субиндексларнинг ҳаммаси бўйича ҳам Ўзбекистон бу каби юқори ўринда эмас. Масалан, бошқарув соҳасида Ўзбекистон 142 давлат ичида 116-ўринни олган. Бу жуда ҳам паст. Яъни бошқарувга келганда Ўзбекистон анча оқсаяпти. Умумий индексда Ўзбекистон 64-ўринни эгаллагани, яъни Россиядан олдин тургани бу мамлакатда иш топиш осон ёки турмуш даражаси Россиядан юксак, деганини англатмайди. Иқтисод субиндексида Ўзбекистон Россиядан орқада, 67-ўринда турибди. Ушбу субиндексда биз ишсизлик, турмуш даражаси сингари анъанавий иқтисодий меъзонлар билан бир қаторда фуқароларнинг иқтисод ҳақидаги қарашлари, уларнинг иш топиш умидлари ва имконларига ҳам қараймиз.

Би-би-си: Сизнинг меъзонларингиз орасида фуқаро эркинликлари ҳам бор. Бу соҳада Ўзбекистон қайси ўринни эгаллаган?

Нэтен Геймстар: Шахсий эркинликлар субиндексига биз фуқаро эркинликлари ва танлов имконияти каби тушунчаларни ҳам киритамиз. Бундан ташқари, миллий ва диний озчиликларга тоқатлилик масаласини ҳам инобатга оламиз. Бу соҳада, яъни шахсий эркинликлар соҳасида Ўзбекистон дунёда 70-ўринни эгаллаган. Фуқаро эркинликлари шахсий эркинликларнинг субиндексларидан биридир. Уни биз 7 балли тизимда баҳоладик. Ўзбекистонга фуқаро эркинликлари бўйича бир баҳо берилган. Бу фуқаро эркинликларининг аҳволи жуда ҳам ёмон, дегани.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.