BBC navigation

'Teliasonera Takilantга 4G лицензияси учун ҳам пул берган'

Сўнгги янгиланиш 5 ноябр 2012 - 10:51 GMT

Швед журналистлари даъво қилишларича, можароли Teliasonera ва Takilant ишида янги тафсилотни аниқлашга муваффақ бўлганлар.

Швециянинг Sveriges Television - SVT телеканали кундалик дастурига кўра, Швеция-Финландия мобил алоқа ширкати Teliasonera Ўзбекистонда 4G лицензиясидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш учун Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Takilant ширкатига 370 миллион Швед крони(55 миллион АҚШ доллари) тўлаган.

Швед журналистлари даъво қилишларича, Teliasoneraнинг шўъба корхоналаридан бирига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билвосита чиққан ва "ўзига кўпроқ пул кераклиги"ни айтган.

Бу ҳақда швециялик тележурналистларга мамлакатдаги телекоммуникация соҳасидаги манбаларидан бири билдирган.

Бундан олдин Швециянинг Жамоатчилик телевидениеси мухбирлари журналистик текширув ўтказганлар ва Teliasonera ширкатининг Ўзбекистондаги режимга пора берганлигини даъво қилганлар.

Швеция Жамоатчилик телевидениеси ҳужжатли филмига кўра, Ўзбекистондаги мобил алоқа тўлқинларидан фойдаланиш ва 3G лицензияси учун Teliasonera ширкати Takilantга 2 миллиард 200 миллион Швед крони тўлаган.

Teliasonera ширкати пора берганлиги айбловларини рад этган, ўзига нисбатан журналистлар илгари сураётган даъволар борасида шарҳ беришдан бош тортган.

Швед ширкатининг Ўзбекистон билан олди-бердиси оммавий ахборот воситаларининг бош сарлавҳаларига айланиши ортидан Teliasoneraнинг ижрочи директори Ларс Найберг мўлжалланган муддатидан олдин истеъфога чиқишини эълон қилган.

Бироқ ширкат жаноб Найбергнинг ўз лавозимидан кетиш қарори Ўзбекистондаги можаро билан боғлиқ эмаслигини айтган.

Швеция прокуратураси ушбу даъволар юзасидан тергов бошлаган, Takilant ширкатининг Швециядаги ҳисобларини музлатиб қўйишга қарор қилинган.

Шундан сўнг Швеция ахборот агентлиги мухбирлари ҳам ўзларининг журналистик текширувлари натижаларини эълон қилдилар.

Журналистлар даъво қилишларича, Teliasoneraнинг Takilant билан олди-бердиси биринчи шубҳали келишув бўлмаган.

Халқаро телекоммуникация ширкатларининг Ўзбекистонда фаолият юритиш ҳуқуқини қўлга киритиш интилишлари натижасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган шахслар кўп миллион долларларни қўлга киритганлар, дейишмоқда Швед журналистлари.

Журналистик текширув ўтказган мухбирлардан бири Ола Вестербергнинг Би-би-сига айтишича, Teliasoneraдан олдин Россиянинг "Вимпелком" ва МТС ширкатлари ҳам Ўзбекистонда мобил алоқа лицензиясини қўлга киритишда Takilant ва Swisdorn ширкатлари билан олди-берди қилишган, бу икки ширкат ҳам Гибралтардаги бир манзилда рўйхатдан ўтган бўлган.

Скандинавиянинг Teliasonera ширкати шу йил апрелида ҳам можаро остида қолган, бу ширкат собиқ Шўро республикалари, хусусан Ўзбекистон ва Озарбайжон жосуслик хизматларига мижозларининг телефон сўзлашувларини яширинча тинглашларига изн берган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.