BBC navigation

МТС Ўзбекистонга яна қайтадими?

Сўнгги янгиланиш 8 ноябр 2012 - 17:09 GMT

МТС билан боғлиқ можаролар июл ойидан буён давом этади.

8 ноябр куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари маҳкамаси аппеляция кенгаши МТСнинг шўъба корхонаси "Ўздунробита" борасидаги шикоятини қисман қондирган.

Тошкентдаги маҳкама Ўзбекистон учун кутилмаган, МТС ширкатига қарашли ҳиссаларни давлат фойдасига ўтказиш қарорини бекор қилган.

Бунинг эвазига МТСдан давлатга саккиз ой мобайнида 600 миллион доллар маблағ тўлаш талаб этилади.

Бироқ "Ўздунробита"нинг тўрт ходимига нисбатан чиқарилган шартли қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилган.

" Аппеляция ҳайъати бизнинг шикоятимизни қайтадан кўриб, ширкатнинг талабларига қисман эътибор берилганидан қониқдик. Ушбу ўзгаришлар вазиятни ўзаро келишув йўли билан яхши томонга ўзгартириш ва масалани кўриб чиқиш имконини беради",- деб айтган МТСнинг расмий вакили Андрей Дубовсков.

Аппеляция ҳайъатининг қарори 2012 йил 8 ноябрда кучга киргани тасдиқланади.

Ўзбекистондаги ва Россиянинг бир нечта интернет нашрлари бу ҳақда хабар тарқатишганди.

Бу борада маҳкама аппеляция кенгаши олдидан ва кейин МТС вакиллари билан боғланганимизда, ҳозир бу борада кенгроқ изоҳ беролмасликларини айтишди.

"Биз маҳкама бизнинг талабларимизни қисман қондирганидан мамнунмиз. Ва ушбу қадамни биз ижобий қадам сифатида баҳолаймиз. Биз буни ўртада келиб чиққан келишмовчиликни ўзаро констируктив йўлда ҳал қилиш томон қўйилган қадам, дея баҳолаймиз. Биз Тошкентдаги маҳкаманинг кечаги аппеляция қарорининг матнини кутаяпмиз. Бу матн билан яқиндан танишиб чиққанимиздан кейин биз маслаҳатлашамиз",- дейди Би-би-си билан қисқа суҳбатда Москвадаги МТС вакили Елена Кохоновская.

"Тошкентдаги маҳкама MTC Ўзбекистон бюджетига 600 миллион доллар тўлаши керак, деган қарор қабул қилган? Бунга ширкатнинг муносабати қандай?"деган саволимизга Кохоновская хоним ҳозир изоҳ беролмаслигини, ҳужжатлар етиб келгач, вазиятни ўнглаш бўйича кейинги юридик қадамлар кўриб чиқилишини билдирди.

Маҳкама қарори ўзгариши нимани англатади?

Аппеляция йиғилиши ҳақида дастлаб хабар берган "Ўзметроном" сайтининг раҳбари Сергей Ежковга кўра, МТС нинг шикояти қисман қондирилгани ҳам маҳкамага талуқли барча жараёнлар тугагач, ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолияти яна тикланиши мумкинлиги ҳақида баъзи тахминларни уйғотади.

"Ўйлайманки, кечаги маҳкама қарори Ўзбек томони билан МТС ширкати вакиллари ўртасида охирги ойларда кечган узоқ музокараларнинг натижасидир. Ҳар қандай хўжалик можаросида буткул тоза ёки буткул нотоза томонлар бўлмайди. Ҳар қандай ишда хато-камчиликлар бўлади, нималардир қонунга тўғҳри келмаган бўлади. Бошқа ҳар қандай мамлакатдаги фаолиятда бўлгани сингари Ўзбекистондаги бизнесда ҳам бундай ҳолатларни истисно қилиб бўлмайди. Ўйлайманки, музокаралар кечган бу ойлар ўзаро бир-бирини тушуниш, ярашувга келиш маъносида самара келтирди. Бунинг энг аҳамиятлиси - Ўзбекистонда яна бир мобил алоқа оператори керак, деган фикрнинг англаб етилгани. Акс ҳолда қолганлари бундай алоқага республикада бўлган эҳтиёжни қондира олмаётганлари тушуниб етилган", - дейди жаноб Ежков.

Россиянинг бир қанча интернет нашрлари, жумладан CNews портали Гулнора Каримованинг Москвадаги квартирасининг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳукумати ва МТС ўртасидаги можароларга боғлиқ бўлиши мумкинлиги тўғрисида ёзишганди. Бироқ кейинчалик бу маълумотлар тасдиқланмади. МТС вакиллари ҳам буни рад этишган.

Тошкентдаги маҳкама қарори Москвадаги квартира можароси ҳақиқатга тўғри келмайди, деган Россия матбуоти хабар тарқатган пайтга тўғри келаяпти. Сизнингча, бу томонларнинг парда ортида олиб борган ўзаро музокараларининг бир келишувга келиши бўлиши мумкинми, сўраймиз Сергей Ежковдан.

- Йўқ. Бошидан Гулнора Каримованинг Москвадаги квартирасига ҳибс қўйилган, деган ахборот ҳақиқатга тўғрли келмаган. Агар сиз бу можарони яқиндан кузатиб бораётган бўлсангиз, на Телиасонера билан, на МТС билан юзага чиққан можароларда ҳеч жойда Гулнора Каримованинг номи келтирилгани йўқ. Шунинг учун МТС билан можаро туфайли Гулнора Каримованинг Москвадаги уйи ҳибс қилинади, деб ўйлаш бемаънилик бўлади. Ҳамма жойда Уздунробита номи келтирилган. Уздунробитага эса унинг алоқаси йўқ. Шунинг учун ўйлайманки, Россия томони бошида дезинформация тарқатган ва ҳозирга келиб, бунинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини тан олиш вақти етган, - деб айтади "Узметроном" сайти раҳбари.

МТС билан келиб чиққан можаро Ўзбекистоннинг халқаро имиджига қанчалар салбий таъсир кўрсатди? Ўзбекистонда деярли учрамайдиган маҳкама қарорини ўзгартиришга нималар мажбур қилганлиги борасида турли фикрлар айтилмоқда.

Сергей Ежковнинг фикрича, "Ҳар қандай мамлакатда ҳам ҳатто ўша мамлакат томон ҳақ бўлиб турганидаги можаро ҳам бу мамлакатнинг имиджини яхшилашга хизмат қилмаслиги аён. Лекин хурсанд қиладигани, Ўзбекистонда вазиятни реал баҳолашди. Ва улар ўзаро тушунишга, ён беришга тайёр эканларини намойиш этишди".

МТС можароси

2012 йил 17 сентябр куни Тошкент шаҳар маҳкамаси "Ўздунробита"нинг тўрт ходимини уч йиллик шартли жазога ҳукм қилиб, ширкатга тегишли мулкни давлат фойдасига мусодара қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Ўзбекистон Олий хўжалик маҳкамасида ҳам ширкат лицензияси бўйича кассация тартибида тақдим қилган шикоятни кўриб чиқиши кутилмоқда. Бундан олдин 30 октябрда белгиланган маҳкама иши нега орқага сурилгани номаълум.

Ўзбекистон мобил алоқа бозорида энг йирик ширкат бўлган МТС лицензияси йўл қўйилган ноқонуний ҳаракатлари туфайли дея, шу йил июл ойида дастлаб 10 кунга, кейинчалик 3 ойга тўхтатилганди.

Сўнгра, август ойининг бошида МТСнинг Ўзбекистонда иш юритиш учун берилган лицензияси бутунлай бекор қилинган, иқтисодий жиноятларда айбланган тўрт ходими иши маҳкамага оширилган.

Ушбу можаролар бошлангандан бери Россиянинг МТС ширкати жиноий иш атайлаб ўйлаб чиқарилганини ва бундан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги бизнесни тортиб олиш, деб айтиб келади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.