BBC navigation

'Ҳизбут-Таҳрир' ўз ғояларини етказиш учун ҳамма билан баҳс-мунозарага киришган'

Сўнгги янгиланиш 13 ноябр 2012 - 15:11 GMT

"Ҳизбут-Таҳрир" исломий фирқаси Би-би-си ҳамда Uznews.net веб-саҳифасида эълон қилинган мақолаларга муносабат билдирган.

Интернетдаги Uznews.net саҳифаси Wikileaksда сизиб чиққан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланднинг ёзишмалари асосида мақола эълон қилган.

Мақолада айтилишича, "Эрк" партияси лидерлари 20 йилдирки демократияга бел боғлаганлари ҳақида гапиришади, лекин Wikileaks номалари мухолифатчиларнинг исломий радикаллар билан қўшилишга тайёр эканликларидан далолат беради.

Uznews.net мақоласига кўра, мухолифатдаги "Эрк" партияси Бош котиби Отаназар Орипов АҚШ элчилиги ходимига ўз партияси "Ҳизбут-Таҳрир" вакиллари билан Истамбул ва Москвада учрашишга тайёрланаётганини айтган.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Орипов "Ҳизбут-Таҳрир" вакиллари билан учрашувлар бўлганини тан олди.

Унинг айтишича, мақсад исломий гуруҳларга демократия Ислом душмани эмаслигини тушунтириш бўлган.

"Ҳизбут-Таҳрир"ни террорчи ташкилот деб ҳисобламаслигини билдирган жаноб Ориповга кўра, ҳозирда бу каби мулоқот олиб борилмаяпти ва охирги учрашувлар 2006-2007 йилларда бўлиб ўтган.

Отаназар Орипов Uznews.netдаги мақола муаллифини ҳақиқатни бузиб кўрсатишда ва "исламофобия"да айблаган.

Би-би-си билан суҳбатда Uznews.net Бош муҳаррири Галима Бухарбаева ўз мақоласи "провокацион" руҳда ёзилганини рад этди.

Унинг айтишича, мақолада барча сўзлар АҚШ элчиси Норландга тегишли экани аниқ кўрсатилган ва мақолада элчи Ричард Норланд "Эрк" билан "Ҳизбут-Таҳрир" ўртасида мулоқот бўлганидан шубҳалангани ҳам айтилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати электрон почта орқали мактуб олди, бу мактубга "Ҳизбут-Таҳрир Ўзбекистон" деб имзо чекилган.

Мактуб "Uznews.net саҳифасида ва BBC аҳборот агентлигида Ҳизб ут – Таҳрир хусусидаги чоп этган мақоласига раддия" деб номланади.

Ушбу мақолада ёзилишича, "Ҳизбут-Таҳрир" Ўзбекистондаги барча кучлар билан мулоқот қилмоқда.

"Ҳизб ут – Таҳрир, Ўзбекистонда фаолият қилаётган ва мавжуд бўлган хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ диний бўлсин, барча партия ва ҳаракатлар билан ва ҳаттоки Каримовнинг репрессив сиёсатини амалга оширишликда қурол вазифасини ўтайдиган куч ишлатар структуралари бўлмиш хоҳ прокуратура ҳодимлари бўлсин, хоҳ ички ишлар вазирлигининг ҳодимлари бўлсин, хоҳ туман ва вилоят ҳокимлари бўладими, хоҳ МҲХ ҳодимлари бўладими фарқламасдан, барчаларига Ҳизб ўзи табанний қилган ғоя ва фикрларини етказишлик учун бахс-мунозараларга киришган, етказган ва хозирда ҳам етказмоқда", дейилади мактубда.

"Ҳизбут-Таҳрир" 1953 йилда ташкил этилган исломий партия ҳисобланади.

"Ҳизбут-Таҳрир" ўзининг мақсади бутун дунё бўйлаб исломий халифаликни ва исломий ҳаёт тарзини жорий этиш эканини айтади.

"Ҳизбут-Таҳрир" Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияда террорчилик ташкилоти деб кўрилади, бу фирқа аъзолари узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.