BBC navigation

Ўзбекистонлик таниқли гимнастикачи жазоланди...

Сўнгги янгиланиш 15 ноябр 2012 - 13:45 GMT

Швейцариядан олинган сўнгги хабарларга кўра, Луиза Галиулина ярим йилга халқаро беллашувлардан четлатилган. Ўзбекистон Гимнастика Федерациясига 2.100 АҚШ доллари тўлаб қўйиши буюрилган.

Халқаро Гимнастика Федерациясининг 13 ноябр куни эълон қилган қароридан маълум бўлишича, бунга сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари пайтида спорт гимнастикачисининг намуналаридан фуросимид моддаси топилгани сабаб бўлган.

Ташкилотга кўра, иккинчи текширув натижалари ҳам дастлабкисини тасдиқлаган.

Пешобидан спортчилар учун тақиқланган фуросимид моддаси қолдиқлари аниқлангач, Луиза Галиулина нақ мусобақалари чоғида Ўзбекистонга қайтариб юборилганди.

Халқаро Гимнастика Федерациясининг сўнгги қарори 20 ёшли Луиза Галиулинанинг келаси йил январ ойи якунига қадар халқаро турнирларда иштирок этолмаслигини англатади.

Яъни қарор Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари старт олган ва спортчидан намуналар олинган шу йил июл ойи якунидан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

Ўзбекистон Гимнастика Федерацияси эса, интизомий маҳкама тингловига кетган 2.000 Швейцария франки ёки 2.100 АҚШ доллари миқдоридаги сарф-харажатни қоплаши лозим бўлади.

Луиза Галиулина ва Ўзбекистон томони халқаро ташкилот қарори юзасидан келаси 21 кун ичида шикоят аризаси билан чиқиш ҳуқуқига эга.

Гап нимада эди?

Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари Жасур Акрамов ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида юз берган ҳодисадан ҳайратда эканликлари ва Луиза Галиулинанинг фуросимид қабул қилиши учун ҳеч бир асос бўлмаганини айтганди.

"Фуросимид пешоб ҳайдовчи дори ҳисобланади. Уни одатда озиш ниятида бўлган спортчилар ёки одамлар қўллашади. Шунинг учун ҳам, бу препаратни фақат вазни ортиқча бўлган одам ичиши мумкин. Луиза Галиулинанинг ўзи 40 килога ҳам бормайдиган вазни бор. Унинг фурасимид ичишининг ҳеч қанақа сабаби йўқ эди-да", деганди жаноб Акрамов.

Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этаётган ягона спорт гимнастикачиси эди.

Луиза халқаро миқёсда ўтказилган қатор саралаш мусобақалари ортидан Ўйинларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Саралаш босқич беллашувларининг сўнгги эса, икки ойча бурун Британия пойтахти Лондонда бўлиб ўтганди.

Луиза Галиулина 2005 йилда Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионати, 2010 йилги Хитой Осиё Ўйинларининг бронза медали совриндори саналади.

Спорт гимнастикаси бўйича ўтган йил Бельгияда бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақаларида ҳам совринли учинчи ўринни олишга муваффақ бўлган.

Мураббийлари Луиза Галиулина Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам яхши натижа кўрсатишига умид қилишаётганди.

Ўзбекистонлик спортчи 25 июлда - мусобақалар бошланишидан уч кун олдин допинг синовидан ўтганди.

Фуросимид допинг ҳисобланмайди. Хусусан, қон босимини пасайтириш ва пешоб келишини яхшилаш учун ишлатилади.

Спорт тиббиётида бадандаги баъзи тақиқланган моддаларни яшириш учун қўлланилган ҳоллари ҳам бўлгани боис, фуросимид Умумжаҳон Допингга қарши кураш идораси томонидан тақиқланган.

Яна бир ҳодиса

Ўтган ҳафта Халқаро Олимпия қўмитаси ўзбекистонлик донгдор курашчи Сослан Тигиевни допинг синовидан ўтолмагани боис, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида олган медалидан мосуво этган ва уни ярим йилдан икки йилгача халқаро мусобақалардан четлатиш масаласини FILA ихтиёрига ҳавола этганди.

Сослан Тигиев эркин кураш бўйича 74 кг вазн тоифасида шу йил июл-август ойларида Буюк Британия пойтахтида бўлиб ўтган ўйинларнинг бронза медалини қўлга киритганди.

Аён бўлишича, Сослан Тигиев бронза медалини қўлга киритган 10 август куни ундан олинган пешоб намунасида спортчилар учун тақиқланган метилгексанамин моддаси аниқланган.

Метилгексанамин 2009 йилда Жаҳон Допингга қарши кураш идораси томонидан ман этилган ва "стимуляторлар" рўйхатига киритилган модда экани айтилади.

Халқаро Олимпия Қўмитасининг баёнотида айтилишича эса, FILAнинг қарори қандай бўлишидан қатъиназар, Сослан Тигиев Спорт Арбитраж маҳкамасига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини 1 та олтин ва учта бронза медали билан 47-ўринда якунлаганди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.