BBC navigation

Ўзбекистонда ОРИАТ ширкати раҳбарлари устидан маҳкама бўлиб ўтган

Сўнгги янгиланиш 27 ноябр 2012 - 09:27 GMT

Ориат ширкатининг иши Ўзбекистондаги ахборот воситаларининг монополиялаштириш жараёнининг бошланиши бўлиши мумкин.

Ўзбекистондаги интернет нашрларининг хабар беришича, Тошкентда Ориат ширкатининг уч ходими устидан маҳкама жараёни ниҳоясига етган.

Сирғали туман маҳкамаси Ориат компаниясининг раҳбари Алишер Холдоровни солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбдор деб топиб, 6,5 йилга шартли озодликдан маҳрум қилган. Шунингдек, 500 миллион сўм жарима белгиланган. Ширкатнинг яна икки ходимига ҳам турли муддатли шартли қамоқ жазолари берилган.

Хабарларга кўра, Ориат ширкатига қарши иш Қибрай прокуратураси томонидан очилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасида икки йил давом этган. Шу йилнинг май ойида иш судга оширилган.

Бу вақт мобайнида ходимлар ҳибсга олинмагани, улар фаолиятларини давом эттириб юришгани айтилади. Ширкат раҳбари Алишер Холдоров суд залида ҳибсга олинган. Алишер Холдоровга ҳукм ўқилиши унинг туғилган кунига тўғри келган.

"Узметроном" интернет сайти ўз манбаларига таяниб, Ориат ширкати фаолияти тугатилиши, Oriat FM ва Oriat Dono радиотўлқинлари Миллий телерадиокомпания ихтиёрига ўтқазилиши ҳақида ёзган.

Шу тариқа бу радиотўлқинлар Миллий электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси бошлиғи, Даракчи рўзномаси ва шахсий Пойтахт радиостанцияси эгаси Фирдавс Абдухолиқовнинг раҳбарлиги остида бирлашиши тўғрисида хабар берган эди.

Бироқ ўзбекистонлик мустақил журналистнинг Миллий телерадио компания вакиллари сўзларига асосланиб айтишича, бу масалада ҳали аниқ фикрга келинмаган.

"ORIAT DONO"радиоси 2000 йил 17 декабрда ўз фаолиятини бошлаб, ўзбек ва рус тилларида эфирга чиққан.

Радиостанциянинг юқори савияда тайёрланган эшиттиришлари 25 ёшдан 45 ёшгача аҳолининг асосан зиёли қатламини ўзига жалб қилган.

"ORIAT DONO" ўзининг диний чиқишлари билан аҳоли ўртасида танилган. Айниқса, Рамазон ойларида ҳар кунги диний суҳбатлари машҳур бўлган.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Ориатнинг ходимларига қўйилган айблов иқтисодий деб айтилаётганига қарамасдан, ширкат ходимларига диний уйғоқ қарашлари учун ҳукумат томонидан босим бўлиши ҳам мумкин.

Ўзбекистонлик мустақил журналист бу фикрларда қанчалик асос борлиги ҳақида гапирар экан, радиода ўз вақтида диний уламолар, жумладан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг маърузалари ҳам берилганини тилга олиб ўтади.

Бироқ мазкур ишга кўра, ширкат раҳбари Алишер Холдоров реклама учун тушган пулларни ўзлаштириш ва солиқдан қочиш каби иқтисодий жиноятларни содир этганлиги айтилган.

Шунингдек, ширкат ходимларига нисбатан очилган ишнинг икки йил давомида ошкор қилинмагани, бу жараёнга кенг жамоатчиликнинг айниқса журналистларнинг эътиборини тортмаслик мақсадида қилинган, деган фикрларни ҳам уйғотган.

"Узметроном" сайтига кўра, бу Ўзбекистон Оммавий ахборот воситалари бозорини босқичма-босқич монополиялаштириш жараёнининг фақат бошланиши бўлиши мумкин.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.