BBC navigation

Ўзбекистондаги мардикорлар жамиятга таъсир кўрсата оладими?

Сўнгги янгиланиш 29 ноябр 2012 - 16:23 GMT

Ўзбекистонда мардикорларнинг сиёсий кучга айланишидан олдин уларнинг иқтисодий муаммоларини ечиш керак.

Айрим кузатувчилар, Марказий Осиёда меҳнат муҳожирлари тобора таъсирли сиёсий кучга айланаётганини айтишади.

Қўшни Тожикистонда сиёсий партиялар келаси йил Президентлик сайлови олдидан ҳозирданоқ тарғиботни Россияда ҳам бошлашгани ҳақида хабарлар бор.

Марказий Осиёнинг асосан уч давлати, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг миллионлаб фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирларидир.

Ўзбекистон ичкарисида ҳам мардикорларнинг катта сонли гуруҳлари бор. Уларни маълум бир мақсадлар атрофида бирлашган ижтимоий ва сиёсий кучларга айлантириш ғояси ҳам туғилиши табиий.

Ўзбекистондаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилот тузган ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой меҳнат муҳожирларининг сиёсий бир кучга айланиш эҳтимоллари бор, деб айтади. Фақат бунинг учун аввало мардикорларнинг иқтисодий муаммолари ечимини топиши лозим.

"Аслида мардикорлик ҳам бир катта армия, ташкилот сифатида юзага келди. Ўзбекистонда ўз-ўзидан барпо бўлди. Мардикорларнинг ҳуқуқлари бирор бир ҳукумат, давлат қонунлари асосида ҳимояланмайди. Шунинг учун ҳам биз мардикорларнинг мустақил профсоюз ташкилотини барпо этиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътиборни қаратяпмиз", дейди ҳуқуқбош Абдулла Тожибой ўғли.

Ташкилотни бора-бора сиёсий партияга айлантириш келажакдаги масала бўлиши мумкинлиги, бироқ ҳозирги асосий вазифа мардикорларнинг мустақил касаба уюшмасини тузиш бўлиб турибди.

"Биринчидан мардикорларнинг ўзини бу нарса, сиёсий мавзулар чўчитади. Ўзбекистоннинг ичида жамоатчилик орасида бирор бир партия тузиш ҳақида фикрлар, суҳбатлар йўқ. Ҳаммаси ўзининг етишмовчилиги тўғрисида фикр юритадию, лекин сиёсий нарсалар борасида баҳслар йўқ. Биз мардикорларнинг аввало сиёсий онгини ошириш учун "Эрк", "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" каби ташкилотларнинг сайтлари билан таништириб, суҳбатлар, тушунтиришлар олиб бормоқчимиз. Агар улар ўз таклифлари билан чиқишса, бу нарса амалга ошиши мумкин"-, дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Ҳимоясиз қатлам

"Энди мардикор бечора энг ҳимоясиз одам бўлиб қолди. Ушлаб олиб кетишади, чўнтагида пули бўлса бериб қутулади, бўлмаса обориб тиқиб қўйишади Панельнийга. Бу энди келиб-келиб ўзимизнинг юртимизда тағин. Уларнинг энг сўрайдигани: Ҳа, қаердансан? - Қашқадарёдан, нима қилиб юрибсан? Мана шундан бошланади саволи. Паспортни очиб ўқимайдики, Ўзбекистон фуқароси бўлгандан кейин Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида юришга ҳаққи борку буларнинг", дейди ташкилот аъзоси бўлган ҳуқуқ фаолларидан бири Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқбонларнинг фикрича, мардикорларни сиёсий кучга айлантириш учун уларнинг иқтисодий муаммоларини ечиш билан бирга, сиёсий онгини ҳам оширишни ўйлаш керак.

Афсуски, мардикорларнинг аксарияти ўз ҳуқуқларини билмайди. Бу нарса уларнинг кўп ҳолларда алданиб қолишига, ҳақиқат ўзи томонида бўла туриб, ўз ҳақлигини исбот қилолмаслик даражасига олиб келган.

Мардикорларнинг долзарб муаммоларини ечишга ёрдам бериб келаётгани боис, мардикорлар орасида ҳуқуқбонларнинг Касаба ташкилотига аъзо бўлишга қизиқишлар катта.

Айни пайтгача фақат Тошкент шаҳрининг ўзидан 1000дан ортиқ мардикор мустақил касаба уюшмаси ташкилотига ёзилган.

Вилоятларда ҳам ташкилотнинг вакиллари орқали бу иш йўлга қўйилмоқда. Мардикорларнинг ҳисобича, ҳозирда республикада бир миллиондан ортиқ ёлланма ишчилар мавжуд.

" Ўзбекистон Конституциясининг 34 - моддасига биноан ҳар бир фуқаро касаба ушмасига аъзо бўлиши мумкин. Бу қонунда кўрсатилган ва биз нодавлат ташкилоти тузиш ҳуқуқига ҳам эгамиз. Ҳозир шароит шундай бўлиб қолдики, ташкилотни ким тузаётгани ва раҳбарлик қилишига қараб уни рўйхатдан ўтказадиган бўлишган", дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Шунга қарамай, ҳуқуқ фаоли ташкилотни рўйхатдан ўтказиш, сўнгра бошқа режалар устида ҳаракат қилишни маъқул кўрмоқда.

Ўзбекистонда бирор-бир ташкилот рўйхатдан ўтказилмаса, фаолияти давом этса ҳам, мажлислар ўтказиш, оммавий йиғилишлар чақиришга рухсат берилмайди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.