BBC navigation

Путин ва Эрдўғон Сурия масаласини муҳокама қилишади

Сўнгги янгиланиш 3 декабр 2012 - 10:29 GMT

Бу Путиннинг "бел оғриғи"дан кейин хорижга илк сафари

Президент Владимир Путин Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Сурия масаласини муҳокама этиш учун Истанбулга сафар қилмоқда.

Суриядаги уруш Анқара ва Москва ўртасидаги муносабатларни таранглаштирган.

Россия Президент Башар Ассаднинг яқин иттифоқчиси бўлса, Туркия Ассадни ағдаришга ҳаракат қилаётган исёнчи кучларни очиқдан-очиқ дастаклайди.

Шу йил октябрида Туркияда Россиянинг Сурияга йўл олган учоғи ҳибс этилганди.

Турк томони учоқ бортида Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий юклар бўлганини айтган, Москва ҳамда Дамашқ эса бу даъволарни рад этган.

Дамашқдан 'узоқлашиш'

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбирига кўра, турк расмийлари Москва Дамашқдан узоқлашишни истайди, деб ишонадилар, аммо ҳозирча бунинг далиллари етарли эмас.

Бундан ташқари, Россия Сурия билан миллиардлаб долларлик қурол-яроғ шартномаларига эга.

Шунинг учун ҳам Президент Путин ва Бош вазир Эрдўғоннинг ўзаро тил топишишлари осон бўлмайди.

Истанбулдаги учрашув чоғида Сурия масаласи билан бир қаторда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама этилиш кутилмоқда.

Россия Олмониядан кейин Туркиянинг иккинчи йирик савдо шериги ҳисобланади.

2011 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 26 фоизга ўсган ва 32 миллиард долларни ташкил этган.

Бел оғриғи

Истанбулга сафар Президент Путиннинг шу йил октябрида Тожикистонга ташрифидан буён хорижга биринчи сафаридир.

Россия матбуоти жаноб Путиннинг бели шикастланган, деб ишонади.

Аввалроқ Беларус Президенти Александр Лукашенко Путин дзюдо билан шуғулланаётиб, "умуртқа поғонасини шикастлагани"ни айтганди.

Япон матбуоти ҳам Бош вазир Ёсихико Нода Россия президенти "ўзини яхши ҳис қилмаётгани боис" Москвага режаланган сафарини қолдиргани ҳақида хабар берган.

Аммо Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президентининг соғлиги ҳақидаги гап-сўзлар бўрттирилгани, жаноб Путиннинг "шунчаки пайи тортилиб қолгани"ни айтган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.