BBC navigation

Сочида ушланган ўзбекларга қарши 'куч ишлатилган'

Сўнгги янгиланиш 3 декабр 2012 - 12:49 GMT

Сочидаги муштлашувдан сўнг ушланган 80 киши Ўзбекистонга қайтарилган

"Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказига кўра, ўтган ой Сочида ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари полиция томонидан дўппосланган.

Ташкилотнинг "Муҳожирлик ва ҳуқуқ" тармоғидан Семен Симоновнинг Би-би-сига айтишича, ҳибсдагилардан бири-Ботиржон Маматовнинг танасидаги электрошок изларини унинг шахсан ўзи кўзлари билан кўрган.

"Уларни дубинкалар билан дўппослашганини ўша пайтда полиция идорасида бўлган яна бир неча маҳбуслар тасдиқлашди", - дейди Семен Симонов.

Сешанба куни Сочининг Адлер туман судида Ботиржон Маматовнинг шикоят аризаси кўриб чиқилиши керак.

"Мемориал" ўзбек муҳожирини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаган.

"Биз барча қийноқ ва зўравонлик далилларини суд залида намойиш қилмоқчимиз", - деб айтди Семен Симонов Би-би-си билан суҳбатда.

Ботиржон Маматов Россия Жиноят кодексининг 19.3 банди - "полиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик"да айбдор деб топилиб, 10 суткалик маъмурий жазога маҳкум этилган.

Оммавий муштлашув

Ботиржон Маматов ва яна 200дан ортиқ ўзбеклар 5 ва 6-ноябр кунлари, Сочининг "Красная поляна" ва "Эстосадок" поселкаларида муҳожирлар ўртасида юз берган оммавий муштлашувдан сўнг ҳибсга олинган.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишларича, ҳодисанинг ҳамма тафсилотлари маълум эмас.

Аввалига муштлашувда Тожикистон фуқароларининг ҳам иштирок этгани хабар қилинган, аммо кейинроқ Тожикистон элчихонаси бир баёнот чиқариб, ҳодисада ўз фуқароларининг қатнашмаганини айтган.

Ҳибсга олинганларнинг аксарияти бир суткадан қамоққа маҳкум этилган.

Улардан 80 нафари Ўзбекистонга мажбуран қайтариб юборилган.

"Мемориал" ўзбек муҳожирларининг кўпчилиги ишлаш ҳуқуқига эга бўлганини айтмоқда.

Ташкилот 10 суткалик қамоқ жазосига маҳкум этилган тўрт ўзбек муҳожирига берилган маъмурий жазо устидан маҳкамага шикоят аризаси киритган.

Фаоллар ўзбекларнинг ҳаракатида жиноят таркиби бўлмагани, улар аксинча, полиция томонидан содир этилган зўравонлик қурбони бўлганликларини айтишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.