BBC navigation

TeliaSonera директорлар кенгашининг раиси истеъфога рози бўлди

Сўнгги янгиланиш 5 декабр 2012 - 15:26 GMT

Швециянинг TeliaSonera мобил алоқа ширкатининг Директорлар Кенгаши раиси Андерс Нарвингер молиявий йил якунида лавозимидан кетишини эълон қилган.

Бизнес ширкатларининг молиявий йили март ойи охирида якунланади.

Жаноб Нарвингер истеъфосига TeliaSonera ширкатининг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан бизнес ҳамкорлиги борасида юзага чиққан можаро сабаб бўлган.

Швеция ҳукумати TeliaSonera ҳиссадори ҳисобланади ва ҳукуматнинг ширкат раҳбариятига босими ортган.

TeliaSonera раиси Андерс Нарвингернинг айтишича, ширкат раҳбарияти TeliaSonera учун "янги старт"ни истайди ва шунинг учун истеъфога чиқишга қарор қилган.

2012 йил сентябрида Швеция прокурорлари TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги мобил алоқа хизмати кўрсатиш ҳуқуқини берадиган лицензиясини сотиб олгани юзасидан тергов бошлаган.

Прокурорлар TeliaSonerага нисбатан илгари сурилаётган пора бериш ва пул ювиш даъволарини текширмоқдалар.

TeliaSonera бу даъволарни рад этмоқда, аммо Швед ҳукуматининг кескин танқидлари остида қолмоқда.

Мухбирларга кўра, Швеция ҳукумати бутун TeliaSonera раҳбариятини "силкитиб ташлашни" истамоқда.

Сентябр ойида Швециянинг Жамоатчилик телевидениеси мухбирлари журналистик текширув ўтказганлар, ушбу текширув асосидаги "Миссия текшириш" ҳужжатли фильмини намойиш этдилар.

Швед тележурналистлари аниқлашларича, TeliaSonera Ўзбекистондаги 3G лицензиясини Гибралтарда жойлашган Takilant Ltd ширкатидан сотиб олган, Takilant эса Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага яқин шахсларга тегишлидир.

Ҳужжатли фильм ортидан Takilantнинг Швециядаги 30 миллион долларлик маблағлари музлатиб қўйилди.

Ҳисобларни музлатиш бўйича ўтказилган маҳкамада айтилишича, Takilantнинг икки вакилини пул ювишда айбдорликда гумонлашда асос бор.

Ундан кейин 2010 йилда TeliaSonera ўзига зарур деб билмаса-да, Ўзбекистонда 4G лицензиясини ҳам сотиб олгани шубҳали олди-берди бўлган, деган иддаолар илгари сурилди.

Ушбу можароларда TeliaSoneraнинг жорий ижрочи директори Ларс Найберг қаттиқ танқидлар остида қолди.

Ларс Найберг бирор бир нотўғри ишга қўл урганини рад этади.

TeliaSonera ширкатининг ўзи ҳам Ўзбекистон билан олди-бердилари устидан текширувни бошлаган.

2012 йил бошида TeliaSoneraнинг собиқ Шўро республикаларининг махсус хизматларига ўз техник жиҳозларидан фойдаланишга рухсат бергани ҳам катта можарога сабаб бўлган эди.

Бу можарода гап Ўзбекистон, Озарбайжон ва Беларусдаги мобил телефон сўзлашувларини TeliaSonera бу мамлакатларнинг жосуслик хизматларига яширинча тинглашга изн бергани ҳақида боради.

TeliaSonera ижрочи директори Ларс Найберг бу амалларини терроризмга қарши курашдаги иштироклари деб изоҳлаган.

Ларс Найбергнинг ўз лавозимидан кетиши ҳақида хабар қилинган, бироқ ширкат жаноб Найбергнинг TeliaSoneraни тарк этиши Ўзбекистон билан можаросига боғлиқ эмаслигини айтган.

Шартнома бўйича жаноб Найбергнинг муддати 2013 йил охирида якунланиши кўзда тутилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.