BBC navigation

Ўзбекистоннинг асосий қонуни қабул қилинганига 20 йил тўлди

Сўнгги янгиланиш 8 декабр 2012 - 13:00 GMT

Ўзбекистон Президенти 21 йилдан буён давлат тепасида қолмоқда.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 9-сессиясида мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси қабул қилинган эди.

Кеча мамлакат президентининг қароргоҳида шу сана, Конституциянинг 20 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилиш ўтказилган.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига биноан бир шахс кетма-кет икки мартадан ортиқ мамлакат президентлигига сайланмаслиги керак.

Бироқ асосий қонунга зид равишда қариийб 21 йилдан буён давлат тепасида қолаётган Президент Ислом Каримов йиғилганлар олдида нутқ сўзлаган.

“Азиз дўстларим, қадрдонларим, юқорида баён этилган фикрларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, мен кириб келаётган янги йилни мамлакатимизда “Обод турмуш йили” деб эълон қилишни таклиф қиламан”, деган Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти мамлакат равнақига, унинг ижтимоий-иқтисодий, фан-техника ва маданий-маърифий соҳалардаги ривожига салмоқли ҳисса қўшган кишиларга давлат мукофотлари, орден ва медалларни топширган.

"Конституция куни олдидан тантанали равишда сиз азизларга Ватан равнақи учун қўшган ҳиссаларингиз учун берилажак мукофотларни топшириш яхши анъанага айланиб қолди. Мен бундан катта қониқиш ҳосил қиламан ва ўз ҳурматимни изҳор этаман",- деб айтган Ислом Каримов.

Ислом Каримов шунингдек ички ва ташқи сиёсат бобидаги ютуқларга тўхталар экан, Ўзбекистон бу борада ўз йўлидан оғишмай ҳаракат қилишини айтади.

Унга кўра, минтақадаги нотинч вазиятга қарамасдан, Афғонистондан халқаро қўшинлар олиб чиқилгандан кейин ҳам, Ўзбекистон ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларига ўрин ажратмайди.

Ўзбекистон Конституцияси 6та бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат бўлиб, Конституция қабул қилинган 8 декабр мамлакатда ҳар йили хордиқ куни ҳисобланади.

Конституция куни муносабати билан Ўзбекистонда йирик амнистия бўлиши айтилсада, бу анъана диний ва сиёсий айбловлар билан қамалган маҳбусларга нисбатан ишлатилмайди.

Ўзбекистонда диний-сиёсий жиноят қилганликда айбланиб, узоқ муддатларга қамалган маҳбуслар сони ошкор этилмайди.

Бироқ, кузатувчиларга кўра, бундай маҳбуслар сони 15-20 мингга етиши мумкин.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматидан ўнлаб сиёсий маҳбусларни озод қилишни сўраб келади.

Улар орасида жазо муддати сунъий равишда чўзиб келинаётган Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов кабилар бор.

Бундан олдинроқ Мамадали Маҳмудовнинг қамоқда оғир жароҳатланиб, саломатлиги ёмонлашгани айтилган эди.

Ўзбекистонда нафақат маҳбуслар, уларнинг оила-аъзоларига ҳам мунтазам босимлар ўтказиб келиниши хабар қилинади.

Яқинда Жаслиқдаги қамоқхонада отаси Рустам Усмоновни кўриб қайтган ўғли қамоқхона ҳақиқатларини айтгани учун ҳукуматнинг босимидан қочиб, Россиядан бошпана сўраган.

Хориждаги Ўзбек мухолифати ҳукуматнинг ўзини мамлакат Конституциясига тескари иш тутишда айблайди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.