BBC navigation

Ўзбекистонда "қорбобо" ва "қорқиз"лар тақиқланади

Сўнгги янгиланиш 10 декабр 2012 - 12:44 GMT

Қорбобо ва қорқиз хонадонларга келиб байрам қилишади.

Яқинлашаётган янги йил муносабати билан Ўзбекистон телеканаллари байрам кўрсатувлари ва томошаларида анъанавий бўлиб келган Қор бобо, Қор қиз, Ялмоғиз кампир каби қаҳрамонларнинг қатнашиши тақиқланган.

Безатилган янги йил арчаси ҳам экранда яққол кўзга ташланмаслиги кераклиги айтилган.

Ўзбекистон телевидениесининг исмини айтмаслигимизни сўраган ходимига кўра, бундай топшириқ миллий маданиятга ёт анъаналарнинг соя солмаслиги учун қилинаётган экан.

Унинг айтишича, журналистларга кўрсатувларда "рождество" сўзини ишлатмаслик топширилган. Қорбобо ва қорқизлар ҳам ўзга маданиятнинг рамзлари сифатида тақиқланган.

Байрам кўрсатувлари фақат йил алмашинувига боғлаб тайёрланиши уқтирилган.

Суҳбатдошимиз топшириқ айнан ким томонидан берилганидан хабарсизлигини айтади.

Шу билан бирга Ўзбекистонда Янги йилни нишонлаш тақиқланмаган. Бутун мамлакат бўйлаб байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Барча телеканалларда янги йил кўрсатувларига тайёргарликлар ва суратга олиш ишлари кетмоқда.

Тошкент шаҳридаги барча театр ва томоша масканлари болаларнинг қишқи таътил пайтларида байрам томошаларини ўтказишга тайёргарликни бошлаб юборишган.

Ҳар йилгидек, бу йил ҳам "Президент арчаси" ўтказилиши кутилади. Бироқ байрам Президент арчаси атрофида бўладими ёки йўқми ҳали номаълум.

Ўзбекистонда янги йил байрамларини ўтказилишига ўзгартиришлар киритилиши бундан олдин бўлган.

Телевединие журналистларининг айтишича, 2000-йилнинг бошларидан буён кўп бор "қорбобо" ва "қорқиз"ларни кўрсатувлардан олиб ташлашга тўғри келган.

2005 йил Тошкент шаҳар маориф бўлими бошлиғи мактабларда Янги йилни нишонлашни тақиқлаб, Ўзбекистонда Наврўз йил боши сифатида байрам қилинишини таъкидлаган.

Аслида бундай кўрсатмалар ҳукуматнинг энг юқори ташкилотларидан берилиши айтилади.

Ўзбекистонда фақат ижрочи ҳисобланадиган маҳаллий идораларнинг бундай ташаббус билан чиқиши қабул қилинмаган одат саналади.

Бироқ ҳар байрамлар олдидан миллийликни ўйлаб тўсатдан бериладиган топшириқлар байрам ўтгач, яна худди шу тарзда унутилиб кетавергани боис яхши мақсадни кўзлаган ниятлар ҳам аҳоли орасида кинояга сабаб бўлиб қолаверади.

Кейинги йилларда эса Ўзбекистондаги кўпчилик хонадонлар янги йил кунлари яхши тижоратга айланган қорбобо ва қорқизни чақириб, фарзандларига совғалар улашишни одат қилишмоқда.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Исмсиз:

An'analar yillar, hatto asrlar davomida ma'lum bir ijtimoiy guruhlar yani halq orasida shakllanadi. Endi bizni ahmoqlikda "o'ziga hos" mamlakatda hattoki an'ana va urf odatlar ham hukumat tomonidan buyurilishga aylanmoqda. Jahon mamlakatlari orasida odat va an'analarni uygunlashtirib insoniyatni yaqinlashtirishga intilayotgan bir mahalda o'zbek hukumati "milliy ruhiyat" shiyori ostida millatchilik va diskriminasiya tuygularini targib etadi...

Ғариб:

Ohirgi payt davlatimiz juda yahshi qonunlar chiqarmoqda ayniqsa aroqqa qarshi chiqargan qonunlari, mini yupkada ishhonaga borishni taqiqlab quyishlari yaxshi. Rahmat, juda mamnunmiz.

@Ismsiz. O'z madaniyatini begaona madaniyatlardan himoya qilish barcha mamlakatlarda mavjud yo buni rad etasizmi? Agar shunday bo'lganda edi Shvetsariyada masjidlar qurishni taqiqlashmagan bo'lar edi. Yoki New Yorkda Islomiy markazga qarshilik qilishmagan bo'lardi.Nimaga endi.Ular sharq madaniyatiga nafrat ko'zi bilan qarab turganda nega bizda bunday qilinmasligi kerak?

Abdulloh, Juda zur bulibdi...uzga madaniyat ishi millatimizga xos bulgan shiorlar bulishi kerak...

ilhom, Man isimsiz bo'lgan do'stimizni fikirlariga qo'shilmayman. Chunki ular bildirgan fikrni aslida teskarisi bo'votti. Man bu qarorga qo'shilaman. Faqat bu qaror chala bo'lib qolibdi.

uzbek, Archa bolsa qorbobo ham qorqiz ham boladida. Yo'qotsak hammasini yo'qotaylik

@G'arib:
Gap qorbobo qorqizni yuq qilishdamas, gap uzbeklarni qiynagan haqiqiy muammolar qolib halqni chalgituvchi bemaniliklarni yaratishda. Uzbek halqi uzi uchun qaror chiqarish huquqiga ega ham boladimi yo yuqmi, qachongacha hop deb ustidan ahlat tukvorsa ham chidab yurish kere?! Yo hich kim yoshligida archa qorbobolar bilan hursand bolmaganmi? Garb bilan sharq biri masjidni taqiqlasa 2si cherkovni yoqishi kerekmi yo bomasam? men qarshiman qorboboni tortvolish bolaligimizni uchirish bn teng.

Исмсиз, Qachon madaniyat boshqasidan ustun bo'ladi? Qachonki butun bir davlat va unda yashovchi aholi badavlat bo'lsa. Oqsab turgan iqtisodiyot bilan o'z madaniyatingni boshqaga singdira olmaysan. Chunki boshqalar undagi afzallikni ko'rishmaydi va uni qabul qilishni hohlashmaydi. Bu yangi yil bayrami ham shunday kirib kelgan. To'yda kelinning gul irg'itishi va hokazo.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.