BBC navigation

Тошкентда Мардикорлар касаба ташкилотининг йиғилиши бўлган

Сўнгги янгиланиш 15 декабр 2012 - 15:57 GMT

Ўзбекистоннинг ўзида миллионлаб мардикорлар борлиги айтилади.

Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибоевнинг хабар қилишича, Тошкентдаги Қўйлиқ бозорида Мардикорлар касаба уюшмасининг биринчи таъсис мажлиси ўтказилган.

Анжуманда анчадан буён режалаштириб келинган мажлис раиси, котиби, тафтиш қўмитаси раиси ва ёрдамчилари сайлаб олинган.

17 меҳнат муҳожири қатнашган мажлисда "Мустакил мардикорларнинг профсоюзи" рахбарлигига Нуриддин Жуманиёзов номзоди бир овоздан маъқулланган.

Фаолга кўра, ташкилот раисини сайлаш ва Низомини кўриб чиқиш муҳим вазифалардан ҳисобланган.

Эндиги вазифа тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, Адлия вазирлигига топшириш ва ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўлади.

Абдулла Тожибой ўғли бошчилигидаги фаоллар бир неча ойдан буён мардикорларнинг мустақил ташкилотини тузиш ҳаракатида юришган эди.

Улар кўп марта мардикорлар билан учрашиб, муаммоларини ҳал қилишга уринган пайтларида милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган ва жарималарга тортилишган.

Бироқ милициянинг ўзи қонунга хилоф равишда иш тутгани боис, фаоллар бироз муддат ички ишлар бўлимларида ушланиб, тушунтириш ишларидан сўнг қўйиб юборилган.

Абдулла Тожибойнинг айтишича, бугун уларнинг йиғилишига ҳеч ким халақит бермаган. Ҳуқуқ фаоли милиция ходимлари уларни иш берувчи ҳисоблаб, мардикорлар ўраб олгач эътибор бермаган бўлиши мумкинлигини айтади.

Ҳуқуқ фаоллари мардикорларнинг ҳуқуқлари ташкилот томонидан ҳимояга олинмаса бу тоифа кишилар жамиятнинг энг ҳимоясиз ва ночор қатламига айланиб қолганини таъкидлашади.

"Ўзбекистон милицияси шу даражага борганки, қийналиб пул топган мардикорларнинг ишлаганини шилиб, ўзларини қамаб қўйган ҳоллари кўп бўлган. Бунга сабаб мардикорлар ўз ҳуқуқларини, қонунни билишмайди", - дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Тузилажак янги ташкилот ана шу масалаларни маълум даражада ҳал қилинишига ёрдам беради деб умид қилинмоқда.

" Ўзбекистон Конституциясининг 34 - моддасига биноан ҳар бир фуқаро касаба ушмасига аъзо бўлиши мумкин. Бу қонунда кўрсатилган ва биз нодавлат ташкилоти тузиш ҳуқуқига ҳам эгамиз. Ҳозир шароит шундай бўлиб қолдики, ташкилотни ким тузаётгани ва раҳбарлик қилишига қараб уни рўйхатдан ўтказадиган бўлишган", дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Шунга қарамай, ҳуқуқ фаоли ташкилотни рўйхатдан ўтказиш, сўнгра бошқа режалар устида ҳаракат қилишни маъқул кўрмоқда.

Ўзбек ҳукумати мамлакатда ичкариси ва ташқарисида қанча ишсиз одам, мардикорлар борлигини ошкор этмайди.

Абдулла Тожибойга кўра, Ўзбекистон ичкарисида қарийб 4,5 миллион мардикор бор.

Ташқарида, биргина Россияда Марказий Осиёнинг асосан уч давлати, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг миллионлаб фуқаролари тирикчилик ташвишида юрибди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.