BBC navigation

Пешавордаги жангда энг кўп сонли "ўзбек жангарилар" қатнашган

Сўнгги янгиланиш 19 декабр 2012 - 10:47 GMT

Жангарилардан бирининг танасидаги татуировка

Покистон матбуотининг хавфсизлик кучлари маълумотига таяниб ёзишларича, шанба ва якшанба кунлари Покистоннинг Пешавор шаҳрида юз берган ҳужумларни ўзбек ва доғистонлик жангарилар амалга оширганлар.

Pakistan Today газетасининг интернет саҳифасидаги мақолага кўра, хавфсизлик кучлари кўп вақтдан бери турли ҳужум ва амалиётларда ўзбеклар билан юзма-юз келишган, лекин Пешаворда улар бунчалар кўп сонли ўзбек жангарилар билан аввал тўқнашмагандилар.

Шанба куни Покистоннинг энг йирик шаҳарларидан бўлган Пешаворнинг Бача Хон аэропортига уюштирилган ҳужумда беш оддий фуқаро ва беш жангари ҳалок бўлганди. Ҳужум учун масъулиятни Покистон Толибони ўз бўйнига олган.

Ҳужум ортидан юзага келган отишмалар туфайли аэропорт, савдо маркази ва Покистон Ҳаво кучлари базаси ёпилган. Сўнгра якшанба тонгида полиция ва қўшинлар яқин орада жойлашган уйда бошпана топгани ишонилган жангарилар гуруҳига ҳужум қилиб бир неча жангарини ўлдиришган.

Бу амалиёт ортидан тарқатилган маълуотларга биноан, жангарилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари бўлишган.

"Шафқатсиз ва йиртқич"

Чоршанба куни парламентда чиқиш қилган Покистон Мусулмонлари лигаси аъзоси Шайх Ваққос Акромнинг айтишича, "ўзбек жангарилар" 40 минг доллар эвазига Покистонда террор амалиётларини амалга оширадилар. Унинг айтишича, Пунжобдаги бошқа ман қилинган гуруҳлар ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати номи остида амал қилишни бошлаганлар.

Покистон хавфсизлик кучлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангчиларига тобора кўп ҳолларда дуч келаётганларини айтадилар

Асли ўзбекистонлик жангарилар Таҳрики Толибон Покистон ҳаракати билан ҳамкорликда хавфсизлик кучларига қарши ҳужумларни амалга ошириб келадилар. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 150 жангариси билан апрел ойида Банну шаҳри қамоқхонасига қилган ҳужуми ҳақида ўзбек ва олмон тилларида видеолавҳа тарқатган эди.

Хавфсизлик кучларига кўра, ЎИҲнинг Покистонда амал қилиши ҳеч кимга сир эмас, лекин ҳаракатнинг аъзолари энди нафақат чекка ҳудудларда, балки йирик шаҳарларда жойлашиб олишаяпти.

Мақолага кўра, нима учун эндиликда Таҳрики Толибон Покистон тобора кўп ўзбек жангарилар дастагига таянаётгани ноаниқ. Уларга қарши курашаётган қўшинлар эса ўзбек жангариларининг "ғайрати, шафқатсизлиги ва йиртқичлиги"ни тан оладилар.

Кузатувчилар юқори даражали нишонларга қарши ҳужумларда тобора кўп сонли хорижий жангчиларнинг иштирок этиши Покистондаги хавфсизлик вазиятини ўзгартириши мумкинлигини айтишади.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, кўп ҳолларда доғистонлик, чечен, уйғур, қирғиз ва тожик жангчилар ҳам Покистонда "ўзбек" дея тамғаланади.

Ҳужумларда ҳалок бўлган тўққиз жангаридан камида беш нафари, полицияга биноан, кўринишидан марказий осиёлик ва қофқоз жиҳатларига эга бўлган.

Татуировкалар

Айни дамда хавфсизлик кучлари тўрт жангарининг жасадларидаги татуировкалар нимани англатишини ўрганишга уринишмоқда. Айниқса икки жангарининг танасидаги татуировкаларни полиция "шайтон" рамзи дея талқин қилмоқда.

Хавфсизлик кучларидаги баъзи расмийлар мазкур жангарилар жиҳодга қўшилишдан аввал Россиядаги қандайдир диний оқимнинг аъзоси бўлганига ишонадилар.

Бироқ, бошқа таҳлилчилар, собиқ совет республикалари ёшлари орасида татуировка одатга айланганини айтиб, диний оқим борасидаги изоҳни рад этишаяпти.

Яна бир жангарининг оёғида юлдуз татуировкаси аниқланган, бошқасининг билагида эса кирил алифбоси ҳарфлари билан "Юсуф" исми битилган.

Диний оқим борасидаги талқинларга эса бир жангарининг курагига битилган "ёвуз юз ва узун тирноқли бармоқлар" татуировкаси сабаб бўлган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.