BBC navigation

Ўзбекистон КХШТдан чиқди, лекин Россия билан ҳамкорлик кучаяди

Сўнгги янгиланиш 19 декабр 2012 - 12:50 GMT

Афғонистондан НАТО қўшинлари олиб чиқилгач, Марказий Осиёдаги АҚШ ва Россия стратегик манфаатлари қайта шаклланиши кутилади

Москвада Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ)нинг йиғинида Ўзбекистоннинг бу ташкилотдаги аъзолиги тўхтатилиши борасидаги қарор қабул қилинган.

Сессияни олиб борган Беларусь Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг аризаси қабул қилинганини эълон қилди.

Ўзбекистоннинг ташкилотдаги иштироки эмас, балки аъзолиги вақтинча тўхтатилаяпти. Агар расмий Тошкент ташкилотга қайтмоқчи бўлса, барча қабул қилинган шартномаларни имзолаб, ратификациядан ўтказиши керак бўлади.

Сешанба куни Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров Тошкентда сафарда бўлиб, Президент Ислом Каримов билан КХШТга аъзолик тўхтатилиши ортидан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий-техник муносабатлар қандай бўлиши ҳақида музокаралар ўтказиб қайтган.

Россия матбуотидаги хабарларга кўра, жаноб Лавровни авваламбор Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаларининг жойлаштирилиши масаласи қизиқтирган. Хабарларда Ўзбекистон томони бундай базалар жойлаштирилмаслигини билдиргани айтилади.

Россия вазирига ҳамкорлик қилган россиялик журналист ва таҳлилчи Аркадий Дубнов музокаралар борасида Би-би-си билан суҳбатлашди.

Дубнов: Ишонишимча, ҳам Москва ва ҳам Тошкент музокаралар натижасидан рози бўлишди, чунки Россия Ташқи Ишлар Вазири Лавров Шарқда, хусусан, Тошкентда юқори баҳоланадиган протокол маросимларига мувофиқ музокараларни олиб борган. Лавровнинг Каримов билан учрашуви КХШТдан Ўзбекистоннинг чиқишига бағишланган йиғилиш арафасида бўлиб ўтди. Яъни бу ташриф билан Каримовга ҳурмат кўрсатилди, бу билан Ўзбекистон томонининг КХШТда аъзолиги тўхтатишига қарамай, Москва билан Тошкент ўртасидаги дўстона алоқалар ва ўзаро яқин ҳамкорлик давом этаверади деган ишора берилди. Каримов бундай шахсий эътибор ишораларини юқори баҳолайди. Протокол қоидаларига кўра, давлат раҳбари бошқа мамлакатнинг ташқи ишлар вазирини қабул қилмаслиги мумкин, бу фақат айрим ҳолларда юз беради.

Би-би-си: Учрашув натижасида Ўзбекистоннинг КХШТдаги иштироки масаласи борасида қандай конкрет хулосага эришилди?

Дубнов: Ўзбекистон КХШТда нафақат иштирогини балки аъзолигини тўхтатиб қўяяпти. Бу эса жуда қучли ибора. Яъни келажакда ташкилот доирасида қабул қилинган ҳар қандай қарор Ўзбекистонга таалуқли бўлмайди. Яъни Ўзбекистонга қандайдир сиёсий ўйин қилишига йўл қўйилмайди. Агар Ўзбекистон ташкилотга қайтмоқчи бўлса, балки бунинг учун эшиклар очиқ қолар, унда қайтиб келиш учун зарур бўлган талаблар кучаяди. Ўзбекистон қайтиб келишидан олдин барча қабул қилинган келишувларни имзолаб, ратификациядан ўтказиши керак бўлади. Бу талаб ва шартлар 2006 йилда Каримов Сочи Путин билан учрашуви чоғида белгиланган шартлардан кескин тарзда фарқ қилади.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда, Президент Каримовнинг ўзбек худудида Америка ҳарбий базалари жойлаштирилмаслиги борасидаги сўзларига Россия қанчалар ишонади?

Дубнов: Бу жуда ҳақиқатга яқин, ҳар ҳолда яқин келажак назарда тутилса. Бу ерда масаланинг психологик жиҳатига эътибор қаратиш керак. Американинг юқори лавозимли сиёсий ва ҳарбий мулозимларининг Ўзбекистонга доимий равишда қилаётган ташрифлари ва икки томоннинг ҳарбий ё бошқа турдаги ҳамкорликлари борасида олиб бораётган музокараларига қарамай, Тошкентда АҚШ ҳукуматининг 2005 йилда Тошкентга кўрсатган муносабатини ёддан чиқаришмаган. Менга куни кеча юқори лавозимдаги ўзбек дипломатларидан бирининг айтишича, ғишт қолипидан кўчган, яъни уни қайта жойига қўйиш қийин бўлади. Дипломат иқтибос келтирган бир мақолада айтилишича, Ўзбекистон "америкаликларнинг Андижон воқеаларига бўлган муносабатини ҳеч қачон унутмайди". Ўшанда Каримов олти ой ичида америкаликлар базаси чиқарилсин деб буйруқ берганди. Тошкентда Америкалик шерикларга нисбатан бу каби ишончсизлик туйғуси ҳали ҳам мавжуд ва жуда кучли сезилади. Америкаликлар Афғонистондан олиб чиқиладиган айрим жиҳозларини Ўзбекистонда қолдиришлари мумкин. Бу манзарада Лавровнинг Москва ва Тошкент ўртасида 2020 йилга қадар ҳарбий ҳамкорлик қилиш борасида режалар ишлаб чиққани жуда аҳамиятли. Тошкент ҳам ҳарбий қурол-яроқ бўйича фақат Россияга таянишини тасдиқлади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар


nima bo'lganda ham bu qaror uzbekiston uchun xayrli bo'lsin

yusuf, tashkent

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.