BBC navigation

Ўзбекистонда бодибилдингга қизиқиш ортиб бормоқда

Сўнгги янгиланиш 19 декабр 2012 - 16:57 GMT

Тошкентда ўтган бодибилдинг бўйича чемпионатда бу спортнинг Ўзбекистондаги энг бақувват намоёндалари иштирок этганлар. Тадбирга келган томошабинлар кўплигидан кўплар танловни тикка туриб томоша қилишган. Танлов иштирокчилари тўққиз вазн тоифаси ва бир мутлақ тоифа бўйича баҳоланганлар.

Артем Пашикян 85 килограм вазн тоифасида биринчилик қўлга киритиши ортидан, мутлақ тоифада ҳам ғолиб чиқиб, Ўзбекистоннинг энг зўр бодибилдери унвонини олди.

Ўзбекистонда Бодибилдинг ва Фитнес Федерацияси 2006 йилда ташкил этилган. Федерация нафақат Тошкент, балки мамлакат бўйлаб турли шаҳарларда кўрик танловларни ўтказиб келмоқда.

Кўп спорт таҳлилчилари ва бодибилдинг ишқибозлари охирги вақта бу спортга Ўзбекистонда бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини айтишади. Би-би-си Бодибилдинг бўйича бўлиб ўтган чемпионатнинг ҳакамлар ҳайъати раиси Акмал Базаровдан бу қизиқиш ортидаги сабаблар ҳақида сўради.

Артем Пашикян мутлақ ғолиб деб топилди

Базаров: Бодибилдинг Ўзбекистонда оммавий спортга айланаяпти. Бу спортга бўлган иштиёқ шундоқ ҳам кўп йиллардан бери мавжуд эди. Эсингизда бўлса, 1990-йилларда тренажер заллари оғзаки тақиқлов остида эди ва ҳамма ерости залларида шуғулланарди. Бу ҳали Совет Иттифоқидан бери давом этаётган ҳол эди. Лекин, аста-секин бу спорт Ўзбекистонда расмий мақомга эга бўлди, ёшлар орасида қизиқиш жуда кўпайди, атлетлар кўпайди. Мана шу қизиқишдан келиб чиқиб, биз Ўзбекистон Бодибилдинг ва Фитнес Федерациясини ташкил қилдик. Бу федерациянинг президенти Дмитрий Адисман қўли остида ҳозир жуда фаол иш олиб борилаяпти. Федерация вице-президенти Тимур Собиров ҳам бу спортнинг тараққиёти учун жуда кўп ишлар олиб бораяпти. Бизнинг ҳукуматимиз умуман спорт тараққиётига алоҳида эътибор қаратаяпти.

Би-би-си: Сиз ўзингиз ҳам шу спорт билан шуғулланасизми?

Базаров: Ҳа, мен 1990-йиллар бошларидан бери шуғулланаман. Ҳозир билан у вақтни солиштирса, ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Ҳозир Тошкентнинг ҳар бир бурчагида тренажер залларини кўрасиз. Мен бошлаган кунларда уларни бармоқ билан санаса бўларди, бугунда эса кундан кунга янгилари очилаяпти. Одамларда соғлом турмуш тарзини юритишга қизиқиш ҳам ортган.

Би-би-си: Нима учун бодибилдингга бўлган қизиқиш ортаяпти?

Базаров: Чунки жисмоний фаоллик инсон соғлигига яхши таъсир кўрсатади. Иккинчидан бодибилдинг бу инсон танасининг гўзаллигини англатади. Соғлом танада соғлом руҳ бўлади.

"Cоғлом бўлиш ҳеч қандай қадриятларга зид нарса эмас"

Би-би-си: Соғлом бўлиш учун бошқа спортлар билан шуғулланиш мумкин-ку, масалан футбол, ё енгил атлетика. Нима учун айнан бодибилдингга қизиқиш ортган?

Базаров: Биласизми, бодибилдингда спорт, эстетика ва гўзаллик мужассам бўлган. Ундан ташқари, бу зўравон спорт эмас. Унга билим билан ёндошилса, у жуда хавфсиз спорт.

Би-би-си: Билим билан ёндошиш ҳақида гапирдингиз. Кўплар бу спортга инсон соғлиги учун зарарли анаболиклар ва стероидлар аралашганини айтишади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Базаров: Бу ҳам билим билан ёндошмасликдан келиб чиқади. Масалан, овқат учун қўшимча қабул қилинадиган моддаларга келсак, бу ҳақида кўп билим керак. Чунки баъзи шундай моддалар соғлиққа ёмон таъсир қилади, кимнингдир юраги, ёки қон айланишини ёмон қилиши мумкин.

Танловда 75 килограмгача бўлган вазн тоифасида ўсмирлар ҳам иштирок этди

Би-би-си: Лекин, Федерация анаболик ё стероидларга қандай ёндошади? Бодибилдинг чемпионлиги иштирокчилари уларни қабул қилгани ё қилмагани текшириладими?

Базаров: Мен шахсан ўзим стероидларга жуда кескин қаршиман. Мен уларни ҳеч қачон қабул қилмаганман. Чемпионатга келсак, биз фақат саҳнадаги манзара борасида қарор чиқарамиз, лекин танловдан олдин қандайдир қон анализлари ё бошқа текширувларни олиб бормаймиз. Лекин, биз ҳар доим соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб келганмиз. Шунинг учун ҳам бу ташкилот Ўзбекистон Бодибилдинг ва Фитнес Федерацияси деб номланади.

Би-би-си: Бу спорт, баъзилар фикрида, "миллий қадриятларимиз"га тўғри келмаслиги мумкин. Ахир у бизнинг миллий спортимиз эмас-ку?

Базаров: Авваламбор, айтмоқчиманки, соғлом бўлиш ҳеч қандай қадриятларга зид нарса эмас. Катта мускулларга эга бўлиш, соғлом бўлиш ёмон нарса эмас. Ўзимизнинг миллий қаҳрамонларимизни олинг, Алпомишни олинг, улар соғлом, гавдали одамлар бўлганлар. Масалан, миллий спортимиз бўлган курашни олинг, паҳлавонларни олинг. Шу пайтгача ҳеч ким менга бодибилдинг миллий қадриятларимизга зид келишини айтгани йўқ.

Би-би-си: Бу йилги чемпионат қандай ўтганидан мамнунмисиз?

Базаров: Жуда мамнунман, аъло даражада ўтди. Ҳомийларимиз ёрдамида, кўп ташкилотчиларимиз, кўп ходимларимиз меҳнат қилишди ва Тимур Собиров қўли остида мана иккинчи чемпионатни ўтказдик. Кўз тегмасин, ҳаммаси яхши ўтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.