Гулнора Каримова: амбицияли ҳар бир одам давлат раҳбари бўла олади

20 декабрда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова "Фонд Форум"нинг йиллик ҳисоботига бағишланган матбуот анжуманида журналистлар ва йиғилганларнинг саволларига жавоб берган.

Фонд Форумнинг матбуот йиғилиши Россия Президенти Владимир Путиннинг йиллик матбуот анжумани билан бир кунга тўғри келган.

Фонд Форум ташкил қилган йиғилишда республика ва хориж журналистлари, шунингдек, турли соҳа вакиллари қатнашишган.

Гулнора Каримовага берилган саволлар ичида РИА НОВОСТИ мухбирининг "Ўзингизни потенциал давлат раҳбари сифатида кўра оласизми?" деган саволига Каримова хоним ўзини амбицияли одам деб билишини, рисоладаги давлат раҳбари сифатида ҳар бир амбицияли шахс калласини ишлаб интилса эришиши мумкин", деб жавоб қайтаради.

Бунга у отаси Ислом Каримовни мисол тариқасида келтиради. " У камбағал ва кўп болали оиладан бўлган. Ва ўз фаолияти давомида жиддий ютуқларга эришиб, нафақат президент бўлган, СССР даврида 25 йил Госпланда ишлаган", дейди.

" Мен баъзида ўзим учун энг асосийси, юқоридагиси нима? деган саволга жавоб беришим қийин, бироқ мен ўзимни ривожланаётган инсон сифатида аниқ чегара қўйилмаган киши деб биламан", деб айтади Гулнора Каримова.

Саволлар орасида ундан Фонд Форумдаги фаолияти, хайрия тадбирлари, Твиттердаги иштироки, йога машқлари ҳақида сўрашган. Ўзи ҳақидаги матбуот ва интернетдаги танқидларга нисбатан Каримова хоним "мевали дарахтга тош отилади", деб жавоб берган.

Гулнора Каримова ўз жавобларида ўзбек мақолларидан тортиб Конфуций хикматларигача мисоллар келтиришга ҳаракат қилган.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Гулнора Каримова ҳеч қачон ўзидаги амбицияларини яширмаганини айтади: Ҳаттоки баъзи экспертлар Гулноранинг истаги билан 2004 -2005 йилларда унда президент бўлишга потенциали борлиги билдиришган. Катта йиғинлардан бирида Алексей Малошенко Гулнорани президент бўлишга потенциали бор шарқнинг аёли сифатида таърифлаганда ёнида ўтирган Каримова буни илиқ, табассум билан кутиб олади", - дейди у.

Гулнора Каримованинг сиёсий карьераси 1995 йилда бошланиб, президентнинг 23 ёшли қизи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси қилиб тайинланган эди.

2003-2005 йилларда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида, шунингдек БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонасида маслаҳатчи бўлади. 2010-2012 йилларда Испанияда мамлакат номидан элчи бўлиб ишлайди.

Гулнора Каримова фаолиятининг кейинги йилларда кучайганлиги, уч соҳа- давлат ва нодавлат секторида ҳамда бизнес соҳаларида фаоллашгани, ҳокимиятни қўлида ушлаб қолиш, отасининг ҳокимиятини ўзининг қўлига ўтказишга қаратилгани айтилади.

"Ўзбекистондаги сиёсий маданиятга кўра, Каримов мутлақ монарх сифатида кўрилса, Гулнора Каримова монархнинг ўриндоши сифатида қабул қилинади. Гулнора Каримованинг ҳозирги мавқеи фақатгина юридик, ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилмаган. У Ўзбекистонни қисман, баъзи соҳаларни тўлалигича бошқараётган шахс сифатида шаклланган. У талантли ёшлар орасидан ўзида йиғилган маблағнинг озгина қисмини уларга сарфлаб гуруҳ ҳам тузишга эришган. Гулнора Каримова ва отаси ўртасидаги зиддият шундан иборатки, Гулнора ҳокимиятга тезроқ келишни хоҳлайди. Ислом Каримов эса ҳокимиятни ҳозир топширишга тайёр эмас. Лекин биз Каримовнинг қандай қилиб ҳокимиятдан кетишини ва Гулноранинг бу борада имконияти, бугун унга бўйсуниб турган қудратли шахсларнинг кейинги муносабати қандай бўлишини ҳам айтолмаймиз", - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Бу мавзуда батафсилроқ