BBC navigation

МТС 2013 йилда Ўзбекистонга қайтиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 25 декабр 2012 - 12:11 GMT

МТСнинг Ўзбекистондаги 10 миллионга яқин мижозлари бир кунда тармоқдан узиб қўйилган

МТСнинг эгаси бўлган "Система" корпорацияси раҳбари Владимир Евтушенковга кўра, ўзбек томони билан бораётган музокаралар келаси йил бошига қадар чўзилиши мумкин.

РИА Новости агентлигига берган интервюсида жаноб Евтушенков МТС Ўзбекистонга қайтиши, аммо янгича шароитларда иш олиб боришини айтган.

"Бу одатий музокаралар жараёни ва чамаси келаси йил бошига қадар чўзилади", дея МТС раҳбаридан иқтибос келтиради агентлик.

Жаноб Евтушенковнинг таъбирича, "кўр ҳассасини бир марта йўқотади ва афтидан, аввалги шартлар энди бўлмайди".

МТС раҳбарига кўра, Россия мобил операторининг Ўзбекистонга қайтиши борасидаги музокаралар ҳукуматлараро даражада бормоқда.

Шу тариқа жаноб Евтушенков икки ҳафта аввал Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияларининг Тошкентда ўтган мажлисида МТС масаласи кўтарилганини тасдиқлаган, аммо музокаралар тафсилотларини ошкор қилмаган.

2004 йилда "Ўздунробита" мобил алоқа ширкатининг ҳиссаларини сотиб олган МТС Ўзбекистон бозорида 2012 йил июнига қадар фаолият олиб борган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия ширкатини молиявий қаллобликлар ва солиқдан қочишда айблаши ва ширкат лицензиясининг тўхтатилиши ортидан 10 миллионга яқин мижозлар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бир кунда тармоқдан узиб қўйилган.

МТСнинг Ўзбекистондаги мулки ҳибс этилган.

Ўзбек томони "Ўздунробита" бош директори Беҳзод Аҳмедовни халқаро қидирувга берган ва МТСнинг қатор юқори мартабали бошқарувчиларини маҳкамага тортган.

Шу йилнинг ноябр ойида жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар маҳкамаси 600 миллион доллар миқдоридаги солиқларни тўлаш эвазига "МТС-Ўзбекистон" мулкини давлат тасарруфига ўтказиш қарорини бекор қилган.

Оврўподаги текширувлар

МТС атрофидаги можародан кўп ўтмай, Оврўпода Ўзбекистон телекоммуникация тизимидаги коррупцияга доир икки йирик текширув бошланган.

Швейцария ва Швеция матбуоти Ўзбекистондаги иккинчи йирик мобил алоқа ширкати бўлган Ucell нинг эгаси- "Тeliasonera" Ўзбекистондаги лицензияси учун Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин шахсларга пора бергани ҳақида ёзган.

Гулнора Каримованинг ўзи ва ўзбек расмийлари бу иддаоларга жавоб беришмаган.

Кузатувчиларга кўра, МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши Россия Тошкентга ўтказган босимлар натижаси бўлади.

Россия Бош прокуратураси "МТСнинг Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқарилиши" юзасидан жиноят иши очган ва рус матбуоти айни иш доирасида Гулнора Каримованинг Москвадаги ҳашаматли уйи ҳибс этилгани ҳақида ёзганди.

Гулнора Каримованинг ўзи Твиттердаги саҳифасида бу хабарларни рад этган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.