BBC navigation

Москвадаги ҳибсхонада ўзини осган ўзбекистонликнинг жасади яқинларига топширилган

Сўнгги янгиланиш 27 декабр 2012 - 13:16 GMT

Абдусамат Фазлиддинов ўзбек махсус хизматларининг таҳдидидан сўнг ўзини осган

Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказига кўра, Москвадаги муваққат ҳибсхонада ўз жонига қасд қилган наманганлик 19 яшар Абдусамат Фазлиддиновнинг жасади яқинларига топширилган.

"Мемориал" хабарномасида айтилишича, марҳум йигитга бир кун аввал Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари таҳдид қилишган.

Абдусамат Фалиддинов руҳий тушкунлик сабаб 9 декабр куни Москвадаги 4-СИЗОда ўзини осиб қуйгани хабар қилинган.

Россиянинг Калининград вилоятида меҳнат муҳожири бўлган Абдусамат Фазлиддинов 2012 йил 15 ноябрда Москванинг "Шереметьево" аэропортидаги паспорт текшируви пайти қўлга олинади.

У билан бирга яна тўрт ўзбекистонлик ҳам ушланган.

Милиция ходимларига кўра, Наманганнинг бир маҳалласидан бўлган беш йигит Россияда икки йил давомида ишлашган.

Ўзбек расмийлари уларни тақиқланган экстремистик ташкилотга аъзоликда айблаб халқаро қидирувга берганлар.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига кўра, ўзбек меҳнат муҳожирлари Калининградда "Ҳизб ут-Таҳрир" фирқасига аъзо бўлишган ва жиҳодга тарғиб қилувчи ташкилотга пул ўтказганлар.

Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказининг хабар беришича, 2012 йил 7 декабр куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг уч ходими муваққат ҳибсхонада бўлиб, ўзбеклар билан учрашишган.

"Мемориал"га кўра, сўроқ пайтида, йигитлар тирноқлари қўпорилиб олиш, 15-20 йиллик турма ва бошқа таҳдидлар билан қўрқитилган.

Жазосизлик

Россиялик ҳуқуқ фаолларига кўра, ўзбек махсус хизматлари Россия ҳудудида бемалол ноқонуний амалларга қўл уришмоқда.

Москвадаги "Инсон ҳуқуқлари институти" фаоли Елена Рябининанинг Би-би-сига айтишича, бу каби жазосиз қолаётган ҳаракатларнинг сабабини Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида қабул қилинган келишувларда кўриш мумикн.

"ШҲТ доирасидаги келишувларда аксил-терор гуруҳи ходимлари, ШҲТга аъзо давлат ҳудудида бўлганларида, жазога тортилмайди, деган ибора ишлатилмаган бўлса ҳам, лекин уларга дипломатик дахлсизлик қўлланади, яъни улар ҳар қандай ҳаракатлари учун маъсулиятдан халос этилади ва ҳаттоки уларнинг хизмати тугаганидан сўнг хам, улар жазога тортилмайдилар", дейди россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Рябинина.

Унга кўра, Абдусамат Фазлиддинов ўзбек махсус хизматлари Россия ҳудудида қийноқлар билан таҳдид қилган биринчи Ўзбекистон фуқароси эмас.

"Мемориал"нинг маълум қилишича, 20 декабр куни МХХ ходимлари Калининград вилоятининг Славинск посёлкасидаги манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган Латиф Жалолбоевни бориб кўришган.

Улар Жалолбоевни ертўлага олиб кириб, сўроқ қилганлар.

Сўроқ жараёнида наманганлик гўёки жиҳодий гуруҳлардан бирини молиялашга алоқадор шахслар ҳақида сўз борган.

МХХ ходимларидан бири Жалолбоевга "сенинг шеригингни Москвада ўлдиришди, сен ҳам ўласан", дея таҳдид қилган.

"Дўппослашлардан кейин Жалолбоев юролмайдиган алфозда алоҳида камерага қўйилган", - дейилади "Мемориал" хабарида.

Елена Рябининанинг айтишича, ўзбек махсус хизматларининг Россия ҳибсхона ва жазо муассасаларига бемолол кириб-чиқишлари "мутлақо ноқонуний".

"Россия фуқаролари ёки Россия ташкилотларига ҳар доим ҳам мамлакат ҳудудидаги ҳибсхоналарга киришга рухсат берилмаётган бир пайтда хорижий давлат махсус хизматларининг бемалол кириб, суриштирув олиб боришлари, устига тақиқланган усуллар, жумладан, қийноқ қўллашлари мутлақо ноқонунийдир", - дейди россиялик ҳуқуқ фаоли.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.