BBC navigation

Ўзбекистон: қийноқларни тақиқловчи қонун 1 йилдан кейин кучга киради

Сўнгги янгиланиш 27 декабр 2012 - 12:05 GMT

Ўзбекистон куч тизимлари шафқатсиз қийноқ усулларини қўллаши билан ном чиқарган

Президент Ислом Каримов қийноқларни тақиқловчи қонунга имзо чеккан.

"Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун фақат 2013 йил охиридан кучга киради.

Ноябр ойида қонунчилик палатаси-Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонун парламентнинг юқори палатаси - Сенатнинг шу йил 5 декабрида ўтган сессияда маъқулланган.

Парламент нашри бўлган "Халқ сўзи" рўзномасида чоп этилган қонунга расмий шарҳ берилмаган.

Жумладан, унинг нима учун айнан 1 йилдан сўнг кучга кириши сабаби номаълум.

Бу Ўзбекистон қонунчилик амалиётида аввал кузатилмаган.

Амалдаги тажрибага мувофиқ, қонунлар матбуотда эълон қилинганидан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

"Ҳеч ким қийноққа солиниши мумкин эмас"

Қонун матнидан

Олий Мажлиснинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Қодир Жўраев Би-би-сининг бу ҳақдаги сўровига ёзма равишда мурожаат қилиш талаби билан жавоб қайтарди.

Интерфакс хабар агентлигининг Олий Мажлис матбуот хизматидан иқтибос келтиришича, қонундан кўзланган асосий мақсад "ҳуқуқ-тартибот идораларининг тергов ва суриштирув жараёнлари олиб бориш учун қонуний ва ҳуқуқий асос яратиш, шунингдек, бу жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш"дан иборат.

Қонунннинг 7-банди қийноқ ва зўравонлик ишлатишни тақиқлайди.

"Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки иносн шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас", дейилади унда.

Янги қонун шунингдек, тезкор -қидирув фаолияти давомида жисмоний куч, қурол-яроғ ва махсус жиҳозларни ишлатиш тартибини белгилаб беради.

'Моҳият ўзгармайди'

Бу Ўзбекистонда қийноқларга қарши қабул қилинган биринчи қонуний ҳужжатдир.

Ҳозирга қадар милиция ва бошқа куч тизимларининг фаолияти норматив актлар билан тартибга солиб келинган.

"Янги қонун Ўзбекистондаги сиёсий тузумнинг моҳиятини ўзгартирмайди"

Толиб Ёқубов, инсон ҳуқуқлари фаоли

Аввалроқ Ички ишлар вазирлигининг веб саҳифасида милиция тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш учун махсус комиссия тузилгани хабар қилинган.

Ўзбекистон милицияси, хавфсизлик хизматлари ва бошқа куч тизимлари гумондорлар, хусусан, сиёсий мухолифларга қарши шафқатсиз қийноқ усулларини қўллаши билан ном чиқарган.

2002 йилда мамлакат қамоқхоналарини бориб кўрган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистоннинг дастлабки тергов ҳибсхоналари ҳамда жазо муассасаларидан қийноқларнинг "мунтазам" қўлланишини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати БМТ маърузачисининг хулосасини рад этмаган, аммо унинг тавсияларини ҳам бажармаган.

2003 йилда қабул қилинган "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури" орадан бироз вақт ўтиб, унутилган.

Парижда муҳожиротда яшаётган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ёқубовга кўра, янги қонун жаҳон ҳамжамиятини чалғитишга қаратилган.

"Бу қонундан мақсад битта. У ҳам бўлса, жаҳон ҳамжамиятининг кўзини шамғалат қилишдир. Мен Ўзбекистондаги сиёсий тузумнинг моҳиятини жуда яхши биламан. Бу қийноқларга асосланган тузум ва янги қонун унинг моҳиятини ўзгартирмайди", - деб айтди ҳуқуқ фаоли.

Унга кўра, қийноқларни тақиқловчи нормалар мазмунан Конституция ва бошқа ҳужжатларда ҳам мавжуд, аммо ҳеч қачон амалда тадбиқ этилмаган.

Ҳибсхонадаги яна бир ўлим

Қийноқларга қарши қонун матбуотда эълон қилинган 26 декабр куни эса Тошкентда яна бир диндорнинг тергов ҳисбхонасида қийноқлар натижасида вафот этгани ҳақида хабар олинган.

Зангиоталик 40 ёшли Шавкатжон Нурматовнинг жасади 14 декабр куни яқинларига топширилган.

Унинг шу йил ноябрида Тошкент вилоят милицияси томонидан диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда гумон қилиниб, ҳибсга олингани айтилади.

Ҳуқуқ фаоллари марҳум яқинларининг қўрқитилганини айтишган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.