BBC navigation

Сўх: Вазият тинч, аммо таранг қолмоқда

Сўнгги янгиланиш 8 январ 2013 - 09:28 GMT

Қирғиз-Ўзбек чегарасидаги қишлоқлардан бири (RFE/RL акси)

Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний кириб, бир нечта симёғоч тортишганини ҳақидаги хабарлар Қирғиз ахборот воситаларида пайдо бўлди.

КирТАГ хабар агентлиги Қирғиз ҳукумати вакили Қурбонбой Искандаровдан иқтибос келтириб ёзишича, Қирғизлар Ўзбекистоннинг Сўх анклавига кириб, бешта симёғоя ўрнатишган.

Бироқ ўзбек фуқароларига қарши ўз ҳарбийлари ўт очишгани ҳақидаги хабарларни Бишкек вакиллари рад этиб келишаётир.

Айни дамда, РИА-Новости хабар агентлиги Ўзбек тарафига таяниб хабар бераркан, Қирғиз ҳарбийлари ўзбекистонликларга қарата ўт очиб, уч сўхликни жароҳатлашган, деб ёзмоқда.

Бир кун олдин расмий Тошкент можаро бошланишида Қирғизистон ҳарбийларини айблаган ва улар Ўзбекистон фуқароларига қарши ўт очиб, беш кишини ярадор қилишган, деб билдирганди.

Ҳозир Ўзбекистоннинг Сўх анклавида гаровга олиш можароси тинчиган. Лекин Қирғиз тарафи вазият таранг қолаётганини билдираётир.

Ўтган якшанба куни Сўх анклавидаги Ҳушёр қишлоғи аҳолиси 30 нафардан ортиқ Қирғизистон фуқаросини гаровга олишгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистонликларга кўра, бунга сабаб Қирғиз чегарачилари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний кириб, симёғочлар тортишади. Ушбу амалга ҳушёрликлар норозилик билдирганида, қирғиз чегарачилари қуролсиз ўзбекистонликларга қарши ўт очишади.

Бунинг натижасида ўртада можаро чиқиб, сўхликлар бир нечта қирғиз фуқаро ва ҳарбийсини гаровга олишади.

Ҳозир барча гаровдагилар озод қилинган. Аммо Ўзбек-Қирғиз чегара ўтиш нуқталари ёпиқ қолмоқда.

Бу икки мамлакат орасида кичик-савдо ва борди-келди кўп. Лекин аҳоли зич яшайдиган чегара минтақаларидаги қатор баҳсли ҳудудлар масаласи очиқ қолмоқда.

Сўнгги хабарларга биноан, Ўзбекистон тарафи аввалги келишилган айрим чегара чизиқларини қайта кўриб чиқишни истамоқда.

Қирғизистон эса бундан норози.

Сўх можароси ортидан иккала тараф расмийлари ҳам ўртадаги мавжуд муаммоларни гаплашиб, ҳал этишга ҳаракат қилишларини айтишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.