BBC navigation

Ўзбекистон: хорижий ширкатлар қанча солиқ тўлайди?

Сўнгги янгиланиш 8 январ 2013 - 13:19 GMT

Медиа плейер

Янги тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон бизнесга солинадиган солиқлар миқдори минтақа ва Шарқий Оврўпода энг юқори бўлган давлатдир.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

МТС ширкати Ўзбекистонда ярим миллиард доллар миқдоридаги солиқни тўламаганликда айбланган

Жаҳон банки Халқаро савдо корпорацияси ҳамда Pricewaterhouse Coopers аудиторлик ширкати билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон бизнесга солинадиган солиқлар миқдори энг баланд бўлган давлатлардан биридир.

"Солиқлар-2013. Глобал манзара" деб номланган тадқиқотда Ўзбекистон 185 давлат орасида 161-ўринни эгаллаган.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда умумий солиқ ставкаси 98.5 фоизни ташкил этади.

Шундан 0.9 фоизи даромад солиғи, 28.2 фоиз ижтимоий солиқ ва 69.4 фоизи бошқа турдаги солиқлардир.

"Биржевой лидер" нашрининг Pricewaterhouse Coopers мутахассиси Павел Херманскийдан иқтибос келтиришича, бу Шарқий Оврўпо ҳамда Марказий Осиё бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

"Бу энг юқори кўрсаткич, чунки Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиёда солиқларнинг умуий миқдори ўртача 41.3 фоизни ташкил этади", - деб айтган нуфузли аудиторлик ширкати вакили.

Рўйхатдан англашишилича, минтақада солиқлар миқдори энг кам бўлган давлат Қозоғистонда - 28.6 фоиз.

Умумий рўйхатда Қозоғистон 17 - ўринни эгаллаган.

Қирғизистонда солиқларнинг умумий миқдори 68.9, Тожикистонда эса 85.9 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси 2013 йилда хўжалик субъектлари учун солиқлар миқдори камайтирилиши ва тўлов тизими соддалаштирилишини эълон қилган.

Ким қанча солиқ тўлайди?

Иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайиновнинг айтишича, бу Ўзбекистондаги ширкатлар айнан шунча солиқ тўлайди, дегани эмас.

"Агар жуда интизомли ва ҳалол тадбиркор солиқ тўлайман деса, ҳақиқатан ҳам шунча солиқ чиқади. Бироқ амалиётда ҳаммаси бошқача",- дейди Анвар Ҳусайинов.

Россиянинг МТС ширкати атрофидаги можаро Ўзбекистонда хорижий ширкатлар тўлайдиган солиқлар масаласига эътиборни тортган.

Анвар Ҳусайиновнинг айтишича, Ўзбекистон солиқ ставкаларининг баландлиги ва сармоя муҳити ҳақидаги гап-сўзларга қарамасдан, у ердаги йирик хорижий ширкатларнинг раҳбарлари Ўзбекистондаги вазиятдан мамнун эканликларини сезиш мумкин.

"Қонунлардаги имтиёзларнинг ўзи кўплигидан ташқари турли-туман вазирлик ва бошқа идоралар билан икки томонлама келишувлар мавжуд", - дейди Анвар Ҳусайинов.

"МТС мисолида Ўзбекистон Олий Хўжалик суди бир кунда қанча солиқ тўланмаганини аниқлади. Фақат шундай тортишувлар чоғидагина билиб қоламиз бу солиқлар миқдорини".

Анвар Ҳусайиновга, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ширкатлардан олинадиган солиқлар миқдорининг жамоатчиликка ошкор этилмаслиги турли коррупцион схемалар ҳақидаги фикрларга етаклайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.