BBC navigation

"Ўқитувчилар интернет кафеларда навбатчиликка туришибди"

Сўнгги янгиланиш 10 январ 2013 - 13:21 GMT

Eurasianet.org сайтининг ёзишича, Ўзбекистонда мактаб ўқитувчилари ўқувчиларнинг қандай сайтларга киришини назорат этиш учун интернет кафеларда навбатчилик қилмоқда.

Би-би-си олиб орган текширувлар ушбу хабарни тасдиқлади. Ўқувчиларнинг нима ўқиб, қандай ўйин ўйнаётганини кузатиш учун мактаб ўқитувчилар кечки соат саккизгача кафеларни назорат қилаётгани кузатилади.

Баъзи кузатувчилар эса интернетга уланишнинг турли тармоқлари мавжуд бўлгани боис ушбу жараённи назорат қилиш қийинлигини айтишади.

Фарғона шаҳридаги бир неча мактабга телефон қилганимизда ўқитувчиларнинг интернет кафеларда навбатчилик қилаётганини тасдиқлашди.

Шаҳардаги бир мактаб билан боғланганимизда айни дамда мактабнинг жамоат ишлари бўйича масъул ўқитувчиси интернет кафеларни текшириб юргани маълум бўлди.

"Дарс вақтида бир марта назорат қилиб, сайтларни текширади. Болалар нима билан шуғулланаяпти, қанақа сайтларга кираяпти, деб кўради. Шу вақтгача тартиб бузилган ҳолат бўлгани йўқ. Бизда бу бўйича қатъий назорат йўлга қўйилган. Назорат қаттиқлиги учун ўқувчиларимиз анча дарсга тушиб қолган", - дейди исмини ошкор этмасликни сўраган ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчининг илова қилишича, мактаб ўқитувчилари навбати билан интернет кафеларга бориб соат кечки саккизгача назорат қилиши мумкин. Қўшимча ишлагани учун эса муаллимларга қўшимча маош берилмайди.

"Бу нарсага ойлик белгиланмайди. Фақат ўша директор фондидан мукофот пули ажратишимиз мумкин. Ёки бирор рағбатлантириш бўлиши мумкин. Лекин ҳеч қандай маош ажратилмайди", - дейди у.

Суҳбатдошга кўра, интернет кафеларга масъул ўқитувчи ўқувчиларнинг жума намозига бормаётганини назорат қилиш учун ҳам ҳар жума масжидга боради. Гўё шу йўл билан ўқувчиларнинг дарсдан чалғимаслиги таъминланади.

Ушбу ҳаракатлар ота-оналарнинг розилиги ва улар билан ҳамкорликда амалга оширилиши айтилмоқда.

Мухолиф қарашдаги сайтлар

Ўзбекистон ҳукумати мустақил ва мухолиф қарашларга эга сайтларга таъқиқ қўйган. Аммо, бу сайтларга турли айланма йўллар орқали кириш имкони сақланиб қолмоқда.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг интернет платформаларида бир неча саҳифаси ва ижтимоий гуруҳлари мавжуд. Ҳаракат масъуллари ушбу ижтимоий гуруҳларнинг асосий иштирокчилари ёшларни ташкил қилаётганини ва уларнинг орасида мактаб ўқувчилари ҳам борлигини айтишади.

"Ҳозир бизнинг одноклассник гуруҳимизда аъзоларимизнинг сони 25 минггга яқинлашиб қолди. Унинг ичида айниқса ёшлар кўп. Ўқувчилар менга хат ёзиб мактабда бўлаётган ишлардан ҳайрон қолаётганларини ёзмоқда. Таълим берилиши ёки ўқитувчиларнинг қилаётган ишига 15-16 ёшли болалар ҳайрон қолиб ёзаяпти", - дейди Ўзбекистон Халқ ҳаракати муассислар мажлиси аъзоси Намоз Нормўмин.

Жаноб Нормўминга кўра, ҳукумат ўқитувчиларни текин ишлатиб интернет кафеларни назорат қилишга мажбурлаган тақдирда ҳам ўқувчилар қўл телефонлари орқали эркин фикрли сайтларга бемалол кирмоқда ва фаоллашмоқда.

"Бир талаба ёзаяптики, интернетга кирмасин деб кечқурунлари токни ўчириб қўйяпти. Кечқурун одноклассникка кириш учун телефонимни кун бўйи ишлатмай юраман. Болалар телефон орқали одноклассник, фэйсбук ва ҳатто бизнинг саҳифамизга ҳамда бошқа ахборот сайтларига кириб бўлаётган воқеалардан хабардор. Қувончли тарафи ёшларнинг мана шундай нарсаларга қизиқиши", - дейди мухолифатчи.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.