BBC navigation

Сўх: 'Ўзбекистон товон пули тўлашга рози'

Сўнгги янгиланиш 11 январ 2013 - 13:09 GMT

Чегара олдида бўлган ҳуқуқбонга кўра, чегара 4 соатга очилиши мумкинлиги борасида тахминлар айтилган

Ўзбекистон томони ўтган якшанба куни сўхликлар томонидан қирғиз фуқаролари ва мулкига етказилган зарар учун товон пули тўлашга розилик берган.

Бу ҳақда хабар берган қирғиз расмийлари товон пули тўлангандан кейингина ярашув бўйича ҳамкорликда иш бошланишини билдирган.

Ўз навбатида Ўзбекистон томони Риштонда қолаётган сўхликларга моддий ёрдам бериш мақсадида уларнинг рўйхатини туза бошлаган.

Фарғона ва Боткент вилояти ҳокимларининг учрашуви натижасида Ўзбекистон етказилган зарарни тўлиқ қоплашга тайёрлигини изҳор этган.

Қирғиз томонига кўра, можаро ортидан 30 ортиқ одам зарар кўрган. Шунингдек, сув қувури ва симёғочлар бузиб ташланган.

“Фарғона вилоят ҳокими чегара атрофида жойлашган икки қишлоқ аҳлини яраштириш тадбири ўтказишни таклиф қилди. Бизнинг масъул вакилимиз Женис Раззақов ушбу таклифни маъқуллади. У бу каби тадбирларни товон пули тўланганидан кейингина ўтказилишини айтди”, - дейди Боткент вилоят ҳокимияти матбуот котиби Мамажон Бердишев.

Мамажон Бердишевга кўра, чегара олдида вазият танглигича қолмоқда. Гаровга олинган одамларнинг яқинлари зарарни қоплаб бериш ва айбдорларни жазолашни талаб қилиб, ҳар куни чегара олдида йиғилмоқда.

'Чегара очилармиш...'

Ўзбек ва қирғиз чегарачилари икки томонлама чегарани ёпиб қўйган ва уни кучайтирилган тартибда қўриқламоқда.

Боткент вилоят ҳокимияти масъулининг маълум қилишича, чегарада юзаган келган отишма борасида тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қирғиз томонининг таъкидлашича, чегарачилар ҳавога ўқ узган.

Айни дамда Риштон туманида юзлаб сўхликлар чегара ёпилиши ортидан анклавга ўта олмаяпти.

Мустақил инсон ҳуқуқлари Ташаббус гуруҳи вакили Баҳодир Элибоевнинг Риштондан туриб маълум қилишича, маҳаллий ҳокимият туманда қолаётган сўхликларга ёрдам бериш мақсадида уларнинг рўйхатини туза бошлаган.

“Бугун Риштон туман маҳаллаларининг кўчабошилари хонадонларига кириб, кимларнинг уйида қанча сўхлик яшаётганини рўйхат қилиб юришибди. Кўчабоши, ҳокимият томонидан уларга озиқ-овқат ажратиш бошланган, шунинг учун рўйхат тузиб юрибмиз, деган жавобни айтди”, - дейди Баҳодир Элибоев.

Чегара олдида бўлган ҳуқуқбонга кўра, чегара 4 соатга очилиши мумкинлиги борасида тахминлар айтилган.

“Сал олдинроқ чегарага борганимда, одамлар кутиб туришган эди. Сўхликлар орасида бугун чегара 4 соатга очилади деган гаплар юрган эди. 4 соатга очилиб, бу ёқдаги сўхликлар у ёққа, у ёқдаги риштонликлар бу ёққа ўтиб олганидан кейин чегара 6 ойга ёпилади, деган гап бор эди. Сўхликларга чегарачилар шундай хабар беришган”, - дейди Баҳодир Элибоев.

Бироқ ушбу гап тасдиқлангани йўқ. Қирғиз расмийлари чегаранинг икки томондан ҳам ёпиқ қолаётганини билдирди.

Ўзбек расмийлари эса бу борада матбуот орқали бирор изоҳ бергани йўқ.

Би-би-си Сўх туман ҳокимиятига телефон қилганида, ўзини навбатчи дея, таништирган ходим, ҳокимиятда расмийлардан ҳеч ким йўқлигини билдирди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.