BBC navigation

'Уздунробита' ўзини банкрот деб эълон қилмоқчи

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2013 - 11:09 GMT

Россиянинг МТС мобил алоқа ширкати хабар қилишича, ширкатнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Уздунробита" ўзининг банкротлиги ҳақида маҳкамага мурожаат қилган.

"Мобильные ТелеСистемы" матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, "Уздунробита" ўзининг касодга учрагани ҳақидаги ариза билан Тошкент шаҳар хўжалик маҳкамасига мурожаат қилган.

"МТС"га кўра, бунинг сабаби Ўзбекистон маҳкамаларининг қарорлари билан "Уздунробита" ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажара олмай қолганидир.

"Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар маҳкамасининг 2012 йил 17 сентябрдаги ҳукми ва Тошкент шаҳар Аппелияция ҳайъатининг қонуний кучга кирган ажрими билан "Уздунробита" Масъулияти Чекланган Жамиятига молиявий даъволар 600 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган. Ҳозирги пайтга келиб маҳкама қарорининг кучга кириши билан "Уздунробита"нинг ҳисобида қолган 150 миллион долларлик маблағ суғуриб олинди", дейилади МТС тарқатган баёнотда.

Россия мобил алоқа ширкатига кўра, Ўзбекистондаги воқеалар туфайли ўзининг соф даромадидан 1 миллиард 80 минг АҚШ долларидан воз кечишига тўғри келган.

МТСнинг сўнгги хабарида ширкати ўзининг Ўзбекистондаги шўъба корхонасига қарши қилинган ноқонуний амаллар оқибатида кўрган зарарларини ундириш учун халқаро даражадаги барча ҳуқуқий воситаларни ишга солишини билдирган.

2012 йил охирида "Уздунробита" янги йилдан фаолиятини қайта бошлаши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган, МТС раҳбарларидан бўлган Владимир Евтушенков Ўзбекистондаги масъуллар билан МТС ўртасида музокаралар бораётгани ҳақида айтган эди.

Жаноб Евтушенков таъбирича, МТС Ўзбекистонга 2013 йилда қайтиши, бироқ янги шартларда қайтиши мумкин.

Бироқ 2013 йил январи ўртасида "Уздунробита" ходимларининг барчасидан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳозиргача "Уздунробита"нинг 200 га яқин ходими аллақачон ишдан бўшагани, яна 200 киши апрел ойигача ишсиз қолишлари хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон мобил алоқа бозоридаги илк ҳамда энг йирик ширкат бўлган "Уздунробита"нинг муаммолари шу йил апрел ойида раҳбари Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қочгани ҳақидаги хабарлардан кейин бошланди.

Шу кеча-кунгача ҳам қаердалиги номаълум қолаётган Беҳзод Аҳмедовнинг номи швециялик журналистларнинг журналистик текширувларида қалқиб чиқди.

Ўзбекистон расмий идоралари "Уздунробита"ни йирик солиқ тўловларини яшириш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш кабиларда айблади.

Расман 9,5 миллион деб айтилган "Уздунробита"нинг мижозлари бир кунда мобил алоқасиз қолдилар.

МТС "Уздунробита"га нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этди, Ўзбекистондаги қудратли кучларни мўмай даромад келтирадиган бизнесларини тортиб олишга уринишда айблади.

"Уздунробита" 1991 йилда собиқ Шўро республикалари орасида биринчилардан бўлиб ташкил этилган мобил алоқа ширкати эди.

2004 йилда Россиянинг "Мобильные ТелеСистемы" ширкати "Уздунробита"нинг 100 фоиз акцияларини сотиб олган.

Ўзбекистон хорижий сармоядорлар учун бизнес юритиш қийин ҳисобланадиган мамлакат ҳисобланиб келади, "Уздунробита" билан можаро Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўси учун яна бир салбий мисолга айланадиган бўлди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.