BBC navigation

Сўх тартибсизликлари учун товон пули кимдан ундирилаяпти?

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2013 - 16:17 GMT

Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон шу ой бошида Сўх анклави яқинидаги чегара ҳодисасида жабр кўргани айтилган Қирғизистон фуқароларига товон пули тўлашни бошлаган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Ўзбек томони ҳозиргача 35 минг доллардан кўпроқ товон пули тўлаган.

Қирғиз матбуотида Қирғизистоннинг Боткен вилоятида истиқомат қилган ва товон пулини олган инсонларнинг рўйхати эълон қилинган.

Улар асосан тартибсизликлар пайтида автомобиллари шикастланган ё Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетгани айтилган фуқаролар.

Боткен расмийлари товон пули 12 кишига берилишини айтганлар, келтирилган жами зарар 56 минг АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган.

Уларга 1000 АҚШ долларидан 9000 долларгача товон пулини беришга келишилгани ҳақида Боткен вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар тарқатган.

Товон пуллари Сўхнинг Ҳушёр ва Қирғизистонга тегишли Чорбоғ қишлоқлари ўртасида топширилган, бу ерда икки мамлакат расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари қатнашганлар.

Товон пулини олгани ва даъвоси йўқлиги ҳақида қирғизистонликлар тилхат ёзиб берганлар.

6 январ куни Қирғиз чегарачилари беш нафар Ўзбек фуқаросини отиб, яралаши ортидан ғазабнок сўхликлар Қирғизистон фуқароларига тегишли автолуовларга ўт қўйган ва ўндан ортиқ қирғизларни гаровга олган эди.

Айни пайтда қирғиз томонига тўланадиган товон пули Сўх аҳолисининг ўзидан йиғиб олинаётгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоят ҳокимлиги мулозими Би-би-сига бу ҳақда маълумот беришдан бош тортди, аммо сўхликлардан бирининг айтишича, маҳаллий фермерларга солиқ солингани ҳақда гап-сўзлар бор.

"Ҳар бир фермерга 300 минг сўмдан йиғиб бериш топшириғи вилоят ҳокими томонидан берилгани ҳақида одамлар гапиришаяпти", деди Ҳушёр қишлоғилик киши.

Ҳодисадан кейин ёпилган чегаралар ҳалигача очилгани йўқ.

Ҳушёрликлар ўша ҳодисадан кейин қишлоқни сув билан таъминлайдиган ягона манба Қирғизистондаги чашмадан ичимлик суви олишдан маҳрум бўлиб қолганларини, ҳокимият дизель ёқилғиси билан ёрдам бериб, Сўхдан тракторларда сув ташиб келтираётганларини айтмоқдалар.

Ўзбекистон анклави ҳудудида қопини 43 минг сўмдан ун сотиш, Сўхдаги ун заводида буғдойни қайта ишлаш бошланган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.