BBC navigation

'Бирдамлик' фаолининг саломатлигини текшириш талаб қилинмоқда

Сўнгги янгиланиш 21 январ 2013 - 17:34 GMT

Валерий Назаров карахт ва "бош жойида эмас"лигини айтган.

Ўзбекистондаги мухолиф "Бирдамлик" ҳаракати фаолларига кўра, ҳаракатнинг Хоразм вилояти етакчиси Валерий Назаровга Урганч шаҳрида жисмоний ва руҳий босимлар ўтказилган, шунинг унинг соғлиги халқаро тиббий текширувдан ўтказилиши лозим.

"Бирдамлик" ҳаракати бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кунларда ўзига хос норозилик амалиётлари ташкил этишга ҳаракат қилади.

Бу амалиётларда фуқароларнинг Ўзбекистон конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлариданг бохабар этиш мақсадида мамлакат конституцияси нусхаларини тарқатиш, оқ либос кийиш билан Ўзбекистон раҳбарияти ўз конституцияси ва қонунларини бузаётганига норозилик изҳор этиш", ОШ - "Оммавий Шодлик" тадбирлари режаланган.

Лекин ҳар йили республиканинг турли вилоятларида истиқомат қиладиган мухолифатчиларнинг режалаган тадбирларини ўтказишга давлат органлари тўсқинлик қиладилар.

2012 йил 8 декабрида ҳам "Бирдамлик" фаоллари пойтахт Тошкентда тўпланиш ва "Оммавий Шодлик" акциясини ўтказмоқчи эканлари ҳақида эълон қилдилар.

"Бирдамлик"нинг Хоразм бўйича етакчиси Валерий Назаров ҳам Тошкентга отланган, бироқ фаоллар шундан кейин 66 ёшли собиқ фермернинг Урганчдаги милиция ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари босимига учраганини айтганлар.

Валерий Назаров билан алоқа 7 декабрни куни узилган эди.

Орадан бир ярим ой ўтиб, Валерий Назаровнинг аҳволидан хавотирланган фаоллар Тошкентдан Хоразмга етиб боришган.

Фаолларга кўра, Назаров оиласининг аъзолари қаттиқ қўрқитилганлар, Валерий Назаровнинг карахт ҳолати ташвишга солган.

У ўзининг "боши жойида эмас"лигини айтган.

"Мен таниган Валерий Назаров бунақанги одам эмас эди-ку? Нега бунчалар паришонҳол? Ҳушлари ўзида эмас. Юролмаяптилар ҳатто, мувозанатларини йўқотиб йиқилаяптилар. Яна етакчимизни психотроп дори кўмагида ушлаб турган бўлмасинлар?", деган Малоҳат Эшонқулова.

Фаолларга кўра, Валерий Назаровни Урганч шаҳридаги руҳий шифохонада худди Елена Урлаевадек ўз ихтиёрига қарши ушлаб турган бўлишлари мумкин.

Шу сабабдан ҳам "Бирдамлик" халқаро ташкилотлардан Валерий Назаровнинг саломатлигини тиббий текширувдан ўтказишни талаб қилмоқда.

Валерий Назаровнинг Тошкентга боришига монеълик қилинган пайтда "Бирдамлик" ҳаракатининг Тошкент шаҳри, Жиззах вилояти ва Фарғона водийси вилоятларидаги фаоллари ҳам тазйиқларга учради.

Жиззахлик Саида Қурбонова 15 кеча-кундузга қамалди, Малоҳат Эшонқулова бир неча кунни Самарқандда уй қамоғи шароитида ўтказишига тўғри келди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.