BBC navigation

'Ўтюраклар клуби' Ўзбек қочқинини ортга экстрадиция этмасликни сўрамоқда

Сўнгги янгиланиш 23 январ 2013 - 13:30 GMT

Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси фаолларидан, Оврўпода истиқомат қилаётган қочқин Абдулазизнинг айтишича, Қозоғистондан Ўзбекистонга юборилган қочқинлар даҳшатли қийноқларга тутилган

Қозоғистон ҳукумати яна бир ўзбекистонлик қочқинни ортга қайтаришга тайёргарлик кўраркан, “Ўтюраклар клуби” экстрадицияни амалга оширмасликни сўраб, Қозоғистон ҳукумати ва жамоатчиликка мурожаат қилган.

Қозоғистон 2010 йили Қочқинлар тўғрисида қонун қабул қилганидан сўнг, Ўзбекистонга бошпана излаб қозоқ юртларига келган муҳожирларни тўп-тўп топшира бошлади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва қочқинлар Ўзбекистон бошпана изловчиларга нисбатан жиноий ишларни қийноқларни қўллаш орқали қалбакилаштиришини ва бундай давлатга уларни экстрадиция қилиш нотўғри эканлигини айтишади.

Қозоғистон шу кунларда ўзбекистонлик бошпана изловчи Хайрулло Турсуновни ватанига қайтариб юбориши мумкин. Қароргоҳи Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби” Турсуновни Ўзбекистонга юбормасликни сўраб мурожаат билан чиқди.

Мурожаатномада айтилишича, “Ўтюраклар клуби” Турсуновнинг ишини диққат билан ўрганган ва ушбу ишларнинг қалбакилаштирилганига амин.

Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси фаолларидан, Оврўпода истиқомат қилаётган қочқин Абдулазизнинг айтишича, Қозоғистондан Ўзбекистонга юборилган қочқинлар даҳшатли қийноқларга тутилган.

“Қийноқлар ҳақида бизга Ўзбекистондан келган маълумотлар орқали маълум. Лекин информацияни берган одамлар жуда ҳам қўрқишаяпти. Қийноқларнинг айнан кимга нисатан қўлланилгани фактини ошкор қилиш кераклигини истасак-да, ўша одамлар ва уларнинг яқинлари ҳаёти хафв остида турганидан чўчишаяпти. Лекин уларга нисбатан қийноқ қўлланилган. Қилмаган ишларини қилдим, дейишга мажбур этилган”, - дейди Абдулазиз.

Абдулазизнинг илова қилишича, Қозоғистон томони маҳбусларнинг аҳволини билиш учун комиссия юборган. Ушбу Комиссия ўзбек қамоқхоналарида қочқинлар билан учрашган. Аммо қочқинлар тазйиқлардан қўрққани учун қийноқлар бўлмади, дея жавоб беришга мажбур бўлган.

Қочқинларга муносабат

Қозоғистонда бошпана изловчи бўлиб яшаган ва айни дамда учинчи бир давлатга чиқиб кетган қочқиннинг айтишича, БМТнинг қочқинлар билан ишлаш қўмитаси 2010 йилгача Қозоғистондаги қочқинларга яхши муносабатда бўлган.

“Ҳатто кўрпача, кийимларигача ёрдам беришган. Ҳар биримизга телефон қилиб, яна бир қочқин келди, кимнинг уйида яшаш учун шароит бор, деб ёрдам берарди. Аммо БМТ вакиллари Тошкентга бир-икки бориб келганидан сўнг уларнинг бизга бўлган муносабати кескин ўзгарди. Ҳаттоки, қўмита биноси атрофини темир панжаралар билан ўраб олишди”, - дейди қочқин.

Қочқиннинг қўшимча қилишича, Ўзбекистондан кўчиб келганларнинг ичида ростдан ҳам бирор жиноят содир этиб, қалбаки қочқинлик мақомига эришмоқчи бўлганлар бўлиши мумкин. Аммо на Қозоғистон ҳукумати ва на БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш қўмитаси ушбу фактларни мустақил текширмади. Улар барчага бирдай муомала қилиб Ўзбекистон кимга нисбатан жиноий иш очса, уни ушлаб топширишга қарор қилди.

Очиқда қолганларнинг эса қачонлардир берилган қочқинлик мақоми олиб қўйилди.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси юристи Денис Живага айнан қочқинлар масаласи билан яқиндан шуғулланган. Унинг айтишича, БМТ Қочқинлар қўмитасининг бошпана изловчиларга нисбатан муносабати Ўзбекистонга топшириш учун ҳибсга олинган 29 қочқин ишидан сўнг кескин ўзгарди.

“Ўша вақти Қозоғистон ҳукумати томонидан БМТ қўмитасига нисбатан жиноятчиларга ҳам қочқинлик мақоми бераяпсизлар деган айблов янгради. Менимча, БМТнинг қочқинлар билан ишлаш қўмитаси қўрқиб қолди. Ушбу айбловлардан кейин қўмита қочқинлар билан ишлашни, уларнинг ҳолатини экспертиза орқали аниқлашни бас қилди”, - дейди Денис Живага.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўзбекистон хорижда қочиб юрган фуқароларини қўлга киритиш учун турли жиноятларни тап тортмасдан қалбакилаштирмоқда. Шулардан бири Қозоғистонда бир неча йил бошпана излаб юрган қочқинларнинг рўйхати тузилиб, уларнинг жиноий тил бириктирган ҳолда жамоат тузганини иддоа қилишидир.

“Ўтюраклар клуби” томонидан тарқатилган мурожаатда, агар Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудудида жиноят содир этса, нима учун Қозоғистон ҳукумати жиноий иш очмагани ва суриштирмаганини сўрайди.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, Ўзбекистон бериб юборилаётган қочқинларнинг тақдиридан халқаро ташкилотлар бонг ураяпти. Аммо шунга қарамасдан, БМТ, Оврўпа Иттифоқи ва ривожланган давлатлар бу борада сукут сақлашни афзал билмоқда.

“Ривожланган мамлакатлар, Ғарб давлатларнинг сиёсатчилари бугунги кунда Марказий Осиёга бошқача кўз билан қараб, диктатор Ислом Каримов унинг ён қўшниларининг ўзбек қочқинларига нисбатан қилаётган жиноятларига кўз юмишга ҳаракат қилишяпти. Бу нарса бундан кейин ҳам давом этиши мумкин. Бу ерда геополитик манфаат ҳар қандай инсон тақдиридан, фожеасидан устунроқ турибди”, - дейди Мўътабар Тожибоева.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.