BBC navigation

Қирғиз расмийлари: 'Сўхликлар эртага уйга қайтишлари мумкин'

Сўнгги янгиланиш 23 январ 2013 - 12:45 GMT

Қирғизистон расмийларининг айтишларича, қамалда қолаётган Сўх анклавига йўлни очиш бўйича ўзбек-қирғиз музокаралари кечмоқда.

Икки мамлакат чегара хизматлари раҳбарлари Ўзбекистоннинг Қувасой шаҳрида учрашишмоқда.

Бу борада Би-би-си билан суҳбатда Боткен вилояти ҳокими муовини Сатижон Эратовнинг айтишича, эрта пайшанба, 24 январ кунидан бошлаб, Риштонда қолиб кетаётган сўхликлар ўз уйларига қайтишлари мумкин ва Ўзбекистон тарафи бемалол Сўхга ёрдам жўната олади.

"Менимча, эрталаб соат 8дан бошлаб Сўх йўли очилади", деди Боткен вилояти ҳокими ўринбосари.

"Ҳозирги музокаралар натижасига қараб, Фарғона вилоятида қолиб кетган одамларнинг барчаси уйига қайта олади. Менимча, бу сўхликлар эртага пайшанба куни уйларига қайтишлари мумкин. Ёрдам масаласига келсак, Қирғизистон тарафи ҳар қандай юкни ўтказишга тайёрмиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат ниманидир ўтказмоқчи бўлишса, бу борада бизга айтиш керак, холос. Мана ҳозир айтишса, ўтказиб юборамиз. Бу борада биз билан музокара олиб бориш лозим. Ана шундай ҳамма иш жойида бўлади", дея илова қилди қирғиз расмийси.

Ўзбекистондаги вебсаҳиларда хабар берилганидек Қирғиз тикучари бир неча олдин ўзбек ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани ҳақидаги хабарларни жаноб Эратов рад этди.

"Ҳеч ким ҳеч қандай ҳаво ҳудудини бузгани йўқ. Бугун фақат иҳоталаниб қолган ўз аҳоли масканимиздан баъзи беморларни олиб чиқдик. Сўх анклави ёпилиши ортидан бизнинг қирғизлар ҳам мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан узилиб қолишганди", деди Сатижан Эратов.

Ўзбек тарафи Қирғиз фуқаролари мулкига етказилган зарар учун товон пули тўлаган, аммо қирғиз тарафи бундан тўла рози эмаслиги ҳақида хабарлар ўртага чиққанди.

Қирғиз расмийсининг айтишича, ҳозирда товон пули борасидаги барча масалалар ҳал бўлган.

"Моддий зарарни қоплаш учун ўзбеклар бизга 56 минг доллар тўлашди. Фақат электр узатиш линиялари бўйича муаммолар ечилмай қолган, лекин биз буни ҳам бугун ҳал қиламиз. Биз қўшнилармиз, шу боис ёнма-ён ва ҳамкорликда ишлашимиз керак. Қўшни бу Худодан дейишади. Шундай экан, яхши қўшничилик алоқаларини кучайтаришга қаратилган тадбирлар керак", деди Боткен вилояти ҳокими ўринбосари Сатижон Эратов.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.