BBC navigation

Мадлен Ривс: "Сўхликлар ўзларини қути ичидаги қутидагидек сезишарди"

Сўнгги янгиланиш 28 январ 2013 - 14:47 GMT

Сўхликлар чегара-оша ҳаётга ўрганиб қолишган.

Қирғизистон жануби, ҳамда Фарғона водийсидаги этник гуруҳларни яқиндан ўрганган британиялик олим, Манчестер университети тадқиқотчиси Мадлен Ривсга кўра, чегара ҳудудларда ҳаёт юритиш бу ҳудудлардаги халқлар учун ўта муҳимдир ва улар асрлар оша айнан шу йўлда ҳаёт юритишга ўрганганлар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари Боткенда учрашиб икки мамлакат ўртасидаги чегараларни қайта очишга қаратилган музокараларни давом эттиришган.

25 январь куни қирғиз чегара хизмати икки томон Барак, Божой, Шоҳимардон ва Сўх ҳудудларига инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришга келишганини хабар қилган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар январь бошида Сўхда юз берган можаро ортидан 23 январда ёпиб қўйилганди. Маҳаллий аҳоли сув танқислиги ва маҳсулотлар учун бозорга чиқа олмаётганидан шикоят қилмоқда.

Мадлен Ривс Сўхда бир неча ой яшаб, маҳаллий халқларнинг турмушини ўрганган. Би-би-си Мадлен Ривсдан аввало Сўхдан олган таассуротлари ҳақида сўради.

Ривс: Мен 2004 ва 2005 йилларда Сўхда бир неча ой яшадим. Мен Фарғона водийсидаги этник гуруҳлар ўртасида мавжуд бўлган алоқалар борасида тадқиқот олиб борганман ва Сўхдаги бир маҳаллада очилган янги коллежда дарс берганман. У даврларда одамларнинг асосий хавотирлари иқтисодий эди, кўплар Россияга қандай кетиш ҳақида гапирарди. Кўпгина маҳаллий саноатлар ёпилганди, кўпгина сўхликлар чегаранинг нариги томонидаги Ҳайдарконда ишлашарди, лекин бу ҳам қийинлашиши туфайли Россияга кетаётганлар кўп эди. Одамлар у вақтда ҳам чегарани кесиб ўтиш борасидаги норозиликларини изҳор қилишарди, лекин, менимча, у пайтдаги вазият бугунгисига қараганда осонроқ эди. Сўхдан Риштонга ё Фарғонага бориб келиш унчалик муаммо туғдирмасди, ёки одамлар Қирғизистондаги Боткенга боришмоқчи бўлса, паспортни кўрсатиб ўтишарди, холос. Сўхликлар Сўхда яшашни менга "двойная коробка", яъни қути ичидаги қути дея тасвирлашарди. Чунки улар анклав чегара билан ўралганини билишарди, ва айни дамда, этник тожик бўлганлари учун баъзи қийинчиликларга юз тутишарди, масалан олий таълим олиш борасида. Чунки олий таълим олиш учун ёки Тошкентдаги хизматлардан фойдаланиш учун ўзбек тилини яхши билиш зарур эди. Улар ўзларини яккаланган ҳис қилишарди. Совет даврида сўхликлар Тожикистондаги қариндош-уруғлари билан яқин алоқада бўлишган ва кўплари Ҳўжанд ё Душанбега бориб институтларда таълим олганлар. Бироқ кейин виза тизими буни қийинлаштирди.

Би-би-си: Лекин, маҳаллий аҳоли орасида, ўзбек, тожик ва қирғизлар орасида бўлинишларни сезганмисиз ўша пайтда?

Ривс: Сўхдаги одамларда мен учун яққол кўзга ташланган нарса улар тожик ўзлигини қанчалар қаттиқ ҳис қилишлари бўлди. Аммо айни дамда улар Ўзбекистон фуқаролари эканларини ҳам қаттиқ ҳис қилишарди. Кундалик ҳаётни олсак, қирғизлар билан алоқалар яхши эди. Лекин бу билан, ҳамма нарсадан қирғиз ва тожиклар бирга фойдаланарди демоқчи эмасман. Чойхоналар алоҳида эди, масалан. Тил ҳам тўсиқ эди, чунки тожиклар ва қирғизлар ўзаро ўзбекча сўзлашишарди. Мен у ерда яшаганимда баъзи ноҳукумат ташкилотлар қирғиз ва тожиклар учун биргаликда каналларни тозалаш учун "субботник"лар ташкил қилишарди, Хушёр, Сўғмент ва Чорвоқликлар бунда иштирок этарди, болалар учун волейбол мусобақалари ташкил этиларди. Умуман олганда, одамлар тотув яшаши керак деган фикр ҳукмрон эди. Тўй маракалар алоҳида эди, лекин чегара бозорларида, тиббиёт марказларида, жамоат транспортида халқлар бир бири билан мулоқот қиларди. Улар авлодлар оша тотув яшаб келишган.

Би-би-си: Сиз ўз ҳисоботинларингиздан бирида бу одамлар учун чегарада яшаш ўта муҳим эканини айтгансиз, чунки улар юз йиллар оша бирга яшаб келиб, шунга ўрганиб қолишган, шундай эмасми?

Ривс: Ҳа, менимча шундай. Мен баъзи одамлар билан суҳбатларимни ёзиб олганман, ва улар "Сим тортиш керак!" деб айтишарди. "Нима учун сим керак?" деб сўраганимда, улар аслида ўзларини бир чегаранинг ичида хавсиз сезишни исташларини айтишарди. Қайси ҳудуд бизники, қайси заҳиралар бизники, қайси яйловлардан фойдалансак бўлади, қайси сувни ичсак бўлади, яъни омон қолиш учун ва яшаш учун муҳим бўлган саволлар улар учун асосий масала эди. "Яъни чегаранинг нариги тарафидагилар билан мулоқот керак эмас демоқчимисиз?" деб сўраганимда, улар "Йўқ, савдо қилишни истаймиз, пулимиз бир бўлган пайтлари осон эди" дейишарди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.