BBC navigation

Ангренда мактаб болалар заҳарланиб касалхонага ётқизилган

Сўнгги янгиланиш 29 январ 2013 - 17:41 GMT

Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси тарқатган хабарга кўра, Тошкентга яқин Ангрен шаҳридаги мактабда 28 бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилган.

Заҳарланган болаларнинг 7-8 ёшдаги болалар экани, улар мактабдан шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилганлари хабар қилинган.

Алянс фаолларига кўра, мутасаддилар болаларнинг оммавий заҳарланганини яширишга ҳаракат қилмоқдалар.

Ангренлик инсон ҳуқуқлари фаоли Дмитрий Тихоновнинг Би-би-сига айтишича, болалар газ баллонидан заҳарланганлар.

"Бунинг сабаби - ўқувчилардан бири мактабга газ балонини олиб келган. Ҳозирча бу қалампир гази балони деб тахмин қилинаяпти. Бу газ балонининг Россияда ишлаб чиқарилган. Менинг тушунишимча, ноҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган бўлган. Ва каттароқ синфда ўқиган бу боланинг кичик ёшдаги болалар ўқийдиган синфхонанинг ичига ана шу газни пуркагани айтилаяпти. Бу газ бир синфдан иккинчи синфхонага ҳам ўтган. Биттагина газ балони шунча катта ҳудуд ва кўп сондаги болаларга таъсири қилиши мумкинми, деган савол қўйилаяпти. Лекин мен гаплашган ўқитувчилар ва ота-оналарнинг сўзларига кўра, бу газ балони бўлган. Милиция бу балонни мусодара қилган ва текшириш учун Тошкентга юборишган", - дейди у.

Ота-оналарга биноан, мактабда аслида нима бўлгани, газдан заҳарланишни яшириш мақсадида бир мактаб болалари ўз-ўзини муҳофаза мақсадида ишлатиладиган қалампир гази балонидан заҳарланишган, деб айтилмоқда.

Одамни ўлдирмайдиган қалампир гази инсон ўзини ҳужумчилардан ҳимоя қилиши учун фойдаланадиган балон. Бундай балонларни Ғарбда ва Россияда ҳам эркин қўлга киритиш мумкин. Ўзбекистонда бундай балонлар сотилмайди. Айни пайтда ҳуқуқ фаолининг айтишича, бундай газ балон қандай қилиб бу ерга ва мактабнинг ичига келиб қолгани суриштирляпти.

Тарқатилаётган хабарларга кўра, шифохонанинг реанимация бўлимига 28 бола ётқизилган. Кейин ваҳима тарқатмаслик мақсадида болалар ҳали саломатликлари яхши бўлмасалар ҳам уйларига қўйиб юборилган.

Ҳуқубон Дмитрий Тихонов ота-оналар ва ўқитувчилар билан ҳам гаплашганини айтади.

"Воқеа бундай бўлган: Шифохонага 28 бола ётқизилган, уларнинг 12 нафари дарҳол реанимация бўлимига ўтказилганлар. Кечга бориб ҳамма болаларни уйларига қўйиб юборишган. Аммо орадан бир-икки соат ўтиб, яна болаларнинг аҳволи оғирлашиб, "Тез ёрдам" уларни шифохонага олиб келган. Хуллас, шанба-якшанбада ҳам шифохонада 5 бола ушлаб турилган. Ҳеч ким болаларни ҳайдамаган. Гап шундаки, боласи шифохонага тушган ота-оналар ҳам шу ерда қолишган. Шифохонада одам кўпайиб ноқулайлик юзага келган. Шифокорлар фикрича, болаларнинг аҳволи уларнинг уйда ётишларига, ота-оналарининг назорати остида бўлишларига имкон беради. Шунинг учун шифокорлар ота-оналарга болаларини уйга олиб кетишлари мумкинлигини айтишган. Агар яна аҳволлари ёмонлашса, олиб келасизлар, дейишган. Ота-оналар эса шифокорлардан шикоят қилишаяпти - дўхтирлар ҳеч қандай чора кўрмаяпти, деб. Менга шифокорлар айтишича, улар заҳарланишда қўлланадиган биринчи ёрдамни кўрсатишган. Бошқа даво қўлламаётганларининг сабаби - уларнинг ўзлари ҳам билишмайди бу қанақа заҳарли модда бўлган. Шунинг учун бу заҳарланишга қарши қандай даво қўллашни ҳам ҳали билмай туришипти. Чунки Тошкентдан экспертиза натижаси келмаган. Ҳозир маълум бўлишича, болалар бошлари оғриб ўзларини ёмон ҳис қила бошлашлари билан уларнинг ўқитувчиси мактаб маъмуриятига хабар берган ва "Тез ёрдам" чақиришни сўраган. Лекин маъмуриятдагилар "озроқ вақтдан кейин болалар ўзларига келиб қолади", деб вақтни чўзганлар. Хуллас, заҳарланишдан 1 соат ўтганидан кейингина "Тез ёрдам" келган".

Ҳозирда ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилгани номаълум.

Лекин Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари ҳодиса юзасидан текширув олиб бораётганлари айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.