BBC navigation

Ўзбекистонда хорижий валюта савдосига чеклов жорий этилмоқда

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2013 - 10:38 GMT

Айни пайтда банклар аҳолидан чет эл валютасини "чекланмаган миқдор"да сотиб оладилар

1 февралдан кучга кирадиган янги тартибга мувофиқ, банкларга жисмоний шахсларга нақд валюта сотиш тақиқланади.

Ўзбекистон Марказий Банкининг билдиришича, чеклов Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган барча жисмоний шахсларга тааллуқли.

1 февралдан эътиборан улар валютани банклардан фақат нақд бўлмаган кўринишда сотиб олиш имконига эга бўладилар.

Бунинг учун улар Visa ёки Mastercard сингари халқаро тўлов карточкалари, шунингдек, миллий валюта-сўм маблағлари бўлган банк карточкасига эга бўлишлари талаб этилади.

Хабарда айтилишича, хорижий валютани Ўзбекистон Марказий банки белгилаган нарх бўйича халқаро тўлов карточкасига ўтказиш йўли билан сотиб олиш мумкин бўлади.

Халқаро тўлов карточкасига ўтказилган маблағларни эса фақат авиачипта сотиб олиш ёки хорижда ўқиш ва даволанишга пул ўтказиш сингари мақсадларга сарфлаш мумкинлиги айтилади.

Бу маблағларни нақд пул шаклида яна расмий курс билан фақат миллий валютада олиш мумкин бўлади.

Айни пайтда Марказий Банкка кўра, Ўзбекистон аҳолисидан чет эл валютасини сотиб олиш тартиби ўзгаришсиз қолади.

"Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ваколатли банклар ва уларнинг филиаллари биноларида, аэропортларда, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар, божхона постларида ҳамда бошқа жамоат жойларидаги айирбошлаш шохобчалари орқали чет эл валютасини чекланмаган миқдорда сотиб оладилар", -дейилади Марказий Банк ахборотида.

Ўзбекистон Марказий Банки 1 февралдан эътиборан жорий этиладиган чекловларни "республика аҳолисига чет эл валютасини сотишнинг такомиллаштирилган тартиби" деб атаган.

Мажбурий чоралар

Таҳлилчиларга кўра, чет эл валютаси савдосини чекловчи янги тартиб мамлакат ғазнаси, хусусан, валюта заҳираларини тўлдиришга қаратилган мажбурий чоралардир.

Иқтисодий ўсиш ҳақидаги расмий рақамларга қарамасдан, ҳукумат ўтган бир йил ичида аҳолига тўланадиган пенсия ва нафақаларни қирқиб ташлаган, солиқ тушумларини кўпайтиришга қаратилган қатор чораларга қўл урган.

Мустақил таҳлилчи Алишер Таксановга кўра, расмий рақамларга қарамасдан, ҳукумат учун Ўзбекистон иқтисодининг аҳволи аянчли эканини яшириш тобора қийинлашмоқда.

"Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистоннинг Ялпи Ички Маҳсулоти йилига 30 миллиард доллар атрофида. Агар бу рақамни аҳоли жон бошига тақсимласангиз, киши бошига жуда кам - 700 долларлар тўғри келади. Бу эса Ўзбекистон қашшоқ Африка мамлакатлари қаторида дегани", - дейди таҳлилчи.

Мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ҳукумат валюта савдосини чеклаш орқали миллий валюта-сўмнинг қурбини ушлаб турмоқчи.

"Сўнгги йилларда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россия ва бошқа мамлакатлардан юборган пуллар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолди", - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Унинг фикрича, сўнгги чекловлар Ўзбекистондаги хорижий валюталарнинг қора бозорини йўқ қилолмайди, қайтага, бу бозорга талабни янада кучайтиради.

Сешанба куни Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси қошида олди-сотдида валюта муомаласини назорат қилиш учун махсус қўмита тузилгани хабар қилинганди.

Ушбу қўмитага жисмоний ва юридик шахсларнинг бирор бир товар, маҳсулот сотиб олганларида, кўрсатилган хизмат учун нақд хорижий валютада ҳақ тўлашларига йўл қўймаслик вазифаси юкланган.

Ўзбекистон собиқ СССР давлатлари орасида чет эл валюталарининг қора бозори амал қиладиган ягона давлатдир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.