BBC navigation

Ислом Каримов 75 ёшда: у қандай ютуқларга эришди?

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2013 - 13:48 GMT

Каримов собиқ шўро давридан қолган давлат раҳбарлари орасида энг ёши улуғи ҳисобланади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 75 ёшга тўлган. Ўзбекистонда бу сана муносабати билан алоҳида тантаналар ё матбуотда чиқишлар кўзга ташланмайди, лекин Ўзбекистондаги жараёнларни ёритиб борувчи қатор мустақил нашрлар жаноб Каримовнинг 20 йилдан ортиқ бошқарувига назар солишга уринганлар.

Улардан бири fergananews.com ахборот портали муҳаррири Даниил Кисловдир. У ўзининг "Ислом талвасаси: ўзини ва мамлакатини боши берк кўчага олиб кирган Каримов" номли мақоласида Ўзбекистон президентининг сиёсати ва бошқарув йўлининг турли жиҳатларини танқид остига олган.

"Қарийб чорак аср лавозимда қолар экан, Ислом Каримов аллақачон ўзининг инсоний ва сиёсий чўққисидан ўтиб бўлган. Унинг 75 йиллиги кунида у аслида ҳам замонанинг энг қонхўр диктаторими ёки ҳеч нима устидан назорати қолмаган бефойда шахсми - буни тушиниш қийин... Унинг ҳукмронлик даври тарихда энг олий мақсадлар ва энг аччиқ ҳақиқатлар даври бўлиб эсда қолади", - деб ёзади муаллиф.

Собиқ совет давридан қолган давлат раҳбарлари ичида ёши энг каттаси бўлган Каримов жаноблари, муаллифга кўра, аслида мамлакатда аҳвол қандай эканидан бехабар, унинг саройида эса фақат унга ёқадиган маълумотлар етказилади.

"Қариб қолган Тошкент хони, марҳум Брежневга ўхшаб, воқеъликдан узилган. Шунинг учун ҳам, Москвада ахлатхона ичида яшаётган фаррош мухожир ҳақидаги хабар уни ҳайрон қолдирган: "Нима учун бу ўзбек ўз юртида иш топа олмади", - деб сўраган у", - дейилади мақолада.

Муаллиф, шунингдек, Ўзбекистондаги диний, мухолиф ва эркин фикр арбобларига қарши босимлар, иқтисоднинг абгорлиги, нафақахўрларнинг ночорлиги каби муаммоларни кўтаради.

Лекин, минтақадаги энг барқарор ҳисобланган давлат раҳбарининг муваффақиялари ҳам борми? Би-би-си бу савол билан Даниил Кисловга мурожаат этди.

Кислов: Биласизми бу саволга жавоб бериш қийин вазифа. Жаноб Каримовнинг 20 йилдан ортиқ бошқарувига бир назар солиб, хулоса қилиш мушкул. Лекин, синчковлик билан қарасак, бу каби муваффақиятларни топиш мумкиндир, аммо бу муваффақиятлар топилган тақдирда ҳам ҳаммасининг, кўзгу каби, қора орқа томони бордир. Масалан, Ўзбекистонда эришилгани айтилган ва Каримовнинг асосий муваффақияти саналган ва таҳсинлар ўқилаётган барқарорликка қайси йўл билан эришилган? Сиёсий саҳнани топтаб, ўзгача фикрловчиларни тазйиқ остига олиш, мухолифат раҳбарларини йўқотиш орқали эришилган. Натижа нима бўлди, бу саҳнада Каримовнинг ўзи қолди. Мана шунинг учун ҳамма ёқ тинч, тиқ этган садо йўқ.

Би-би-си: Таҳсинлар ўқилаётган, дедингиз, агарда таҳсин ўқилаётган бўлса, демак қандай йўл билан эришган бўлмасин, бу тан олинмоқда шундайми?

Кислов: Ким таҳсин ўқимоқда, шунисига ҳам эътибор бериш керак. Унинг ўзи томонидан тайинланган сиёсий шарҳловчилар, ёда Ўзбекистондаги вазиятни яхши билмайдиган хорижий таҳлилчилар, ёки бизнинг назаримизда сохта бўлган омма фикрини ўрганиш сўровлари натижалари таҳсин ўқимоқда. Фикримча, бу таҳсинлар Ўзбекистонда мавжуд бўлган ёлғоннинг таркибий қисмидир. Чунки аксар ўзбекистонликлар билан, ёда мамлакатдан ташқарида меҳнат муҳожирлиги билан машғул инсон билан гаплашсангиз, Каримовга таҳсин эмас, танқид ота бошлайди. Албатта, Ўзбекистондаги ҳамма нарса унга боғлиқ эмасдир, лекин мустақилликнинг дастлабки йиллари жаноб Каримов ривожланиш йўлида тўсиқ бўладиган жуда кўплаб қадамларни қўйди, мамлакатни эркин нафас олиш имконидан маҳрум қилди. Натижада Ўзбекистон бугунги кунда қонунлар амал қилмайдиган полиция мамлакатига айланди.

Би-би-си: Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларда "Президент Каримов ўз мамлакати учун кўп нарсага эришди, мана бизнинг аҳволимизга қаранг" деган суҳбатларга гувоҳ бўлиш мумкин. Бу унинг бошқарувининг ҳақиқатан ҳам бир қадар муваффақиятлари борлиги белгиси эмасми?

Кислов: Мен ҳам Марказий Осиёга тез-тез бориб тураман. Мен эшитган суҳбатлар ўзгача. Ҳаттоки, икки маротаба инқилобни бошдан кечирган Қирғизистонда ҳам, ҳатто у ерда яшайдиган ўзбек миллати вакиллари ҳам жаноб Каримовнинг сиёсатини маъқулламайдилар. Уларга кўра, Ўзбекистондаги каби қабристон тинчлигидан кўра, муаммоли бўлса ҳам ўсиш маъқулроқ. Табиийки, юзаки қараганда Ўзбекистоннинг таъбир жоиз бўлса ташқи кўриниши яхши, кўчалари тоза, у ерда яхши кийинган милиционерлар тартибли равишда тўқмоқлари билан ҳаммани тартибга солиб туришибди, уйларнинг деворлари ҳозиргина ювилгандек ярқирайди. Лекин бу юлтироқ устки қават ортида коррупция, ҳуқуқларнинг топталиши, қолоқ иқтисод каби чириган қават бор. Қирғизистонда иш юритаётган ишбилармондан сўраб кўрингчи, Ўзбекисонга бориб фаолият юритгиси келадими? Ёки қирғиз сиёсатчиси?

Би-би-си: Иқтисодий ўсиш масаласини тилга олдингиз. Лекин халқаро ташкилотлар ҳам охирги йилларда Ўзбекистонда ўсиш анчайин баланд эканлигини ўз ҳисоботларида кўрсатиб келмоқдалар.

Кислов: Бу шунинг далилики, халқаро ташкилотлар фойдаланаётган Ўзбекистон расмий доираларининг маълумотлари ўзбек ташвиқоти каби ёлғондан иборатдир. Киши бошига ички ялпи маҳсулот бу рақамларда фақатгина расмийларнинг тасаввури ва шуурида ўсмоқда. Бунинг аксини исботловчи факт бу нон топиш учун хорижга йўл олаётган ўзбекистонликларнинг улкан армияси. Бу қашшоқликка юз тутаётган халқнинг мавжудлиги исботидир.

Би-би-си: Халқаро ташкилотларни расмий маълумотлар билан шу қадар алдаш осон деб ўйлайсизми?

Кислов: Гап шундаки, бу ташкилотларда муқобил маълумот манбаи йўқ. Мамлакатда иқтисод ҳақида ҳақиқий рақамларни олиб, таҳлил қилиб, солиштира оладиган биронта мустақил ташкилот йўқ, шунинг учун халқаро ташкилотлар расмийлар маълумотларидан фойдаланишга мажбурлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.