BBC navigation

SVT Телиасонеранинг мустақил тергови хулосасидан норози

Сўнгги янгиланиш 1 феврал 2013 - 13:24 GMT

"Миссия: Тергов" дастурининг терговчи журналистлари. Йоаким Дифвермарк чапдан биринчи.

Швециянинг SVT телеканалидаги "Миссия: Тергов" теледастури Телиасонера ширкатининг Ўзбекистондаги телекоммуникация бозорига кириб бориш учун 2007 йилда Гулнора Каримовага яқин бўлган шахсга 300 миллион доллар пора берганини даъво қилиб қатор телелавҳалар узатган. Теледастур ортидан Швецияда полиция тергови очилган ва мазкур тергов бугунда давом этаяпти.

Телиасонера ўтган октябрда ўз раҳбарияти ва ходимларининг ҳақиқатдан ҳам порахўрлик ёки пул ювиш амалларига алоқаси бор ёки йўқлигини текшириш учун Майхаймер Свартлинг юридик ширкатига буюртма берган. Мустақил терговни олиб борган ҳуқуқшунос Бйорн Рийс 1 февралда ўз хулосаларини тақдим этди.

Унинг хулосасида Телиасонеранинг сармоя ётқизиш усуллари ва маҳаллий шерикларини кераклича текширмагани қаттиқ танқид остига олинади, бироқ порахўрлик ёки пул ювиш амалга ошгани тасдиқланмайди. Би-би-си "Миссия: Тергов" теледастури журналисти Йоаким Дифвермаркдан мустақил аудит хулосалари борасидаги фикрини сўради.

Дифвермарк: Менимча текширув ҳайъати яхши маълумот тўплаган, яхши тадқиқот олиб борилган, лекин мен унинг хулосаси тўғри бўлди деб ўйламайман. Хулосага кўра, юқори раҳбарият Ўзбекистондаги шериклари борасида кераклича ва қониқарли текширувлар олиб бормаган, раҳбарият Гулнора Каримова пул бориб тегадиган якуний шахс эканини билмаган ва шунинг учун ҳам бу ерда ҳеч қандай жиноят содир этилмаган эмиш. Мен бундай хулосага қўшилмайман. Аксинча, улар бошиданоқ билишган уларнинг маҳаллий шериги Гулнора Каримова бўлганини.

Би-би-си: Текширув хулосасида айтилаяптики, Телиасонера етарлича текширувлар олиб бормаган Ўзбекистондаги шериклари ким эканини ўрганиш борасида. Сиз бунга қўшиласизми? Ёки Телиасонера била туриб, шериклари ким эканига эътибор қаратмаганми?

Дифвермарк: Агар улар ким билан бир ёстиққа бош қўяётганларини билишган бўлса, улар учун тадқиқот қилиб ўтиришнинг ҳожати ҳам бўлмаган. Биз ошкор қилган ҳужжатлар, электрон мактублар, ва ТелиаСонера ичидаги жуда юқори даражали шахслар берган кўрсатмаларга қарасангиз, энг бошиданоқ Ўзбек бозорига кириб бориш учун Гулнора Каримованинг оқ фотиҳаси керак бўлганини кўрасиз. Каримова хоним Телиасонера, ва айни дамда бошқа телекоммуникация ширкатларининг бир қисми бўлишни истаган. Шундай экан, у маҳаллий шерик бўлган. Буни бошиданоқ билишган.

Би-би-си: Нима учун мустақил текширувчи Бйорн Рийс Телиасонеранинг ўзбек сармояси жараёнида порахўрлик ёки пул ювиш содир бўлганини тасдиқлай олмаслигини айтаяпти?

Дифвермарк: Буни аввало ундан сўраш керак. Лекин, менинг фикримча, бу каби хулосаларни қилиш унинг ўзи учун ҳам, ҳамда унга тергов қилиш буйруғини берган Телиасонера учун жуда қулай. Менимча, полиция тергови бугунги аудит терговидан кўра бошқача хулосага келади.

Би-би-си: Бйорн Рийс текширувни ўзи ола олган барча маълумотларга асосланиб қилганини айтаяпти. Сизнингча, у барча керакли маълумот билан таъминланганмиди?

Дифвермарк: Йўқ, у барча маълумотга эга бўлган деб ўйламайман. Лекин, айни дамда у бошқача хулосага келиши учун етарли бўлган маълумотга эга эди деб ўйлайман. Менимча, у "Телиасонера Гулнора Каримованинг роли борасида билимга эга эди, лекин жиноят содир этилганини мен исботлаб бера олмайман", деса тўғрироқ бўларди.

Би-би-си: Айни дамда Телиасонера чиқарган иккита баёнотдаги илк жумлалар тергов улар порахўрлик ёки пул ювиш билан шуғулланганига исбот топмаганига ишора қилаяпти. Бу билан Телиасонера ўзи оқлангани ёки жиноят содир этмаганини айтмоқчими?

Дифвермарк: Бу ҳам биз мустақил текширувга қарши илгари сураётган танқидимизга ўхшайди. Лекин, қани кўрайлик, полиция тергови уларни ҳақиқатдан ҳам жиноят содир этмаганини аниқлармикан ё йўқ.

Би-би-си: Сизнингча, бу мустақил текширув полиция тергови учун нимани англатади?

Дифвермарк: Полиция мустақил текширув олиб борган тадқиқотлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Бу текширув полиция терговини мустақил терговдан кўра ўзгача хулосага келиш борасида янада илҳомлантиради деб ўйлайман.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.