BBC navigation

Қозоғистон: ўзбекистонлик жиноий гуруҳ раҳбари бир умрга қамалди

Сўнгги янгиланиш 2 феврал 2013 - 11:16 GMT

Қотиллик жамоатчилик орасида шов шувларга сабаб бўлган бўлса-да, маҳаллий матбуот улар ҳақида бирор хабар бермаган.

Чимкент шаҳри атрофида 4 аёл ва Тошкент шаҳри ҳамда вилоятида 7 аёлни ўлдириб тилла тақинчоқларини ўмарган гуруҳнинг раҳбари 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини Қозоғистонда ўтайди.

Унинг яна бир шериги Ўзбекистонда ўтган йилнинг ноябр ойида судланиб бир умр озодликдан маҳрум қилинган эди. Жиноятчиларнинг учинчи шериги ҳамон қидирувда эканлиги айтилади.

Чимкент шаҳар жиноий ишлар бўйича ихтисослашган маҳкамаси жиноий гуруҳ рабарига бир умрлик қамоқ жазоси белгилаган. Тергов суриштирув жараёни 8 ой давом этган.

2012 йилнинг май ойида Қозоғистон ҳудудида қўлга олинган ўзбекистонлик Бердалиев ва унинг шериклари 2011 йилнинг март ва 2012 йилнинг март ойлари оралиғида Қозоғистонда 4 та қотиллик содир этган.

Ўзбекистонда эса 2011 йилнинг ноябр ва декабр ойларида Тошкент шаҳри ва вилоятида 7 ёлни ўлдиришган.

Жиноий гуруҳнинг қурбонлари 25 ёшдан 55 ёшгача аёлларни ташкил этган. Таксичилик қилган ушбу шахслар машинасига ўтирган аёлларнинг қимматбаҳо тақинчоқларини ўмарган ва ўзларини ўлдириб ташлаб кетган.

Қўлга киритган тақинчоқларни эса Ўзбекистон бозорларида сотишган.

“Жиноий ишни Тошкент шаҳар прокуратураси ва паралел равишда Жанубий Қозоғистон вилоят ички ишлар департаменти олиб борди. Чунки қотиллик қозоғистон ҳудудида ҳам содир этилган ва у Қозоғистонда ушланган”, - дейди Жанубий Қозоғистон вилоят ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Қоракўзова.

Икки давлат ҳуқуқ тартибот органлари жиноятни аниқлаш учун ҳамкорликда ишлаган ва жиноят содир этилган жойларни биргаликда текширган.

Жиноятчилар 27 ёш атрофидаги уч йигит киши бўлган. Ҳозир уларнинг иккитаси қўлга олиниб суд қилинди. Яна бир киши қидирувга берилган.

Уюшган жиноий гуруҳ иштирокчиси Ўрмонов 2012 йилнинг 30 ноябр куни Тошкент вилоят маҳкамаси томонидан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўзбекистонда 7 аёлнинг ўлдирилиб кетилиши жамоатчилик орасида шов шувларга сабаб бўлган бўлса-да, маҳаллий матбуот жиноятчиларнинг тақдири борасида бирор хабар бермаган.

Тошкентдан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов бу каби ҳодисалардан одамлар интернет орқали хабар топганини маҳаллий газеталарда ҳеч ёзилмагинини қуйидагича изоҳлайди.

“Оммавий цензура ва назорат бор. Одамларнинг тинчи ва ҳаловатини бузадиган нохуш ҳолатлар ҳақида матбуотда берилмаслик керак деган тенденция бор. Бу ерда журналистларнинг ички қўрқуви ҳам бор”, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.