BBC navigation

Би-би-си меҳмони - "Мустақил мардикорлар ташкилоти" раҳбари Нураддин Жуманиёзов

Сўнгги янгиланиш 4 феврал 2013 - 18:16 GMT

Нураддин Жуманиёзовнинг ишонишича, Ўзбекистонда 10 миллиондан ортиқ мардикор бор

Би-би-си меҳмони - "Мустақил мардикорлар ташкилоти" раҳбари Нураддин Жуманиёзов.

Би-би-си меҳмонига саволларингизни саҳифамиз остидаги махсус форма ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилига йўлланг.

Нураддин Жуманиёзов 1948 йилда Қорақалпоғистон жумҳуриятининг Тўрткўл туманида туғилган.

Пушкин номидаги 1-ўрта мактабни битириб, Ленинград (Санкт-Петербург) Политехника Институтига ўқишга кирган.

1969 йилда мазкур институтни тамомлаб, Ленинград шаҳридаги "Киров заводи" ишлаб чиқариш бирлашмасида конструктор бўлиб ишлайди.

1983 йилда Тўрткўлга қайтиб, тўқимачилик фабрикасида фаолиятини давом эттиради.

Кейинроқ Тошкент Трактор заводида конструктор, Чкалов номидаги Тошкент Авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмасида инженер-технолог бўлиб ишлайди.

1990 йилда биринчилардан бўлиб, янги тузилган "Эрк" демократик партиясига аъзо бўлиб киради.

Мухолифатдаги "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" фаоли.

2012 йилнинг августида Мустақил мардикорлар касаба уюшмасига асос солган.

2012 йил ноябридаги ташкилот қурултойидан кейин уюшма номи "Мустақил мардикорлар ташкилоти" деб аталади.

Ҳозирда юзлаб аъзоларига эга бўлган ташкилотнинг мақсади - Ўзбекистоннинг мамлакат ичқариси ва ташқарисидаги ишсиз аҳолисини ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш.

Нураддин Жуманиёзов Ўзбекистонда 10 миллиондан ортиқ мардикор бор, деб ишонади.

У аввалроқ Ўзбекистон парламентига мурожаат қилиб, мардикорлар тўғрисидаги махсус қонунни қабул қилишга чақирган.

Muhtaram Nuraddin aka!

Mardikorlikka uch yol sabab bo'ladi:

1.Ishidan ayrilgan ishsiz odam;

2.Bir ishni boshini tutmagan layoqatsiz odam;

3.Vatanida o'ziga munosib ish topa olmagan odam;

Siz ushbu sabablarni qaysi birlarini inkor qilasiz?.

Odiljon Maxdumiy, O'sh

Нураддин Жуманиёзов: Ҳурматли Одилжон!

Сиз,мардикор бўлишнинг уч сабабига тўхталибсиз. Мен эса, унинг 5 сабабига, “Мардикор портрети” деган мақоламда тўхталганман. Шу мақоламдан бир парча ўқиб бераман. "...Ўзбекистонда, мардикор деган заҳматли, тоза ва ҳалол касбни ўз трикчилик манъбаи қилиб олган инсонларимизнинг умумий сони 7 миллиондан 10 миллионгачадир. Улар жамиятимизнинг турли хил қатламларини ташкил қиладилар:

-Балоғат ёшидаги, ишлашни хоҳлаётган, лекин иш тополмаётган ёшлар.

-Жамиятимизда, у ёки бу сабабларга кўра, ёлғизланиб қолган оналар.

-Кун кўриш муаммолари учун, пулга зарур талабалар.

-Корхоналарда ишчи ўрни бўлатуриб, қўшимча даромад топишга мажбур бўлган фуқаролар.

-Турли ёшдаги, пулга муҳтож фуқаролар..."

Сиз ҳисоблаган сабабларни, биринчи пунктга киритган бўлар эдим. Сиз кўрсатган сабабларда, мен инкор қиладиган сабаб йўқ. Иккаламиз бу борада тушунчамизни андак бойитдик, деб ўйлайман. Раҳмат.


Assalomu aleykum Nuraddin aka, men 31 yoshdaman. Men mardikormasman, bu tashkilotga ishga kirsa ham bo'ladimi va agar bo'lsa, qayerga va kimga uchrash kerak bo'ladi. Javob uchun oldindan rahmat!

Abdullaev Sherali, Marg'ilon

Нураддин Жуманиёзов: Ҳурматли Шерали Абдуллаев!

"Иқтисодда қўлланган нотўғри амаллар ва қалбакичилик, вақт ўтиши билан иқтисодга ва халқ фаровонлигига путур етказаверади. Ишсизлик ва чорасизлик халқни эзаверади"

Нураддин Жуманиёзов

Бизнинг “Мустақил мардикорлар ташкилоти” (Касаба уюшма) деб аталувчи ННТ, Ўзбекистонда янгидан барпо қилинаётган, мардикорларни ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоя қилувчи ташкилотдир. Ташкилотимиз энди шаклланаяпти. Структурамизга эга булиб, қонуний фаолият кўрсатармиз, иншааллоҳ!. Бизга ҳали структурани бошқаришда, мутахассислар керак бўлади. Насиб қилган бўлса, сиз ҳам ишларсиз. Савол учун раҳмат!.

Nuraddin aka, chet el elchixonalari yoki tashkilotlaridan bir tiyin bo'lsa ham olgansizmi shu "Mardikorlar tashkiloti" uchun?. Rus tilini yaxshi bilsangiz kerak, siz qilayotgan ish populizmga juda o'xshamoqda, mana "Erk" degan partiyada yana boshka o'zlarini "muholifat" deganlar bilan birga Vatan uchun foyda emas, balki ko'ringan chet ellik jurnalistlarga O'zbekistonga mag'zava ag'darish bilan ovora bo'lganlar orasida yuribsiz, bu Tashkilotingiz ham huddi shu "Erk", "Birlik"ni bir turidanmi?.

O'ziga Bek.

Нураддин Жуманиёзов: Ҳурматли Бек!

Сиз савол бердингиз, мен жавоб бераман.

-Чет эл элчихоналаридан бир тийин олган эмасман. Олмасам ҳам керак.

-Рус тилини биламан. Рус тилида ўқиганман. Ўзбекча гапираман ва фикрлайман. Оилам ўзбек.

Меҳнатнинг мардикор усли (Ўзбекчиликнинг эскирган элементи) жамиятимизга яна қайтди. Мамлакатимизда мардикорлар сони 7дан 10 миллионгача деб тахмин қилинаяпти. Бу цифранинг келиб чиқишига ҳали изоҳ бераман. Жамиятимизда, табиатан пайдо бўлган, янги ижтимоий қатлам ҳали ожиз, ҳимояга зарур. Ожизни ҳимоя қилиш эса фақат яхшилик ҳисобланади.

Маданият билан фикр юритсак, расмий ҳукумат амаллари билан мухолифат тушунчалари орасидаги фарқни билиш учун, уларнинг иккаласини ҳам ўрганиш керак (Сиз, ЭРК ёки Бирликнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тарғиботларини ўқиганмисиз?). Ўрганиш учун икки томон ҳам ўз фикрларини ОАВда ошкора баён қилишлари керак. Ана шунда жамият аъзолари, ҳар икки томонга ўз баҳоларини беришга ҳақлидирлар. Билмаган нарсага баҳо беришлик, бу жоҳилликдир. Ватанга мағзава сепиш ҳам жоҳилнинг иши. Менинг эътиқодим ва билим даражам Ватанимни севишга етади, деб ўйлайман. Сиз ҳам бирор нарсага баҳо беришдан олдин, уни ўрганиб чиқинг. Савол учун раҳмат.


Ассалому алайкум Нуриддин оға, мен ўзим иқтисодчи ўлароқ, "Мардикорлик тўғрисида"ги қонунни ҳозирги ҳукуматдан қабул қилинишини талаб қилгунча, "Турли хизматларни амалга оширувчи (разнорабочий)лар тўғрисида" Қонун қабул қилинса яхши эмасми?. Бунда патент орқали кичик солиқ эвазига ҳам давлатга солиқ тўлаб, ҳам ўзи бемалол эркин ҳизматини амалга оширар эди ва кейинчалик тўлаган солиқлари эвазига пенсия ёшида пенсия тайинланиши сизнингча қанчалик тўғри бўлар эди?.

Ahmadjon, Toshkent


Нураддин Жуманиёзов: Ҳурматли Аҳмаджон!

Анча эскирганига қарамасдан, мехнатнинг мардикор усули, яна жамиятимизга қайтди. Бу инкор қилиб бўлмайдиган факт. Шу усул билан миллионлаб фуқароларимиз оила тебратаяптилар. Мардикорлик , ўзимизнинг меҳнатни ташкил қилиш миллий усулимиздир. СССР КЗОТи меҳнатни баҳолашнинг "аккорд" усулига ўхшаб кетади. Ўзбекистон, супер иқтисодий кўрсаткичларига эришган тақдирда ҳам, мардикорлик йўқолмайди. Ўзбекчилик нақлида "ўзбек бойиса иморат қуради" дейилган. Бу одат миллатимиз қонида чуқур ўрнашган. Демак, жамиятимизда мардикорга ҳамиша ўрин бор. Исломда ҳар бир фойдали меҳнатни қадрлаш ва тақдирлаш кераклиги уқтирилади. Мардикорлик статусини аниқлаб, уларнинг дам олиш, таътил, даволаниш ва малака ошириш шароитини ҳисобга олувчи қонун ишлаб чиқиш керак. Бу мақсадни амалга оширишнинг, ўта қийин томонлари куп. Бу шарафли ва мураккаб ишда мен ҳам ўз ҳиссамни қўшсам, хурсанд бўлар эдим. Саволингиз учун раҳмат.


Ассалому алайкум. 10 миллион мардикор бор, дебсиз. Қаердан олгансиз бу цифрани?

2). Ўзбекистоннинг бугунги аҳволга тушишига нима сабаб?

Баҳром, Тошкент


Нураддин Жуманиёзов: Ҳурматли Баҳром!

СССР ҳали бор пайтида, Ўзбекистон республикасида 20-25 миллион аҳоли исттиқомат қилар эди. Шу аҳолининг аксарият қисми иш билан таъминланган эди. Ҳозир эса, аҳоли сони 30 миллионга етибди. Тошкентдаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлаганман. Шу корхона мисолида меҳнатга яроқли қанча одам ҳозир ишсиз эканини ҳисоблаймиз. Мисол, СССР даврида корхонада 65 минг ишчи ишлар эди. Ҳозир базўр 10 минг ишчи бор, деса бўлади. Икки цифранинг айирмаси, 65-10=55. Ҳозирги кунда, ТАПОиЧ тўла ишламаганлиги сабабли, 55 минг одам ишсиз, дейиш мумкун. Бу цифрани мамлакат масштабида таҳлил қилсак, мамлакатда ишга лойоқатли аҳолининг 80 фоизи ишсиз, дегани. Бу фоизга ишонч ҳосил қилиш учун катта олим бўлиш зарурияти йўқ. Бугун 30 миллион аҳолимиз бор. Шундан 15 миллиони меҳнатга яроқли халқдир. Ишлаб чиқариши ишламаган, хизмат кўсатиш ва бошқарув соҳасигина ишлайдигам Ўзбекистонда, 5 миллион аҳолининг иш билан таъминланганига, мамлакат статистика идораси даражасида ким менга(бизга) кафолатли изоҳ беради?. 10 миллион ишсиз аҳоли потенциал мардикордир. Кун кечириш даромади тугаган одам, мардикор бозорига чиқаверади. Ёки мардикорга, четга кетади. Хоҳловчилар бу рақамни статистика идораларидан олаверишлари керак. Лекин бундай абгор маълумотларни халқдан сир сақлаш амаллари мамлакатимизда жуда пухта йўлга қўйилган. Ва ҳеч ким сизга бундай маълумотни бермайди.

Мамлакатнинг бундай ночор аҳволга тушиб қолганининг асосий сабаблари ишсизлик ва мустақиллигимиздан кейинги, иқтисодий реформалар ўтказилмаётганлигининг оқибатидир. Мамлакатимиз иқтисоди, СССР иқтисодий системасининг бир қисми эди. Маълумки СССР иқтисоди, гипертрофик ҳолатга келди ва натижада СССР қулади. Ўзбекистоннинг иқтисодий амаллари, шу иқтисодий харобалар устида, кўр-кўрона қурилиб бошланди. Каримов иқтисодчиларининг биринчи галдаги вазифаси, жаҳон иқтисодий йўналишларини ўганган ҳолда, мамлакат иқтисодий вазифаларини ишлаб чиқиш бўлмоғи керак эди. Бу борада ортга қайтмас инқирозга учраган Европа ва Россия бизга ўрнак эмас эди. Иқтисодда қўлланган нотўғри амаллар ва қалбакичилик, вақт ўтиши билан иқтисодга ва халқ фаровонлигига путур етказаверади. Ишсизлик ва чорасизлик халқни эзаверади. Мамлакатни бошқариш қийинлашаверади. Натижада, мамлакатимизда катта сонда ишсизлик пайдо бўлди. Саволингиз учун раҳмат.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.