BBC navigation

Ўзбекистон НАТОдан ҳарбий таълим бўйича кўмак олмоқчи

Сўнгги янгиланиш 5 феврал 2013 - 09:37 GMT

НАТОнинг "Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик" дастурига Ўзбекистон 1994 йил қўшилган.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон айни пайтда ҳарбий ҳамкорлик соҳасидаги сиёсатини ислоҳ қиларкан, собиқ Иттифоқдаги ҳамкорларидан тобора узоқлашиб, Ғарб билан алоқаларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

Бу қарор аллақачон шу мақсадда қўйилган дастлабки қадамларда аксини топаётганлигини Шимолий Атлантика Иттифоқи вакиллари ҳам тасдиқлашмоқда.

Расмий Тошкент НАТОдан ҳарбий таълимни ривожлантириш учун кўмак сўрамоқда.

НАТО Бош котиби Андерс Фоғ Расмуссен ўзининг йиллик ҳисоботида Тошкентдан ҳарбий таълим соҳасида ташкилий ва назарий кўмаклар кўрсатишни сўраб мурожаат қилинганини айтган.

"Тинчлик учун ҳамкорлик"

Жаноб Расмуссеннинг таъкидлашича, таълим дастури "трансформация жараёнидаги асосий восита бўлиб, НАТО ундан ҳамкор-давлатларда ўтказилаётган ислоҳотларни дастаклашда фойдаланади".

НАТОнинг ҳарбий таълим дастури даставвал НАТОга аъзо давлатлар қуролли кучларининг даражасини ошириш мақсадига қаратилган бўлиб, кейинчалик унинг миқёси кенгайиб, аъзо давлатларнинг ҳамкорлари билан қуролли кучлар, хавфсизлик ва мудофаа соҳаларида ўқув институтларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича ҳамкорлик воситаси сифатида фойдаланилмоқда.

НАТО Бош котиби ҳисоботига кўра, айни пайтда дастур бўйича лойиҳалар Озарбайжон, Арманистон, Афғонистон, Гуржистон ва Молдова республикаларида амалга ошириб келмоқда.

Шимолий Атлантика блоги маълумотларига кўра, "Ҳарбий таълимни чуқурлаштириш дастури" илк бор Қозоғистонда йўлга қўйилган. Лойиҳа Алянснинг хавфсизлик масалаларини тадқиқ этувчи "Тинчлик учун ҳамкорлик" ишчи гуруҳи томонидан тузилган.

Бу гуруҳ-Консорциум таркибига 59 мамлакатнинг хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи 800 дан ортиқ ҳарбий академия ва институтлари киради.

Австрия, Канада, Олмония, НАТО халқаро аъзоси, Швецария ва АҚШ вакилларидан ташкил топган гуруҳ Катта маслаҳат кенгаши ҳисобланади.

Энди бу давлатлар қаторига кўмак сўраб мурожаат қилган Украина ва Ўзбекистон ҳам қўшилиши мумкин.

Ўзбекистонга нега айнан шу пайтда кўмак зарур бўлди?

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу хабар Ўзбекистон раҳбарининг яқин келажакда қатор сабабларга кўра, Шимолий Атлантика Иттифоқи билан алоқаларни ривожлантириш учун жиддий аҳд қилганлигини кўрсатади.

Энг аввало, расмий Тошкент ўзининг Афғонистон билан мавжуд географик ҳолатидан имкони борича яхши фойда олмоқчи.

Маълумки, кейинги йилдан НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлайди.

Бу борада Тошкент аллақачон Вашингтон ва унинг ҳамкорларига ўз ҳудудидан техника ва шахсий таркибларни олиб чиқиб кетишда фойдаланишга рухсат берганлиги айтилмоқда.

Бунга жавобан Ўзбекистон НАТО ҳарбийлари ишлатган ҳарбий техника ва анжомларнинг бир қисмини олиб қолишга умид қилмоқда.

Булар қаторига оғир артиллерия ва махсус автомобил воситаларидан тортиб, тунда ишлатиладиган кўзойнаклар, мина топиш асбоблари ва бошқалар киради.

Қўшниларнинг муносабати

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонга бундай ёрдам кўрсатилишини маълум қилгани табиийки Россия ва Коллектив хавфсизлик ташкилоти давлатларининг жиғига теккан.

Ўзбекистон ва НАТОнинг бўлажак ҳамкорлиги танқидчилари бир неча йиллар олдин Андижон воқеалари пайти Ўзбекистонга ҳарбий техника ва қуроллар етказиб беришга халқаро тақиқ қўйилган бўлса, айни пайтда ҳарбий манфаат бунинг ҳаммасидан кўз юмишга олиб келиши мумкин эканлигини киноя қилмоқдалар.

Таҳлилчилар қўшни давлатларнинг бу борадаги хавотирларига эътибор қаратаркан, Ислом Каримовнинг ўтган йили "Сув учун минтақада уруш чиқиши мумкин" деган баёнотини эслашади.

Шу билан бирга расмий Тошкентнинг хавотирлари ҳам йўқ эмас. Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти шартномасига кўра, аъзо давлатларнинг бирига хавф туғиладиган бўлса, ҳамкорлар керак бўлганда ҳарбий ёрдам кўрсатиши кўзда тутилади.

Шу тариқа айтиш мумкинки, Ўзбекистон НАТО билан алоқани яхшилаб, "икки қуённи уриши" мумкин. Алянсдан назарий ва техник ёрдам олиш билан бирга, шундай қудратли ҳамкор билан Тошкент аввало Тожикистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар, шунингдек бошқа КХТ давлатлари олдида ўзини бемалол хавфсиз сезиши мумкин, дейишмоқда кузатувчилар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.