BBC navigation

Қирғизистонда оқланган ўзбекнинг иши яна маҳкамада кўрилади

Сўнгги янгиланиш 9 феврал 2013 - 11:03 GMT

2010 йилги Ўш воқеаларида айбланиб бир умрга қамалган этник ўзбек, Россия фуқароси Шамсиддин Ниёзалиев оқланиб, озодликка чиққач қирғиз милицияси гўёки уни "оломон ғазаби"ни қўзғатмаслик баҳонасида яна қамаш учун важ топишга уринаётганлиги айтилади.

Ниёзалиевнинг оқланиши орқасидан "жабрланган" томон маҳкама қарорига қарши шикоят аризаси топширган. Ўз навбатида Ниёзалиевнинг ҳимоячиси Татьяна Томина ҳам шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Ҳимоячининг айтишича, "маҳкамада июн воқеалари пайти Ниёзалиев бошқа мамлакат ҳудудида бўлгани исбот қилиб берилган бўлса ҳам, судья барибир 233 модда "оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик" бандини қўллаб унга 150 минг сом (3200 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгилади. Судья Ниёзалиевни тўла оқлаш учун журъат қилолмади".

"Энди Ниёзалиевнинг иши мамлакат Олий маҳкамасида кўриб чиқилади, бироқ ҳали қачон бўлиши номаълум",- дейди Татьяна Томина.

Жалолобод маҳкамасининг қароридан сўнг бир нечта норозилик намойиши бўлиб ўтгани айтилади. "Бу аслида намойиш эмас. Бир қанча одамлар маҳкама олдига йиғилиб, маҳкаманинг адолатсиз ўтган деб бақириб-чақиришди. Биз у ерда бўлдик. Вазиятни нотинч қилиш кимгадир керак бўлаётгани аниқ",- деб айтади "Адолат" ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили.

Ҳимоячи Томинага кўра, унга Президент аппаратининг этник ва диний масалалар билан шуғулланувчи бўлимидан бир аёл қўнғироқ қилган ва "одамлар маҳкама олдига тўпланиб митинг қилишмоқда. Сиз маҳкамада қатнашган бўлсангиз ростдан ҳам адолатли ўтдими?" каби саволлар берган. Ҳимоячи унга "жабрланган" деб айтиладиганлар маҳкамага келмагани, у ерда Ниёзалиевнинг июн воқеалари пайтида ростдан ҳам Ўзбекистонда бўлганини тасдиқлайдиган гувоҳлар бўлгани ва маҳкама тўғри қарор чиқарганини айтиб берганини билдиради.

"Бу бўлаётган воқеалар бошқа хавотирларни келтириб чиқаради. Маҳкама бунга ўхшаган бошқа ишларда адолат билан ёндашишга кучи етадими? Бизни мана шу нарса хавотирга солмоқда",- дейди Ниёзалиевнинг ҳимоячиси Томина.

2010 йил Қирғизистон жанубида юз берган миллий низоларда айбдор сифатида ўнлаб ўзбеклар ҳибсга олинган.

Маълумотларга кўра, июн зўравонликларида жабр кўрганларнинг ва қурбонларнинг аксарияти ўзбеклар бўлганига қарамасдан, бир умрлик қамоққа ташланганларнинг барчаси Ўзбеклардир. Жумладан маҳкама оқлаган Ниёзалиев ҳам Жалол-Ободдаги Сампа воқеаси бўйича жавобгарликка тортилган 19 одамнинг бири бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, ўзбеклар адолатсиз ва яқинларига қилинган тажовуз ва қўрқитувлар билан ўтган маҳкама ишлари ортидан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганлар.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Қирғизистон ҳуқуқ идораларини миллий озчиликлар ишига адолат билан ёндашишни талаб қилиб келади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.