BBC navigation

Ўзбекистон: ёзувчи Мамадали Маҳмудовга қарши янги иш очилгани айтилмоқда

Сўнгги янгиланиш 13 феврал 2013 - 14:05 GMT

Мамадали Маҳмудов 14 йилдан буён қамоқда қолмоқда.

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, 14 йилдан буён қамоқда қолаётган 72 ёшли Мамадали Маҳмудов шу кунларда колониядан Тошкент турмасига ўтказилган.

1999 йил қамалган Мамадали Маҳмудовнинг жазо муддати 2013 йил 16 февралда ниҳоясига етиши керак.

Бироқ бундан олдинроқ қамоқдаги кекса ёзувчига нисбатан янги айблов тайёрланаётганлиги борасида хавотирлар оила аъзолари ва инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан билдирилган эди.

Шу йилнинг 12 февралида бу хавотир тасдиқланган.

Яқинларининг билдиришича, бир неча ой мобайнида Мамадали Маҳмудов билан учрашувга имкон берилмаган.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Маҳмудов билан учрашган қизи отасининг соғлиги ёмонлиги, бошида катта жароҳати борлигини кўрган, бироқ Мамадали Маҳмудов нима содир бўлганини қўриқчилар олдида айта олмаган.

11 феврал куни Чирчиқдаги колонияга борган ўғли узоқ навбатда туриб, олиб борган овқат ва дориларини отасига беролмаган, ўзини ҳам кўришга муваффақ бўлмаган.

Маълум бўлишича, Маҳмудовни Тошкент турмасига олиб кетишган экан.

12 февралда Маҳмудовнинг қизи Тоштурмага сўроқлаб борганида, отасига қарши янги жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинган.

Мамадали Маҳмудовга бу сафар қандай айб қўйилаётганлиги ҳозирча номаълум.

Мамадали Маҳмудов мустақиллик йилларида мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун икки марта қамоққа ташланган.

Охирги марта у 1999 йил портлашларида айбдор, деб топилиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мамадали Маҳмудов маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва ижодий жамоатчилик Мамадали Маҳмудовни озод қилиш талаби билан кўп бор Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилишган.

Ёзувчининг оила аъзолари ҳукуматнинг бу сафарги амнистиясидан умидвор бўлган эдилар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.