BBC navigation

Қозоғистонда ўзбекистонлик меҳнат муҳожири сил хасталигидан вафот этган

Сўнгги янгиланиш 13 феврал 2013 - 14:45 GMT

Меҳнат муҳожири ҳужжатларини йўқотганлиги учун Ўзбекистонга қайтиб кетолмаган.

Остона шаҳрида сил хасталигидан 49 ёшли ўзбекистонлик меҳнат муҳожири вафот этган.

Бир неча йиллардан бери Қозоғистонда ишлаб юрган Анатолий Шералиевнинг жасади Остона шаҳрига кўмилган. Меҳнат муҳожири ҳужжатларини йўқотганлиги учун Ўзбекистонга қайтиб кетолмаган.

Андижон вилояти Хонобод туманидан келган меҳнат муҳожири Анатолий Шералиев сил хасталигига чалиниш ортидан 2 феврал куни жон берган.

49 ёшли Анатолий Шералиев бир неча йил олдин ҳужжатларини йўқотиб қўйган ва ватанига қайтолмай Қолзоғистонда қолиб кетишга мажбур бўлади.

Шералиев чорасиз қолганидан сўнг Остонада бирга қурилишда ишлаган қозоғистонликдан ёрдам сўрашга мажбур бўлади.

2013 йил январ ойининг бошида у Остона шаҳар темирйўлчилар шифохонасига ётқизилади, унга сил ташхиси қўйилади.

Остонадаги Меҳнат муҳожирларига кўмак кўрсатиш маркази Шералиевни шифохонага ётқизишга ва унинг ҳужжатларини тўғрилашда ёрдам кўрсатишга киришади.

1 февраль куни Анатолий Шералиев Остонадаги сил касалликларига қарши диспансерга ётқизилади. Бироқ 2 февраль куни у жон таслим қилади.

Шералиевнинг яқинларини топиш имкони бўлмаганидан кейин уни Остонадаги қабристонга кўмишади. Би-би-сига маълум бўлишича, Анатолий Шералиевнинг икки синглиси ва бир ўғли бўлган, аммо уларнинг ҳаммаси узоқ вақтдан бери меҳнат қилиш учун Ўзбекистондан Россияга кетишган.

Меҳнат муҳожирининг телефонида бўлган рақамлар билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

Қозоғистонда миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари меҳнат қилиши айтилади. Ноқонуний ишлайдиган ушбу меҳнат муҳожирлари ҳужжатларини ҳам йўқотиб қўйиш ҳолари учрайди.

Мутахассислар Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси меҳнат муҳожираларига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатмаслигини айтади. Элчихонага мигранларга ёрдам кўрсатувчи бирор ташкилот қўнғироқ қилиб, ушбу фуқарога бирор ҳужжат сўраган вақтда элчихона ходимлари учинчи шахслар билан ишламаслигини, фуқаронинг ўзи келиши шартлигини таъкидлашади.
Бироқ ушбу фуқароларнинг ўзларини юборишганда ҳам муаммо ечилмайди.

“Биз бунгача Олма ота шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасига ушбу давлатнинг фуқароларини юборганмиз. Аммо муаммо ҳал бўлмади, уларни ҳатток қабул ҳам қилишмаган. Ушбу фуқароларга шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи оддий ҳужжатлар керак эди”, - дейди ушбу иш билан яқиндан шуғулланган исмини сир қолишини истаган мутахассислардан бири.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.