BBC navigation

Агранинг Оромбоғидан Андижоннинг Боғи Бобуригача

Сўнгги янгиланиш 14 феврал 2013 - 17:35 GMT

Тарихда “шоҳ ва шоир” деб ном қолдирган буюк Бобур туғилиб вояга етган Андижонда бугун катта тантаналар бўлиб ўтди.

Эрта тонгдан шаҳар жамоатчилиги, шеърият мухлислари, Тошкент, Фарғона, Намангандан келган ёзувчию олимлар Бобур номидаги майдонга, унинг салобатли ҳайкали пойига оқиб кела бошладилар. Уларнинг қўлларида баҳор элчилари чучмома ва атиргул тўла саватлар. Анжуман қатнашчилари Бобур ва унинг жаҳон тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида фахр хамда ғурур билан гапирдилар. Шоир битган ғазаллар куйланди. Шундан сўнг Андижон-Ўш йўли ёқасидаги Боғи Бобурда Бобур халқаро жамоат фонди ташаббускорлигидаги анъанавий илмий анжуман бошланди.

Ўзбекистонда Бобур сиймосига Алишер Навоий даҳоси қаторида қаралади. Унинг Бобурийлар Империясига асос солган шоҳ сифатидаги тарихий хизматига нисбатан туркий тилда такрорланмас гўзал ашъорлар битиб қолдирган девонлари, ижодий меросига юксакроқ баҳо берадилар.

Энциклопедик нашрлар, илмий тадқиқотларда у ҳақда шундай ёзилади: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йил 14 февралда Андижонда туғилган. Амир Темурнинг бешинчи авлоди. Фарғона ҳукмдори Умаршайхнинг фарзанди. Бобур 12 ёшида, 1494 йилда тахтга чиқди. 1503-1504 йилларда Афғонистонни эгаллайди. 1519-1525 йилларда Ҳиндистонга 5 марта юриш қилади ҳамда уч асрдан ортиқ давом этган Бобурийлар салтанатига асос солади. Бобур 1530 йилда Аграда вафот этган.”

Агра. Илк бор ташкил этилганига ҳали бир аср ҳам бўлмаган бу шаҳар Бобур Иброҳим Лодийни Панапатий жангида мағлуб этиб (1526 й.) Деҳлига кириб келган дастлабки кунларданоқ ўзига тортган. Туркий ҳукмдор Ҳиндистоннинг иккинчи “муқаддас дарё”си – Жамна бўйидаги Аграни янги пойтахт деб эълон қилди ва ўзи умрининг охиригача 4 йил (1526-1530 йиллар) шу ерда яшади.

Мен Агранинг ҳамон сақланиб қолган қадимий тош кўчаларини кезиб, XVI-XIX асрларда Бобурийлар сулоласи ҳукмдорлари бунёд этган тарихий обидалар билан танишиб, туб агралик ҳинд ҳамда мусулмонлар суҳбатида бўлиб нечун Бобур айнан шу ерни салтанат қароргоҳи этиб танлади экан, деган саволга жавоб изладим.

бу ерга босинг Бобур асос солган буюк салтанат марказига сафар - фоторепортаж

Аграни Жамнасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу дарёнинг сувини ҳиндлар мўжизакор, кароматли деб биладилар ва унда покланиш энг улуғ ибодатларидан биридир.

Аграни қадимий бозорлари, бир арава аранггина сиғадиган тор кўчалари, ёқимли юмшоқ оҳангда азон чақириладиган мўъжаз масжидларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жойларнинг одамлари хушфеъл, юзида доим табассум, урдудаги нутқида бизга ҳамоҳанг сўзларни тез-тез эшитасиз. Тошга жон ато қилиб шарқона нақшлар битаётган усталарнинг беғубор нигоҳларидан уларнинг ота-боболари қайси юрт фарзанди экан-а, дея ўйга толасиз.

Аграни Тож Маҳалсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дарё бўйидаги оқ мармардан қурилган етти мўъжизанинг бири нафақат Шоҳжаҳоннинг Мумтозмаҳалга бўлган чексиз севгиси рамзи, балки инсоний соф туйғунинг абадийлиги ҳамда куч-қудратига қўйилган ҳайкалдир.

Аграни Оромбоғисиз тасаввур қилолмайсиз. Жамнанинг нариги қирғоқ бўйларидаги бир маҳал Бобурнинг энг суюкли оромгоҳи бўлган, она Ватанидан келтирилган ўрик гулларига бурканган боғ тўрида ўғли Ҳумоюн шоҳлик тожини кийгунга қадар унинг васиятига кўра вафот этгани олти ой ошкор этилмай жасади тупроққа берилган камтаргина қабр туради.

Ким кўрибтур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиқ?

Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиқ?

Гар замонни нафи қилсам, айб қилма эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиқ!

Дилраболардин ёмонлиқ келди махзун кўнглума,

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиқ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиқ асру

Эмди кўз тутмоқ не, яъни хар ёмондин яхшилиқ?

Бори элга яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким дегайлар дахр аро қолди фалондин яхшилиқ!

Яхшилиқ ахли жаҳонда истама Бобур киби

Ким кўрибдур, эй кўнгил, ахли жаҳондин яхшилиқ!

Адабиётшунос олимлар тахминимни айб этмасинлару, менимча ушбу ғазални Бобур айнан умрининг охирги дамларида ва айнан Оромбоғдаги ўша бир туп ўрик гуллари тўкилган шийпонда ёзган бўлса ажаб эмас. Ўшанда замонлар оша киндик қони тўкилган Ватанида унинг номи шоҳликдан кам бўлмаган буюклик мақомида улуғланишини орзу ҳам қилолмаган бўлса керак. Оромбоғдаги жасад қолдиқлари ўғли Ҳумоюн томонидан Кобулдаги Боғи Бобур мақбарасига қайта дафн этилган бўлсада, негадир Оромбоғдаги бўм-бўш қолган қабр қаршисида Қуръон тиловат қилгим келди. Чунки ватандошим иси сингиган бу тупроқ мен учун ҳам муқаддасдир. Шундан шоир юртдошлари Оромбоғдаги якка қабр ва Кобулдаги мақбарадан бир сиқимдан тупроқ олиб Андижонда Бобурнинг рамзий қабрини тикладилар. Бугун, унинг туғилганига 530 йил тўлган кунда бу зиёратгоҳга келувчиларнинг охири кўринмайди. Ўзга забон халқ орасида яшаб, ўзга юртга бош бўлсада туркий тил шеъриятини юксакликка кўтара олган шоир сиймосига эҳтиром эди бу.

Тўғри, Бобур ижоди ўнлаб девонларда, ўн минглаб сатрларда эрмасада, у битган ғазал, рубоий, туюқ, қитъа, фард, маснавийлар ошиқона, таълимий, тасаввуфий бўлиб, қалб изҳори тарзида ёзилгани билан машҳурдир.

Шубҳасиз, “Бобурнома” унинг шоҳ асари. 1494-1529 йиллар воқеаларини ичига олган энциклопедик мазмундаги насрий рисола дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатида қайта-қайта нашр қилинаётгани унинг тарихий аҳамияти, юксак бадиий савияси билан баҳоланади. 1586 йилда форс, 1705 йилда голланд, 1826 йилда инглиз, 1871 йилда француз, XIX-XX асрларда турк, рус, немис каби тилларга таржима қилинган,-дейди олимлар Боғи Бобурдаги илмий анжуманда сўзга чиқиб.- Бобур янги алифбо яратган ва уни “Ҳатти Бобурий” деб атаганлар. Шоир адабиёт, иқтисод илмига ҳам ҳисса қўшган. Замонасининг солиқ тизимини “Мубаййинул-закот” асарида таҳлил қилган. “Аруз рисоласи”да эса туркий арузнинг ўзига хослиги баён этилади.

Бобурнинг “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” каби асарлар яратгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Биз мана йигирма йилдирки, бу асарларни ўнлаб мамлакатлар кутубхоналари, шахсий китоб хазинадорлари орасидан қидирмоқдамиз,- дейди Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов.- Улар ҳалигача топилмади.

Маълумот учун айтиш керакки, мазкур фонд ташаббуси, ташкилотчилиги ва ҳомийлигида дунёнинг турли мамлакатларида эълон қилинган Бобур ва Бобурийлар сулоласи ҳақидаги 20 дан ортиқ бадиий, илмий асарлар ўзбек тилига ўгирилиб юз мингга яқин нусхада чоп этилди. “Бобурнома”нинг тўлдирилган, шарҳланган миниатюралар билан безатилган мукаммал нашри икки бор босмадан чиқарилди. Олим Фатийиддин Исоқов “Бобурнома”га изоҳли луғат” яратди. Шу кунларда Хондамирнинг Амир Темур ва Бобур ҳақидаги “Хабибу сияр” (“Буюклик хислати”), Бобурнинг қизи Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”, академик Азиз Қаюмов ва профессор Абдулла Аъзам муаллифлигидаги “Бобур энциклопедияси” асарлари тайёрланиб “Шарқ” нашриёт матбаа уйига чоп этиш учун топширилди.

Бобур халқаро жамоат фонди Андижонда туриб фаолият юритар эди. Ўтган йили фонд қошида Тошкент шаҳрида “Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш маркази” ташкил этилди.

Оромбоғдаги пойига фироқ гуллари экилган якка қабр ва Боғи Бобур тепалигидаги рамзий Мақбара остонасида тилим ва дилимда такрор бўлган сатрлар шу эди:

Хар кимки вафо қилса вафо топқусидир!

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.