BBC navigation

АҚШ ва Британия дипломатлари жиззахлик ҳуқуқ фаоллари билан учрашган

Сўнгги янгиланиш 15 феврал 2013 - 11:38 GMT

Ҳуқуқбонлар фаолиятлари туфайли милиция ходимлари томонидан доимий назорат қилинишини айтишади.

Ўзбекистон расмийлари ҳоҳишига қарши Британия элчилиги сиёсий маслаҳатчиси Лотти Уоллер ва АҚШ элчихонаси сиёсий-иқтисодий бўлим ходими Эрик Коллинс Жиззахлик ҳуқуқбон Ўктам Пардаевнинг уйига боришган.

У ерда элчихона вакиллари хонадон эгасининг сафдошлари бўлган Саида Қурбонова ва Нурисо Холбоевалар билан ҳам кўришишган.

Меҳмонлар шунингдек, ўтган йили Ўктам Пардаев ва Саида Қурбоновалар устидан бўлиб ўтган маҳкама, ҳамда уларнинг 15 кунга қамалиш тафсилотлари билан қизиқишган.

Ҳуқуқ фаоллари бўлиб ўтган воқеаларни хориж дипломатларига ҳикоя қилиб беришган.

Ўктам Пардаев пахта йиғим-терими мавсуми пайти қўлга олинган. Пардаев ва унинг ҳамкасблари бу ҳолни уни пахта мавсумидаги қонунбузарликларни кузатишига тўсқинлик қилиш учун қилинганини айтишган.

Саида Қурбонова Ўзбекистон Конституциясининг 20 йиллиги арафасида ҳибсга олинган. Ҳуқуқ фаоли ўшанда Тошкентда "Бирдамлик"ҳаракатининг Конституцияга бағишланган акциясида қатнашишни режалаштирган бўлган.

Элчихона вакиллари Пардаевнинг уйига келаётгани Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимларига маълум бўлгани боис, унинг уйи доимий назорат остига олиб турилгани кузатилган.

Шунингдек номаълум одамлар бир неча марта Пардаев билан учрашишни сўраб унга қўнғироқ қилганларини ҳуқуқ фаоли айтади.

Америка ва британиялик дипломатларнинг Жиззахга ташрифлари ва ҳуқуқ фаоллари билан учрашувлари кутилмаган бўлган.

Чунки Ўзбекистондаги хорижий давлат элчихона ходимлари Ташқи Ишлар вазирлигини огоҳлантирмай Тошкентдан ташқарига чиқишлари унчалик мақсадга мувофиқ ҳисобланмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.