BBC navigation

Ўзбекистонда фаровон ва обод турмуш ваъда қилинмоқда

Сўнгги янгиланиш 21 феврал 2013 - 15:17 GMT

Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов таклифи билан "Обод турмуш йили" деб аталган 2013 йилнинг давлат лойиҳаси қабул қилинган.

Ўзбекистон ахборот воситаларига кўра, ушбу лойиҳага миллиардлаб сўм маблағ ажратилган.

Маблағлар давлат бюджети, бюджетдан ташқари фондлар, хайрия ташкилотлари, тижорат банклари чиқарган кредитлар орқали қопланиши айтилади.

Лойиҳа доирасида маҳаллалар, йўллар, уй-жойлар қуриш, электр-газ ва сув линиялари ўтказиш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, қишлоқ ва шаҳар аҳолисининг бандлиги ҳамда даромадини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни ривожлантириш каби яхши ниятларни амалга ошириш кўзда тутилади.

" "Обод турмуш йили" лойиҳаси 8 қисм ва 86 банддан иборат бўлиб, унда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, диний ва сиёсий соҳалари равнақи учун мўлжалланган йўналишлар аниқланиб, аҳолининг фаровонлигини ошириш, ижтимоий барқарорлик, ҳар бир оила ва жамиятнинг тинчлиги, равнақини белгилаб берадиган аниқ ҳаракатлар тузиб чиқилди", дейилади расмий хабарда.

Рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, халқ манфаати учун дея ажратилган маблағ оз эмасдек тасаввур уйғотади.

Бироқ кузатувчиларга кўра, бу лойиҳа ҳам олдинги йилларда эълон қилинган аксарият қисми қоғозда бажариладиган давлат лойиҳаларидан қолишмайди.

Ажратиладиган маблағлар оммага маълум қилинган мақсадларда ишлатилиши даргумонлиги боис, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар олдига яна янгилари қўшилиб, йилдан-йилга мамлакат иқтисодиётини оғирлаштирмоқда.

Ҳисоботлар мамлакатдаги ишсизлар сони ошиб бораётганидан хабар беради.

Регнум агентлиги ёзишича, Ўзбекистонда ишга лаёқатли аҳолининг 4,8 фоизи ишсиздир.

Ўзбекистондаги расмий маълумотларга кўра эса, ишсизлик даражаси ярим фоиздан камроқ ҳисобланади.

Кузатувчиларнинг маълумотларига қаралса, четга чиқиб мардикорлик қилаётганларнинг сони 5-6 миллионни ташкил қилади.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.