BBC navigation

Россияда яна бир ўзбек муҳожири ўлдириб кетилди

Сўнгги янгиланиш 22 феврал 2013 - 11:32 GMT

Меҳнат муҳожирлари Россияда аксарият ҳолларда ўз муаммолари билан ёлғиз, ҳимоясиз қолишмоқда.

Москванинг Балашиха шаҳар Абрамцеводаги бозор дўконларидан бирида 33 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган.

Марҳум бўйнида пичоқ излари бўлган, деб хабар беради Россия Суриштирув қўмитаси матбуот хизмати.

Қотилликда гумонланиб 43 ёшли Вьетнам фуқароси қўлга олиниб, "Қотиллик" моддаси бўйича жиноий иш очилган.

Суриштирув ходимларига кўра, икки ўртада жанжал келиб чиқиб қотиллик содир этилган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Камчаткада 50 ёшли яна бир меҳнат муҳожири ойлик иш ҳақини талаб қилгани учун иш берувчи томонидан калтаклангани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик "Восточная река" қурилиш ташкилотида ишлаб келган.

Ўтган йилнинг ноябр ойидан бошлаб меҳнат муҳожири ўзи ва шерикларининг иш ҳаққини 33 ёшли директор ёрдамчисидан талаб қилган.

Бироқ қурилиш эгаси ўз танишлари билан муҳожирни омборга олиб кириб роса дўппослашган, натижада унинг қовурғаси синган. Бу ҳам етмагандай зўравонлар ўзбек муҳожирининг қўл ва оёғини боғлаб, оғзини скочлаб кетишади.

Ўласи қилиб калтакланган меҳнат муҳожири юртдошлари томонидан 9 соат ўтиб топилган.

Бу иш юзасидан икки камчаткалик фуқаро ушланиб, уларга инсонни ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш ва гуруҳ бўлиб тан жароҳати етказиш айбловлари қўйилган.

Уларнинг айблари маҳкамада исботланса, Россия қонунларига биноан ҳар бирига 5 йилдан қамоқ жазоси берилиши керак.

Ўзбекистондан миллионлаб инсонлар мамлакатдаги ишсизлик туфайли Россия ва бошқа хориж давлатларига чиқиб ишлашга мажбур.

Бироқ Ўзбек ҳукуматининг ўз фуқаролари ҳаётига бефарқлиги, содир этилган қотилликлар сабаби суриштирилмаслиги меҳнат муҳожирларини ўз муаммолари билан ёлғиз қолдиради.

Содир этаётган жиноятининг жавобсизлиги Россиядаги миллатчи тўдалар ёки ноқонуний меҳнат муҳожирлари ортидан даромад оладиганларга қўл келмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.