BBC navigation

Москвада меҳнат муҳожирлари ваҳшийларча ўлдирилган

Сўнгги янгиланиш 25 феврал 2013 - 15:06 GMT

Миллатчилар муҳожирларни оддий эрмак сифатида ўлдириб кетганларини айтишган.

Россия Жиноий қидирув ишлари ходимлари Москвада 24 ёшли ўзбек муҳожирини ўлдирганликда гумон билан икки москвалик ўсмирни қўлга олган.

Москвада ундан ташқари яна бир нечта хорижлик фуқаролар ўлдириб кетилгани аниқланган.

Бир қирғиз муҳожирининг қулоқлари кесиб олинган.

Номаълум кишилар қурбонларига жуда кўп бор пичоқ уришган ва қулоқларини кесиб кетишган. Жиноий қидирув ходимлари содир этилган барча қотилликлар бир-бирига ўхшашлигига эътибор қаратишган.

Бундан олдин ҳам Москванинг Мир туманида 19 ёшли ўзбек фуқаросининг ўлиги топилган. Жасадда 40-45 маротаба пичоқ урилгани ва қулоғи кесиб кетилгани маълум бўлган эди.
Жиноятчилар африкалик муҳожирнинг ҳам ўлигида шундай аниқ белгиларни қолдиришади.

Суриштирув-қидирув хизмати ходимларининг айтишича, қотилликлар ўғирлик, талончилик учун эмас, милллатчилик ва безорилик мақсадида амалга оширилган. Уларнинг билдиришича, муҳожирлар "ови"га чиққанлар буни ҳафтанинг пайшанба куни амалга оширганлар ва марҳумларнинг қулоқларини албатта кесиб олиб кетганлар.

Полиция қотилликлар изидан бориб Москванинг жанубий-шарқий туманларида 6-7 кишидан иборат гуруҳлар тузган 20 дан ортиқ ўсмирларни тутишган.

Улар асосан 10 синф ўқувчилари ва 18 ёшга тўлган москвалик ишсиз ёшлар бўлишгани хабар қилинади. Ўсмирлар бир-бирларини лақаби билан атаган.

Жиноятчиларнинг тан олишларича, муҳожирлар эрмак сифатида ўлдирилган. Ўз маҳаллаларида юрган муҳожирлар уларга ёқмаганини айтишган. Олдиларидан чиқиб қолган муҳожирларга кўп бора пичоқ санчгач, қочишган. Миллатчилар қурбонларининг тирик ёки ўлгани билан қизиқишмаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хабар беришича, қотилликлар фақат миллатчилар томонидан эмас, меҳнат муҳожирлари томонидан ҳам содир этилади.

Муҳожирлар содир этадиган жиноятлар қаторига ўғирлик ва жинсий зўрлаш кўплиги таъкидланади.

Ноқонуний муҳожирлар

Россия ахборот воситалари хабар беришича, айни пайтда Москвада Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари ушланган.

Свиблово тумани полиция ходимлари Серебряков кўчасидаги кийим тикиш цехида 10 дан ортиқ ноқонуний муҳожирлар ҳам ишлаб, ҳам истиқомат қилишларини аниқлаган.

Ўзбек ва тожик фуқароларига иш берган тверлик кишига "ноқонуний миграция"ни ташкил қилганлик айби билан жиноий иш очилган.

Полициянинг билдиришича, бир меҳнат муҳожири Россияга ноодатий йўл билан кириб келган. Иссиқкўлдаги воситачилар уни Қозоғистондан чанада Россияга ўтказиб қўйишган.

Россиянинг Қозоғистон билан чегарасида 70 дан ортиқ киши чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганида ушлангани айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.