BBC navigation

Ўзбекистон: маданият вазири нима учун ишдан олинди?

Сўнгги янгиланиш 27 феврал 2013 - 13:50 GMT

Турсунали Қўзиевнинг нима учун лавозимдан четлатилгани маълум эмас

Ўзбекистонда янги маданият ва спорт ишлари вазири тайинланган.

Минҳожиддин Ҳожиматов таниқли рассом Турсунали Қўзиевнинг ўрнини эгаллайди.

Жаноб Қўзиев вазир лавозимида бир йилдан кўпроқ ўтирган.

Унинг нима учун лавозимдан четлатилгани маълум эмас.

Қўзиевнинг ўтмишдоши Анвар Жабборов ўтган йили Тошкентда ваҳшийларча ўлдириб кетилганди.

Тошкентдаги манбаълар маданият вазирлиги тизимидаги кадрлар ўзгаришининг шошилинч суратда амалга оширилганига эътибор қаратишмоқда.

Хўш, бу ўзгаришлар ортида қандай сабаблар турган бўлиши мумкин?

Би-би-си тошкентлик журналист, "Узметроном" нашри муҳаррири Сергей Ежков билан суҳбатлашган.

Сергей Ежков: Маданият вазири лавозимига тайинланган одам бизда куни битган одам ҳисобланади. Охирги йилларда бир неча маданият вазирлари келиб-кетди. Уларнинг биронтаси ҳам лавозимда узоқ қолгани йўқ. Қўзиевдан нима учун норози бўлишгани ҳақида бир нарса айтиш қийин. Чунки ҳар бир вазир лавозимда ўзича янги нарсаларни киритишга ҳаракат қилади. Аммо бу қанчалик самарали ва давлатнинг сиёсий раҳбарияти қўяётган вазифага қанчалик мос келади, бу ҳақда хулоса чиқариш мушкул.

Би-би-си: Айрим хабарларга кўра, Бош Вазир Шавкат Мирзиёев Турсунали Қўзиевни мамлакатдаги маданият ва спорт соҳасини "бутунлай барбод қилиш"да айблаган. Бу айблов сизнинг-ча, қанчалик асосли? Ўзи маданият ва спортнинг аҳволи қандай Ўзбекистонда?

Сергей Ежков: Менимча, бу айблов асоссиз. Чунки битта вазир бир ярим йилда ўн йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилолмайди. Қолаверса, умуман, бир халқнинг минг йиллар давомида қарор топган маданиятини барбод қилиш мумкин эмас. Ҳамма вазирнинг, ҳар бир раҳбарнинг ҳам камчилиги бўлади. Қўйингки, маданият вазирини тайёрлаб чиқарадиган махсус ўқув юрти ёки идора йўқ. Қўзиев яхши рассом бўлиши мумкин, аммо бу яхши амалдор бўлади, дегани эмас. Маданият ва спортдаги бугунга авҳолга келсак, унда ҳеч нарса ўзгараётгани йўқ. Ҳаммаси аввал қандай бўлган бўлса, шундайлигича турибди.

Би-би-си: Иккинчи томондан, Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволга қараладиган бўлса, ҳамма вазирни ўз соҳасини барбод қилганликда айблайвериш мумкин. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги аянчли аҳвол учун ҳукумат раҳбари сифатида Бош вазир Мирзиёевнинг ўзи жавоб бериши керак эмасми?

Сергей Ежков: Биласизми, биринчидан мен Шавкат Миромонович Турсунали Қўзиевни маданият соҳасини барбод қилганликда айблаган, деган хабарга ишонмайман. Қандайдир йўналишларда, қайсидир вазифаларни бажаришда камчиликларга йўл қўйилгани ҳақида гапирган бўлиши мумкин. У ёки бу вазирни айблашга келсак, ҳа, ҳаммани айблайвериш мумкин. Аммо бу қабилда айблаш асосли ва адолатли бўлади, деб ўйламайман.

Би-би-си: Ўзбекистонда маданият ва спортнинг асосий куратори Гулнора Каримова экани ҳаммага маълум. У ўзини маданият ва спортнинг ҳомийси сифатида тақдим этиб келади ва барча йирик тадбирлар унинг "Фонд Форум"и байроғи остида ўтади. Ҳукумат мулозимининг қарашлари "Фонд Форум" ёки Гулнора Каримованинг қарашларига тўғри келмай қолган бўлиши ё-да давлат идораси билан ушбу қудратли нодавлат ташкилоти ўртасида манфаатлар тўқнашуви юз берган бўлиши мумкинми?

Сергей Ежков: Йўқ. Менга ҳамма нарсага Гулнора Каримовани аралаштиравериш ёқмайди. Гўёки "Coca-Cola" ширкатини ёпишда-да, дарров ҳамманинг ақлига Гулнора Каримова келди. Аслида "Coca-Cola" ёпилгани йўқ. Шунга ўхшаш. Менимча, "Фонд Форум"нинг ҳам, маданият вазирининг ҳам мақсадлари битта. Бу- миллий маданият,анъаналар ва спортни ривожлантириш. На ҳукумат амалдори ва на нодавлат ташкилоти раҳбари? ҳеч ким ўз мамлакатига ёмонлик тиламайди. Мақсадлар ва вазифаларнинг ҳаммаси эзгу. Фақат бу мақсадга эришиш йўллари турлича бўлиши мумкин. Аммо мен икки ўртада қарама-қаршилик бўлишини истисно қиламан.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.