BBC navigation

АҚШ Ўзбекистонга ёрдамини қайта бошлаши мумкин

Сўнгги янгиланиш 28 феврал 2013 - 13:31 GMT

Роберт Блейкка кўра, АҚШ Ўзбекистон билан "терроризмга қарши курашда ҳамкорлик" дастурини қайта бошлаш масаласида музокара олиб бормоқда

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига наркотрафикка қарши кураш учун миллионлаб доллар ёрдам берган.

Бу ҳақда АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк маълум қилган.

Конгрессга тақдим этган ҳисоботида жаноб Блейк Қўшма Штатлар Ўзбекистонга Андижон воқеаларидан сўнг тўхтатиб қўйилган аксилтеррор ёрдамини қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқаётганини айтган.

АҚШ Давлат Котиби ёрдамчисининг баёноти Қўшма Штатлар Конгресси тагқўмитасининг чоршанба куни ўтган қўшма мажлисида янграган.

"Авросиёга исломий жангарилик таҳдиди"га бағишланган тингловда Давлат Департаментининг Марказий Осиё бўйича масъул мулозими минтақа давлатларига аксилтеррор ҳамкорлиги ва Афғонистондаги амалиётлар доирасида кўрсатилаётган ёрдам ҳақида ҳисобот берган.

Жаноб Блейкка кўра, ўтган йили Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги собиқ Cовет давлатларига хавфсизлик борасида кўрсатган ёрдами 215 миллион долларни ташкил этган.

Бу 2011 йилга нисбатан 60 миллион долларга кўп, демакдир.

Унинг айтишича, Қўшма Штатлар "Терроризмга қарши курашда ҳамкорлик" дастури доирасида минтақанинг тўрт давлати билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Бешинчи давлат-Ўзбекистон билан эса, жаноб Блейкнинг айтишича, ҳозирда айни дастурни қайта бошлаш юзасидан музокаралар кечмоқда.

Вашингтон Ўзбекистонга аксилтеррор ёрдамини 2005 йил майидаги Андижон воқеалари ортидан тўхтатиб қўйган эди.

Жаноб Блейкнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Амариканинг терроризм борасидаги кўпгина хавотирларига қўшилса-да, аммо уларни бартараф этишда фуқароларнинг фундаментал ҳақлари ва қонун устуворлигига мос келмайдиган усуллардан фойдаланади.

АҚШ мулозими экстремизм ортида турган сабаблар кўпинча диний эмас, балки сиёсий деб ишонишлари, фуқароларни сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ва коррупциянинг илдиз отиши ҳам терроризмга ҳисса қўшишини яхши билишларини айтган.

Ўтган йили АҚШ Конгресси инсон ҳуқуқлари бузилишлари сабаб Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга қўйилган тақиқни олиб ташлаганди.

Жаноб Блейкнинг айтишича, Ўзбекистон ўзининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун кўпроқ ҳарбий ёрдамга эҳтиёжи борлигини билдирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.