BBC navigation

АҚШ Ўзбекистонга дрон учоқлари етказиб беради

Сўнгги янгиланиш 1 март 2013 - 10:20 GMT

Ўзбекистонга дронлар сотиладими ёки ёрдам тариқасида бериладими, ҳозирча маълум эмас

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга учувчисиз бошқариладиган дрон учоқлари етказиб беришни режаламоқда.

АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейкнинг журналистларга айтишича, Давлат Департаменти Конгрессни ушбу режадан огоҳ қилган.

"Ўзбекистон ҳужумкор қуролларни сўраётгани йўқ. Улар биздан ўзларини мудофаа қилишда ёрдам сўрашмоқда"

Роберт Блейк, АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси

Жаноб Блейк бу ҳақда 27 феврал куни Вашингтонда ўтган "Авросиёга исломий жангарилик таҳдиди" мавзуидаги тингловдан сўнг гапирган.

Унинг сўзларига кўра, расмий Тошкент Қўшма Штатлардан йирик қурол-яроғ тизимларини сўраётгани йўқ.

"Ўзбекистон йирик қурол-яроғ тизимлари, ҳар ҳолда ҳужумкор қуролларни сўраётгани йўқ. Улар биздан ўзларини мудофаа қилишда ёрдам сўрашмоқда" ,-деб айтган жаноб Блейк.

АҚШ Давлат Департаменти дрон учоқлари Ўзбекистонга қандай шартларда етказиб берилиши билан боғлиқ тафсилотларни ошкор этмаган.

Учоқлар Ўзбекистонга сотиладими ёки ҳарбий ёрдам доирасида бериладими, ҳозирча маълум эмас.

Ўтган йили АҚШ Конгресси Ўзбекистонга Андижон воқеаларидан сўнг қурол-яроғ сотишга қўйилган чекловни олиб ташлаган.

Конгрессмен Дэйна Рорабахерга кўра, Президент Каримовнинг инсон ҳуқуқларини бузишига кўз юмиш мумкин

АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчисига кўра, ҳозирда Вашингтон Ўзбекистонга "Терроризмга қарши курашда ҳамкорлик" доирасида кўрсатиладиган ёрдамни ҳам қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари АҚШнинг Ўзбекистонга ҳарбий ёрдами ва қурол-яроғ сотиш режаларидан хавотир изҳор қилишган.

Уларга кўра, Президент Каримовнинг репрессив тузуми бу қуролларни сиёсий мухолифлари ва ўз фуқароларига қарши ишлатиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Каримов тузумини исломий жангарилик хавфини бўрттириб кўрсатишда айблайдилар.

Иккинчи Саудиями?

Айни пайтда америкалик айрим конгрессменлар Ўзбекистоннинг диний экстремизм ва терроризм борасидаги хавотирларини қўллаб-қувватлашган.

Жумладан, яқинда Тошкентга сафар қилган Конгресс аъзоси Дэйна Рорабахерга кўра, исломчилик таҳдиди ўзбек ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига қўйган чекловларини оқлайди.

"Ўзбекистон ҳукумати диний ҳақ ва эркинликларни чеклагани учун танқид қилинади, аммо улар радикал исломий гуруҳларнинг ҳокимиятга келишини жиловлашмоқчи",- деб айтган АҚШ Конгрессининг Оврўпо ва Авросиё бўйича қуйи қўмитаси раиси.

Унинг сўзларига кўра, исломий гуруҳлар минтақада шариат қонунларини ўрнатишни истайдилар.

Конгрессменнинг айтишича, Тошкентдаги музокаралари чоғида Президент Каримов унга АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражада кенгайтиришни исташини айтган.

"Улар советлардан қолган бутун ҳарбий техникани америка жиҳозлари билан алмаштириш ниятида эканликларини айтишди", - деган конгрессмен.

Жаноб Рорабахер Ўзбекистон билан худди Саудия Арабистони каби муомала қилишни тавсия этган.

Қўшма Штатлар Саудияга инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволига қарамасдан қурол-яроғ сотиб келади.

Аммо айни пайтда АҚШ Ўзбекистонга исломий жангарилар томонидан хавф муқаррар, деб ишонмайди.

"Биз Марказий Осиё давлатларига исломий жангарилар томонидан таҳдид муқаррар, деб ҳисобламаймиз. Аммо шу билан бирга, ҳозирда исломчи жангарилар томонидан келаётган чекланган таҳдид хотиржам бўлиш ё-да чекинишга асос бўлолмайди", - деб айтган АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.